“Энг гўзал ҳикоятлар-2” танловига
Аёлини йўқотган эр ҳикоя қилади:
“Оқшом уйга келганимда аёлим кечки дастурхонни ҳозирларди. Қўлидан тутиб унга гапим борлигини айтдим. Жим овқатлана бошлади, кўзларида қўрқув бор эди. Бир онда кичрайгандим гўё, оғзимни очолмасдим лекин фикрларимни айтишим керак эди. Ажрашмоқчилигимни айтдим. Асабийлашмади, гапимга жавоб қайтармади, фақат сабабини сўради. Жавоб беролмадим, бунга асабийлашди. Қўлидаги санчқи пичоқларни отиб юборди. Менга бақирди ва одам эмаслигимни айтди.
Ўша кеча бирор оғиз гаплашмадик. Хотиним тун бўйи йиғлади. Турмушимизга нима бўлишидан хавотирланарди, лекин уни қониқтирадиган гап айтолмасдим. Мен Жанага ошиқ бўлдим, хотинимни севмасдим энди. Бу виждон азоби билан бир битим тайёрладим. Уй, машина ва ширкатнинг 30%ини унга берадиган бўлдим. Шартномага бироз қараб турди ва йиртиб ташлади.
10 йил бирга яшаган хотиним менга бегона бўлганди. Унинг сарфлаган умрига, куч-қувватига ачинардим, лекин орқага қайтолмасдим, Жанани қаттиқ севардим. Кейин бақириб-бақириб йиғлай бошлади, буни кутмагандим. Унинг кўз ёшлари мени юмшашимга сабаб бўлди. Бир муддат эсимдан чиқардим ажрашишни, бу фикр миямга ўрнашиб қолганди, энди бу туйғуни қаттиқроқ ҳис этардим ва тўғри қарор эди.
Кейинги оқшом уйга кеч келдим ва хотинимни столда ёзиб ўтирганини кўрдим. Роса уйқум келганди ва кечки овқатни емасдан ухлашга ётдим. Жана билан ўтказган шунча вақтим мени чарчатганди. Орада бир уйғондим ва уни ҳали ҳам ёзаётганини кўрдим. Аммо бу менга аҳамиятсиз эди, бошимни ўгириб ухлашда давом этдим.
Тонгда менга шартлари ёзилган мактубни берди. Мендан ҳеч нарса истамаганди, фақат ажрашишимизни эълон қилиш учун бир ой муҳлат сўради ва бу вақт давомида яхши оила каби муносабатда бўлишимизни истади. Бунинг сабаби бир ойдан кейин ўғлимизнинг имтиҳонлари бошланиши ва бу пайтда унга бу юкни юкламаслик эди. Буни қабул қилиш мумкин. Яна бир нарса бор эди, тўй кечамиз уни эшикдан қандай кўтариб кирганимни эслатиш эди ва бир ой давомида ҳар тонг уни ётоқдан эшикгача кўтариб боришимни истади. Эсини ебди деб ўйладим, лекин охирги кунларимизни яхши ўтиши учун қабул қилдим. Кейин бу шартларни Жанага айтдим. Баланд овозда кулиб буни ғирт ахмоқлик эканини ва бу ажрашиши учун эканини тушуниб қабул қилди.
Хотиним билан ажрашиш мавзусини очганимдан бери жисмонан яқин бўлмадик. Шу боис биринчи кун уни олиб эшик томон кўтарганимда ғалати ҳисни сездим. Ўғлимиз орқамизда турарди ва олқишлай бошлади. Дадам онамни қучоғида кўтарди, деди. Бу уни жуда севинтирганди, сўзлари қалбимни вайрон қиларди. Ётоқдан уй эшигигача 10 метр кўтардим. Хотиним кўзларини юмди ва қулоғимга “ўғлимизга ажрашишимизни айтманг”, деб пичирлади. Мен ҳам бошимни эгиб, хўп, дедим ва ичимга бир маҳзунлик чўкди. Эшик олдида уни қолдирдим, хотиним автобус бекатига кетди ва уни ишга олиб борадиган автобусни кутди. Мен эса бир ўзим офисга кетдим.
2-кун бу ўйин бизга осон кечди. Хотиним бошини кўксимга қўйди ва унинг ифорини туйдим. Бирдан хотинимга анчадан бери қарамаганимни тушундим ва уни турмуш қурган пайтимиздаги каби ёш эмаслигини сездим. Юзига майда чизиқлар тушган, сочларига оқ оралаганди. Ўтган йиллар шунчаки ўтмаганди, шунда ўзимдан шунча вақт ичида унга нималар қилганимни сўрадим.
4-кун уни кўтарганимда бир ишонч туйғусини ҳис этдим. Бу, менга ҳаётининг 10 йилини ҳадя қилган аёл эди.
5-кун бу ишонч туйғуси янада юксалганди. Буни Жанага айтмадим. Кунлар ўтгани сайин уни кўтариш ҳам осонлашарди, балки бу тренажорда шуғулланганим сабаблидир. Бир тонг уни нима кийишини ўйлаб, қараб ўтирдим. Жаҳл қилиб, ҳар кунги кийимлари бироз катта келганини айтди. Бирдан уни қанчалик озганини, вазнини йўқотганини сездим. Демак уни ҳар тонг осон кўтаришимнинг сабаби бу экан. Юзимга биров мушт туширгандай бўлди. Бунчалик азоб ва ҳасратни қалбида олиб юрарди. Сезмаган ҳолда бошини силадим. Шу пайт ўғлимиз келди ва “дада, ойимни кўтаришингиз керак”, деди.
Отаси онасини хонадан эшиккача кўтариши ҳаётимизнинг бир бўлагига айланганди. Хотиним ўғлимизни ёнига чақирди ва маҳкам қучоқлади. Мен бошимни ўгирдим, охирги лаҳзада қароримдан воз кечишни истамасдим. Уни қучоғимга олдим ва ётоқ эшигигача кўтариб бордим. Қўлини чаккамга қўйганди мен уни маҳкам ушлаб олгандим. Худди турмуш қурган кунимиздаги каби. Энди хавотирлана бошлагандим, бунчалик озиб кетганига. Охирги кун уни кўтарганимда куч сарфламадим. Ўғлимиз мактабда эди ва хотинимга ҳаётимиздаги яқинлик камайганини айтдим. Офисга кетдим ва эшикни қулфламасдан машинадан тушдим, бунга вақт йўқ эди.
Ҳар лаҳза қароримни ўзгартиришидан қўрқардим ва зинадан юқори чиқдим, юқори чиққач Жана эшикни очди. Унга хотинимдан ажрашолмаслигимни айтдим. Ҳайратланиб қўлини пешонамга қўйди ва “сени иситманг борми?” деб сўради. “Афсусдаман Жана, лекин мен энди ажрашишни истамайман”, дедим. Турмушимиз бефайзлиги севги етишмаслигидан эмас, бир-биримизнинг аҳамиятимизни унутганимиздан эди. Энди эсимга тушди, унга уйланган куним эшикдан кўтариб кирганимда, умримнинг охиригача унга садоқатли бўлишга қасам ичгандим.
Жана вазиятни англагач, юзимга бир тарсаки тушириб, эшикни ёпиб йиғлай кетди. Дарҳол пастга югуриб, биринчи учраган гулчидан хотинимга бир даста гул олдим, ичига “сени ҳар тонг ҳаётимнинг охиригача кўтараман” деб ёзиб солиб қўйдим. Уйга қатганимда юзимни табассум қоплади, қўлимда гуллар билан ётоқхонага кирдим ва хотинимни ётоқда ўлик ҳолда топдим. Хотиним бир неча ойдан бери саратон билан курашаркан, мен Жанага бўлган қизиқишим боис буни сезмагандим. Кўп яшолмаслигини билгани учун ўғлимни менга қарши бўлиб қолишидан мени сақлашга уринганди. Ҳеч бўлмаса ўғлимнинг кўзида яхши турмуш ўртоқ сифатида қолишимни истаганди”.
Туркчадан Марям Осиё таржимаси