Кимсасиз ўрмонда ҳайбатли бир арслон яшар эди. Ўрмондаги барча ҳайвонлар ундан безор бўлибди. Бундай ҳаёт кечиришдан қутулиш учун чора излашибди. Ўйлаб ўйлаб, арслонга элчи жўнатишибди. Элчи:
— Эй ўрмонлар қироли арслон… Ҳар кун орамиздан биримизни тутиб емоқтасан. Бунга норозилигимиз йўқ; шу сабаб овора бўлмасдан ўз тахтингда ўтир, биз сенга ҳар куни орамиздан бирини олиб келамиз. Сен эса уни маза қилиб ейсан. Шунда ҳаммамиз умримизни ҳузурда ўтказамиз…, дебди.
Бу таклиф арслонга ёқиб тушибди ва қабул қилибди.
Энди ҳар тонг бир ҳайвон унга таслим бўлар экан. Кунларнинг бирида навбат қуёнга келибди. Ҳайвонлар:
— Эй воҳ энди не қиламиз, қисматимиз шу экан. Барчамизнинг роҳатимиз учун биримиз ўлмоғимиз даркор. Қани, вақт ўтказмасдан йўлга туш. Арслоннинг.ғазабини қўзғатмайлик, дейишса ҳам, қуён йўлга тушмабди. Ҳайвонлар кўрқиб, унга ялина ёлвора зўрға йўлга туширишибди.
Қуён бемалол, вақт ўгказиб, шошилмай арслоннинг ёнига келибди. Очликдан кўзи тўрт бўлган арслон ўдағайлабди:
— Қаерларда қолиб кетдинг? Нега кечикдинг? Қуён бўлса ёлгондакам қўрқув билан терларини артибди ва бўйнини қуйи солиб дебди:
“Жаноби олийлари, мен сизга ҳурматсизлик қилганим учун кеч қолмадим, аксинча эрталаб вақгли йўлга чиқдим, аммо бир арслон йўлимни тўсди, унинг чангалидан қутулиш қанчалик қийин бўлганини тасаввур ҳам қила олмайсиз”.
Арслон ғазабланиб сўрабди:
“Ким бўлди у густоҳ? Бу ўрмонда биргина менинг ҳукмим ўтади. Ким экан у, тезроқ айт?”
Қуён мамнун ҳолда нариги арслонни мақтабди, бунинг эса баттар аччиғи келибди. . Арслон чидай олмабди:
“Олдимга туш, менга кўрсат у пасткашни!” дебди. Йўлга тушишибди. Қуён уни бир қудуқ тепасига олиб келибдИ: “Султоним, у мана шу қудуқ ичида. Унга қаранг, қандай даҳшатли”.
Арслон ҳаяжон билан қудуққа қарабди. Сувда аксини кўрибди. Қудуқ ичидаги аксига караб ўшқирибди, акси ҳам ўшқирибди. Қуён фурсатни бой бермай:
“Кўрдингизми, афандим? Сизни олишувга чақираяпти”, дебди. Ғазабланган арслон:
“Бир диёрда икки султон бўлмас, парчалаб ташлайман уни”, деб ўкирибди ва ўзини қудуққа ташлабди.
Ҳар нарсанинг охири бор. Қуён кўм кўк ўтлоқларда сакраб сакраб ҳайвонларга хуш хабарни етказибди.
Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”сидан