Лайлининг ишқи билан ёниб юрган Мажнунга бир хабар етказишади:
— Лайли саҳарда бу қишлоқтан анави қишлоққа кетяпти. Мажнун вақт йўқотмасдан ортидан тушса, унга этади, тезда ҳаракат қилсин…
Мажнун туясини ҳозирлаб йўлга тушди. Туянинг янги туғилган бир бўталоғи бор эди. Онасига етолмасдан орқада қолаётган эди. Туянинг фикри зикри ортда қолган бўталоғида эди. Мажнун нихталаб ҳайдаганда туя орқага қараб қараб қўярди. Мажнуннинг хаёли эса Лайлида. Мажнун ўзидан кечиб, хаёлга чўмганда туя изига қараб оларди; Мажнун ўзига келган вақтда олдинга юрарди. Шундай қилиб оқшомга қадар йўл юрилди. Мажнун бир орқасига қарадики, йўлга тушган жойидан ҳатто бир фарсаҳ ҳам узоқлашмабдилар. Шу пайт туяга бу сўзларни айтди:
— О туя иккимиз ҳам ошиқмиз. Мен Лайлига, сен бўталоққа. Ишқларимиз тескари бизнинг… Бир биримизни йўлдан қолдиряпмиз. Биз бу йўлда йўлдош бўлолмаймиз. Сен танга ошиқсан, мен жонга. Айрилишимиз керак…
Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”сидан