Сўфилардан бири халқнинг ўзига эътибор бермоғи учун бошидаги саллани улкан қилиб ўради; ичини бўз бўлаклари билан тўлдирди. Табиийки, бу ҳайбатли саллани кўрганлар, ичида анча газлама бўлса керак, деб ўйлардилар.
Сўфи бир кун мадрасага кетаётганда ўғри саллани олиб қочди. Сўфи ортидан бақирди:
— Саллани оч, саллани оч. Ичидагини кўргинда кейин олиб кет.
Ўғри қочаркан, қўлтиғидаги саллани еча бошлади. Қараса, салланинг ичи бўз ва тери парчалари, пахта бўлаклари билан тўла. Охири, қўлида фақат бир қулоч бўз қолди, холос. Қўлидагини ерга урди:
— Оҳ пасткаш одам. Мен бу ҳайбатли саллада бир нарсалар бор, деб ўйлагандим. Сенинг ҳийланг мени расво қилди, дея ҳайқирди. Бу сўзларни эшитган сўфи:
— Ўғлим, дунё мана шунақадир. Менинг саллам каби яхши кўринади, аммо сўнгида вафосизлигини кўрсатади, беш пулга арзимайди, эски туски бўлакларга айланади, деди.
Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”сидан