Маҳаллада бир одам қазо қилибди, жасади тобутга солиниб, мозорга олиб кетиларкан, тобутнинг орқасидан бир бола ҳам йиғлаб, ҳам бақириб:
— Отажоним, сизни қаерга олиб кетишяпти? Сизни тупроққа кўммоқчилар, оҳ отажоним, бу ер шундай қоронғу ва тор бир жойки, бу ерда на нур, на дераза, на шолча, на бир бурда нон бор… Ҳатто, овқат ҳидиям йўқ…
Боланинг бу ҳайқиришларини шу ерда турган Жуҳо (арабларнинг Насриддин Афандиси) эшитиб, отасига:
Отажон, қаранг, марҳумни бизнинг уйга олиб кетишяпти, деди.
Шунда отаси Жуҳога:
— Эй нодон, нега энди бизникига олиб боришади? дея сўради.
Жуҳо жавоб берди:
— Отажон эшитинг, бола нима деяпти? Марҳумни шундай биржойга олиб кетишяптики, у эрда на шолча, на нур, на таом ва на дераза… Ҳеч нарса йўқ. Ахир бу бизнинг уй бўлмасдан қаер?
Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”сидан