Хуросонда бир барно йигит бор эди, ҳуснда гўё тўлин ой эди. Юсуфдай хушчирой бу йигит қазои тақдирдан бўлиб, чоҳга йиқилиб ўлди (Юсуфни Аллоҳи ҳақ таолонинг фаришталари асраган эди, лекин хуросонлик бу чиройли, нодир йигитни асрашни ҳеч ким сўрамаган эди). Йигит чоҳга йиқилганида, унинг устига тупроқ тўкилди, оқибат бу инсон тупроқ билан баравар бўлди. Унинг ҳоли ва рўзгори ўзгарди, иши мушкулланиб, қони елга соврилди.
Бу хушсийрат, соҳибжамол йигитнинг исми Муҳаммад бўлиб, унга икки дунё бир қадам бўдтси (Шундай азиз номи ҳам уни ажалдан қуткаролмади).
Отаси бу аҳволни кўриб дод солди:
– Эй, фарзандим, кўзимнинг нури, жону жаҳоним, эй Муҳаммад, бир лаҳзагина лутф айлаб, бир оғиз сўзингни айтиб кет! Сўзла, Муҳаммад, сўзла, фарзандим.
Аммо ҳеч бир инсон бу хитобга жавоб бермади. Шундай деб, ота ҳам жон берди.
Дунёнинг бундай ишларидан куйиб-ёнмагин, эй соҳибназар солиҳ. То Муҳаммад сўзлади, одам ҳам куйиб-ёнди. Бу сўзларни (оятларни) Одам ато ҳам, унинг зурриёди — авлодлари ҳам сўзладилар. Ҳақтаоло номини жузъиёт (барча) ҳам сўзлади. Сўзлади деву пари, инсон, малак. Сўзлади тоғ, замин, дарё, фалак. Юз минглаб инсонлар тани хок-тупроқ бўлишини билиб, сўзладилар. Бу сўзларни (оятларни) айтган юз минглаб инсонларнинг жони покланди.
Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”идан.