Бир дарвеш саёҳатга чиқди.Айланиб бориб дарвешлар хонақосида қўноқ бўлди.
Унинг эшагини хизматчилар оғилхонага боғлади, дарвешни ҳам хонақонинг тўрига ўтқиздилар. Мароқли суҳбат бўлди, сўнгра дастурхонлар йиғилди. Дарвеш шу пайт жуда севадиган, заҳматкаш эшагини эслади ва хизматчига эшагини яхши парвариш қилиб, унга ем беришларини айтди. Хизматчи:
“Лаҳавла, бу нима деганингиз. Албатта бу менинг вазифам, парвариш ҳам қиламан, арпа ҳам бераман”,деди.
Дарвеш, кўнгли тўлмай қайта: “Айбга буюрма, у сенинг ишинг эканини биламан. Фақат эшагим бироз қариган, тишлари ҳам соғлом эмас. Аввал арпани ивит, бироз юмшасин, кейин сомон билан аралаштир”.
Хизматчи яна:
“Ла ҳавла…”, деди.
Қисқаси дарвеш қайси пайт иш буюрса, хизматчи Ла ҳавла…” ни қайта-қайта айтар, аммо эшакка на сомон, на бир ҳовуч арпа берарди. Бечора эшак оч, сувсиз, оғил хонада базўр тонг оттирди. Дарвеш эса хизматчидан кўнгли тўқ, хотиржам уйқуга кетди.
Тушида хаддидан ошган бир бўри эшагига ҳамла қилаётганини кўрди ва шу заҳоти кўзини очди.
“Ишкилиб, яхшиликка бўлсин!” деб, яна уйқуга кетди. Бу сафар эшагининг ётиб қолганини кўрди. Шу тариқа тунни минг бир васваса билан ўтказди.
Тонг пайтида хизматчи эшакни эслаб, оғилхонага борди. Қараса, эшак очлик ва сувсизликдан парипюн бўлиб ерда узаниб ётарди. Хизматчи қўлига таёқ олиб эшакни ура кетди. Эшак базўр оёққа турди. Хизматчи тезда эшакнинг тўқимини тўғрилаб, қайишини боғлади. Сўнг хонақо олдига олиб борди. Дарвеш мезбонлар билан хайрлашди, сўнг эшагини ниқтади.
Эшак бир оз йўрғалагач қоқилиб эрга йиқилди кўрганлар югуриб келиб дарвешни ҳам, эшагини ҳам турғиздилар. Аммо, эшак яна ётиб олди. Кимдир эшакнинг бўйнидан тортди, кимдир қулоғини букди. Фойдаси бўлмади… Дарвешга: “Бу не ҳол? Эшагингни бир дарди бордирки, ётиб қолди”, дедилар.
Дарвеш ҳолатни тушунди ва бундай деди: “Кечаси билан “ла ҳавла…” еган эшак юрса, шунча юрадида. Озиғи кечаси “ла ҳавла…” бўлса, тасбеҳ ўгириб турса, кундузи мана шундай сажда қилади…”
Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”сидан