Бир кун пашша Яман ўлкасининг подшоҳи пайғамбар Сулаймоннинг ҳузурига келди ва унга арзини айтиб ёлворди:
— Эй инсу жинлар султони, эй бутун мавжудотларга, сувга, оловга, шамолга ҳукм эта оладиган Сулаймон… Сенинг адолатинг дунёга ёйилган. Қурт қумурсқа, қушлар у балиқлар сенинг адолатингга юкинадилар. Бизга ҳам инсоф ва марҳамат денгизингдан эҳсонлар бер, ҳақ ҳуқуқларимизни қўриқла. Жудаям аҳволимиз танг, наботъдан насибимиз бор, на бир гулзорларла роҳатлана оламиз… Сен заифларга, ночорларга ёрдам берасан. Бизни ҳам бу ғамдан қутқар, деб ёлворибди.
Ҳазрати Сулаймон бармоғи устига қўнган пашшага:
— Сўйла, кимдан шикоят қиларсан? Бизнинг замонимизда золим борми, сенга зулм қилсалар, сенинг ҳаққингни есалар? — деди.
Пашша бошини эгганча жавоб берди:
— Менинг шикоятим шамолдан. У бизга жуда зулм қилмоқда. Унинг дастидан ҳузур ҳаловатимиз йўқ… Қаерга бормайлик бизни сомондек учириб кетади, деди.
Ҳазрати Сулаймон:
— Эй гўзал овозли пашша, Тангри менга: «Даъвогарлар ҳозир бўлмагунча ҳеч кимсанинг шикоятини тинглама», дея амр этди. икки давогар ҳам ҳозир бўлмагунча ким ҳақ, ким ноҳақ эканини қаердан биламан. Ҳозирча кет, шикоятингни қайтиб ол, кейин кел, — деди.
Шунда пашша:
— Сўзингиз тўғри, аммо у ҳам сизнинг ҳузурингизда. Буюринг, у ҳам келсин, — деди.
Бунга жавобан Ҳазрати Сулаймон шамолга мурожаат қилди:
— Эй шаҳар ели, пашша сенинг зулмингдан шикоят қилмоқда. Кел, шикоятчининг қаршисига ўтир ва унга жавоб бер! — деди.
Шамол бу амрга биноан елиб келди. Лекин энди пашшани жойидан топиб бўлармикин! Ҳазрати Сулаймон унинг ортидан:
— Эй пашша, қаерга? Кетма, жойингда тур, иккингизни ҳам тинглаб, сўнгра ҳукм чиқарайин, — деди.
Пашша ҳам қочар, ҳам жавоб берарди:
— Подшоҳим, менинг йўқлигим, унинг борлиги. У келгач, мен қандай қилиб бу ерда бўлайин. Менга чоҳ қазиган ўша шамолдир…
Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”сидан