Ҳусну жамолда тенгсиз бир подшоҳ бор эди. Гўё юзида илоҳий руҳ акс этгандай эди. Тонг унинг юзидан бир шуъла, муқаддас хушбўйликлар эса унинг ҳузури боғидан эсган бир шабада. Оламнинг гўзаллиги, нафосати унинг асроридан бир саҳифа, зеболигу дилбарликда унинг дийдоридан бир оят каби эди. Бу гўзал шоҳнинг овозаси оламга тарқалди, барча унинг ҳуснига ошуфта бўлдилар, унинг юзини кўриш иштиёқида жонбозлик кўрсатиб, ғавғо кўтардилар. Унинг номини тилга олиш мумкин эмас эди, чунки номини тилга олиш билан дилда шўриш қўзғоларди.
Подшо юзига парда тутиб юрарди, чунки агар юзини очса одамлар унинг қуёшдай ҳуснига тоқат қилолмасдилар. Ҳеч ким журъат қилиб, подшога боқолмас, журъат этган кишининг бошини танасидан жудо килардилар. Унинг жамоли ҳақида ўйлаган, фикр юритган одамлар ҳам хароб бўларди, чунки унинг ишқи кирган кўнгилни тинчитиб бўлмас эди. Мабодо юзини кўрган киши бўлса, шу заҳоти жон берарди, тоқат қилолмасди.
Эркаклар ҳам, аёллар ҳам унга мафтун эдилар, унинг асрори – розини билиш шавқи барчанинг қалбини банд этган эди. Кўрмасликка сабрлари чидамас, аммо кўришга ҳам тоқат қилолмасдилар. Одамлар уни қўришга тобу токат килолмагандан кейин, факат номини эшитиш билан лаззат топадиган бўлдилар. Зеро, агар шоҳ ўз юзини очса, ҳеч ким унинг юзи шуъласига чидаб туролмас эди. Жаҳон халқлари унинг йўлида мажнундай овора бўлдилар, барчанинг ёдида-хаёлида ўша эди.
Подшо бу ҳолни кўриб, улкан бир кўзгу ясашни буюрди. Кўзгу тайёр бўлгач, шоҳ келиб унга қарар, юзининг шуъласи кўзгуда акс этиб, бу аксдан нур атрофга тарқаларди ва одамлар шу нурдан баҳраманд бўлиб, шоду хурсанд эдилар.
Эй инсон, сенинг Подшоҳинг ҳам Ҳилол – Ой қасридир, қаср эса қуёш нуридан равшандир. Ўз Подшоҳингни кўнглингда танигин, ал-ҳосил Аршни заррада кўргин! Бу бепоён олам саҳросида вужудга келган ҳар бир сурат, ҳар бир либос Гўзал Симурғнинг соясидир. Аммо соя Симурғдан айри эмас, сен буни тасаввур қилолмайсан ҳам. Соя билан Симурғ бир-бирига сирдош ва маҳрамдирлар, бир-бирини қўмсайдилар, излайдилар, қидирадилар, билсанг. Агар Симурғга етишсанг, парда ичида офтобни кўрасан, шунда соя билан Симурғ бирлашади, сен ўзингни ҳам Қуёш ўрнида кўрасан.
Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”идан.