Аҳли Лайли, яъни унинг қабиласи, қавм-қариндошлари Мажнуннинг келишига йўл бермадилар. Шу атрофда, саҳрода бир чўпон қўй боқиб ўтирган эди. Мажнун чўпоннинг қошига келиб, остига тўшаб ўтирган пўстагини бериб туришини сўраб, ялинди. Чўпон бу қўримсиз, жулдур пўстакни нима қиласан, деди. Мажнун айтди:
– Эй бағри кенг, яхши одам, шу пўстакни менга берсанг, мен уни ёпиниб, қўйларинг галасига қўшилиб, Лайлининг маҳалласига бораман, ўзини топмасам, бир муддатдўстимнинг бўйи, хуш ҳидидан баҳраманд бўламан.
Эй дариго, дардга мардона бўлайлик. Мардлар каби дардларга тўлайлик. Оқибат, Мажнун чўпоннинг эски пўстагини олиб, унга яшириниб, қўйларга қўшилиб, дўстининг маҳалласига йўл олди. Лайлининг қавмига яқинлашгач, Мажнун ўрнидан туриб, завқ-шавқ билан уни чақирди. Сўнг ҳаяжон зўридан ҳушини йўқотди, лекин ишқ шарбатини тотди.
Мажнуннинг ортидан қўйларини ҳайдаб келган чўпон унинг масту хароб, тупроққа ҳушсиз ётганини қўрди. Юзига сув сепиб, ҳушига келтирди. Ишқ оташида ёнаётган бу лабташна олдида бир бор ўтирди.
Эртасига Мажнун саҳронишин қавмлар — саҳройилар орасига қўшилди, бу қавм билан бир тан, бир жон бўлиб кетди. Саҳройидан бири Мажнунга деди:
– Эй сарфароз, олижаноб! Бу саҳрода жамоасиз, ялангоч қолибсан, дўстлик ҳаққи, сенга кийим-бош берайлик, майли десанг, ўтовимдан тез кийим келтирай.
Мажнун айтди:
— Дўстга ҳар қандай кийим лойиқ эмас, ҳеч бир либос шу пўстак каби азиз эмас. Шу қўй пўстаги мени ёмон кўздан ва қуёшнинг куйдиришидан асрайди. Бу пўст (пўстак) дўстимнинг ҳиди — бўйини олгани учун менга ўз пўстим (терим)дай кўнглимга яқин бўлиб қолди. Дил бу пўстдан дўст розини (сирини) топади, ўз ичида мағзини асрамаса, пўстнинг қадри бўлармиди?
Ишқда одам ўзлигидан кечиши, фақат дил сифатларидан ўзгани маҳв этиб (йўқотиб), хатолар хиралигини тарк этиши керак. Агар ишқда куйиб-ёнмасанг, жонбозлик кўргизмасанг, бу сарафроз оламга»қадам босмаганинг яхши.
Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”идан.