Энг улуғ фазилат

Қадим замонда бир мўътабар одамнинг уч ўғли бор эди. Бир куни уларни ўз ҳузурига чақириб олиб:
— Ўғилларим, сизларни синамоқчиман, бир ой саёҳат қилинг. Шу бир ойлик умрингизни халққа фойдали, яхши ишларга сарф этинг. Қайси бирингизнинг қилган яхшилигингиз энг улуғ фазилат касб этса бармоғимдаги мана шу жуда қимматбаҳо узукни унга бераман,— деди.
Ўғиллари ҳар тарафга тарқалиб, саёҳатга чиқиб кетдилар. Бир ой саёҳат қилиб юриб, яна оталарининг ҳузурига қайтиб келдилар. Ота катта ўғлидан сўради:
— Ўғлим, шу бир ой ичида қандай энг улуғ фазилатли яхшилик қилдинг?
— Отажон, бир куни танҳо ўзим бир боғ кўчасидан ўтиб кетаётсам, бир ерда жуда ҳам қимматли олмос тушиб ётган экан. Уни олиб дарҳол тегишли маъмурларга топширдим. Маъмурлар бошлиғи менга ташаккур айтиб, қўлимга мана шу тақдирномани ёзиб берди, олмоснинг эгасини топтириб унга топширди. Шу қилган ишим тўғрилигимга бир далил, шу ҳаракатим энг улуғ фазилат эмасми,- деб жавоб берди катта ўғли.
Отаси айтди:
— Жуда тўғри иш қилгансан, ўғлим, виждоний вазифангни адо этгансан. Лекин, у олмос сенинг хусусий мулкинг эмас-ку.
Кейин ўртанча ўғли сўзга киришди.
— Мен бир куни катта ариқ каноридан кетиб борардим. Шу чоқда бир ёш бола сувга тушиб кетиб, ҳалок бўлиш хавфи остида эканини кўриб қолдим. Дарҳол ўзимни сувга ташладим, кўп машаққат чекиб болани сувдан олиб чиқдим. Шу билан уни ўлимдан қутқазиб, ота-онасига эсон-омон топширдим. Ота-онаси мендан кўп миннатдор бўлиб, ҳақимга дуойи хайр қилдилар. Ҳаётим қўрқинч остида қолса ҳам ёш болани ўлимдан қутқазиш учун қилган шу ҳаракатим билан мукофотингизга лойиқ бўлсам керак, деб ўйлайман.
Отаси ўртанча ўғлининг қўлини ушлаб:
— Офарин, ўғлим. Сени табрик қиламан, фақат шу гўзал ишинг туфайли қалбинг завқ-шавқ билан тўлганини ҳис этгансан, шунинг ўзи мукофот эмасми?— деди.
Кейин кичик ўғли отасига таъзим қилиб айтди:
— Отажон, менга доимо душманлик назари билан боқиб, зарар етказиб юрган бир одам бор. Мен унга ҳеч бир ёмонлик қилмаган бўлсам ҳам, у пайимда юради, ҳатто мени ўлдириш учун фурсат кутади. Кеча у душманимнинг жуда паст бир жар ёқасида ухлаб ётганини кўрдим. Агар уйқусираб бир ёндан иккинчи ёнга ағдарилса ёки қаттиқроқ товуш чиқариб уйғотилса, туришга ҳаракат қилиб жарга қулаб тушиши мумкин эди. Мен товуш чиқармасдан, секингина юриб унинг ёнига бордим. Жуда эҳтиётлик билан уни ушлаб, аста-секин ўз томонимга торта бошладим. Анча берига келиб хавф-хатардан қутулгандан кейин руҳим кўтарилди, шодланиб йўлимда давом этдим.
Отаси ўғлининг бу гўзал ишидан, олижаноблигидан шодланиб кўзига ёш олди, уни қучоқлаб, юз-кўзидан ўпиб:
— Бор бўл, ўғлим, яша, умринг узоқ бўлсин! Мукофотимни олишга сен ҳақлисан, чунки дунёда энг улуғ фазилат ёмонликка яхшилик қилишдир,— деб қимматли узугини ўғлининг бармоғига кийгизди, унинг ҳақига дуо қилди.

Байт:
Отанг эрдир, сен ҳам эрдек қилиқ қил,
Ёмонлик айлаганга яхшилик қил.