Қадим замонда Мўсул шаҳрида Муҳаммад Али исмли гўзал, тарбияли, ахлоқли бир киши яшарди. Қўлидан келганча ҳаммага ёрдамини аямагани, шафқатли, марҳаматли одам бўлгани учун халқ уни иззат ва ҳурмат қиларди. Ораларида келишмовчилик, жанжал чиққан кишилар Муҳаммад Алининг ҳузурига келиб, унинг ҳукмига рози бўлардилар.
Муҳаммад Алининг хотини вафот топганига анчагина вақт ўтган эди, ўзининг ҳам соч-соқоли оқариб, қарилик даврига кира бошлаганди. Фақат унинг ягона тасаллигоҳи, умиди Жаъфар ва Нуриддин исмли ўғилларигина эди.
Катта ўғли Жаъфар олим табиатли, ғайратли, зўр куч ва қувватга эга бўлган бир йигит эди. Болалик чоғида ўқишда ҳам, ўйинда ҳам, сўзда ҳам ўртоқларидан юқори туришга тиришарди. Йигитлик даврида улуғ даража ва мансаб эгаси бўлишни ўй-лаб, шуни рўёбга чиқиши учун режа тузарди.
Укаси Нуриддин эса акасига тамом зид табиатли бўлиб мулойим, шафқатли, марҳаматли, сахий, саботли бўлиши устига ғоятда яхши шоир ҳам эди. Жаъфар уруш асбобларини севса, кайф-сафо қилишни орзу қилса, Нуриддин юлдузлар билан нурланган кечалардан, ой зиёсида жилдираб оқиб турган сувлардан, тонготар пайтида боғчадаги қушларнинг ёқимли сайрашларидан ҳушланарди, ажойиб ва ғаройиб жозибакор назм ва шеърлар тарғиб этарди, бу йигит ўзининг гўзал хулқи билан машҳур эди.
Муҳаммад Али ҳар иккала ўғлини баб-баравар севарди. Катта ўғли Жаъфар ҳар вақт отасига: «Мен юқори мансабни эгаллаб, номим оламга машҳур бўлишини тилайман»,— деса, кичик ўғли Нуриддин: «Мен келгусида халқ манфаати йўлида хизмат қилувчи, шафқатли ва марҳаматли киши бўлишни истайман», дер эди. Бу икки ака-уканинг хулқ ва табиатлари бир-бирига тамоман зид бўлса ҳам, жуда то-тувлик билан яшаб ўсдилар.
Жаъфар йигирма ёшга киргач, ўзининг табиатига мувофиқ бирор ишга киришиб, шу восита билан тезроқ улуғ мансаб ва даража эгаси бўлишини ўйлай бошлади. Воқеан, у ҳар нарса ҳақида маълумотли, ҳар ишга қўрқмасдан киришувчи ботир юракли йигит бўлиб етишган эди. Бунинг устига зўр куч-қувватга эга, от чоптиришда биринчи даражадаги уста, ўқ-ёй ишлатишда бутун Мўсул халқи орасида машҳур бўлгани учун:
— Менга зўр даража ва мансабни фақат уруш бера олади,—деб ўз-ўзича сўзларди.
Шу орада Мўсул халифаси билан қўшни ҳукумат орасида уруш бошланди. Жаъфар: «Мана энди шуҳрат қозонишимга вақт келди»,—деб севинди. Отаси ҳузурига келиб:
— Отажон, менга рухсат беринг, урушга қатнашаман. Тез кун ичида шуҳрат қозониб хизматингизга қайтиб келаман,— деди. Муҳаммад Али ҳеч нарса демасдан, совуққонлик билан рухсат берди. Жаъфар зўр ғайрат билан уришди, халифа уни ўзининг вазири ва аскар бошлиғи этиб тайин қилди. Уруш бир неча ой давом этди, ҳар икки томондан кўп киши нобуд бўлди, кўп жойлар вайрон этилди. Ниҳоят, қўшни мамлакат енгилди. Жаъфар занжирларга боғланган жуда кўп асирларни ҳайдаб тантана-ю дабдаба билан Мўсулга кириб келди. Шаҳар халқи то-моша қилгани кўчаларга чиқдилар. Фақат Муҳаммад Али ўғлининг истиқболига чиқмади.
Жаъфар асирларни керакли жойга топширишни ёрдамчисига буюриб, ўзи отасининг ҳузурига келди, салом бериб, кўришди. Лекин отаси ўғлини совуқ қарши олди. Жаъфар отасига:
— Мен ҳозир аскар бошлиғи ва подшонинг вазириман. Мени энди улуғ даража эгаллаганимни, чин йигит, ўғлингиз эканлигимни тан оласизми?— деган эди, отаси секин ва маъюслик билан ўғлига шундай жавоб берди:
— Ўғлим, халифага хизмат этдинг, урушга киришдинг, шаҳар-қишлоқлар хароб бўлди. Халқ азоб-уқубат ўтида ёнди. Бунинг сабабчиларидан бири сен бўлдинг. Айт-чи, чин йигитлик шундай бўладими? Йўқ, сен чин йигит эмассан, бу улуғ номни олишга ҳали муваффақ бўлганинг йўқ.
Ота билан ўғилнинг нималар тўғрисида сўзлашганларини ўша ерда бўлган одамларнинг биттаси ҳам англамади. Жаъфар жуда ҳам қайғуланиб, кўзлари ёш билан тўлди. Кўчага чиқиб, ҳеч кимга қарамай, бир тарафга қараб жўнади. Шундай қилиб, аскар бошлиғи ва халифанинг ишонган, севган вазири Жаъфар кўздан ғойиб бўлди. Унинг қаерга кетгани ҳеч кимга маълум бўлмади.
Бир неча йил ўтгандан кейин шарқ мамлакатларининг бирида бир ёш табиб ва донишманд пайдо бўлиб, тез вақт ичида табиблиги, донишмандлиги билан машҳур бўлди. Ўша мамлакатнинг подшоҳи оғир бир касалликка мубтало бўлган эди. Янги пайдо бўлган донишманд табиб уни даволаб дарддан халос этди. Подшоҳ жуда хурсанд бўлиб:
— Ҳеч бир табиб тузата олмаган дарддан мени қутқаздинг, шифо бахш этдинг, миннатдорман, мендан нимани истасанг шуни беришга ҳозирман, – деди.
Ёш табиб подшоҳдан ҳеч бир ўсимлик ўсмайдиган, сувсизликдан қақраб ётган ер беришни сўради, подшоҳ унинг тилагини қабул қилиб, шундай ер берди.
Ёш донишманд табиб ўша ерга ариқ қаздириб, сув келтирди. Ерни тарбиялаб, оз вақт ичида ўзининг идроки, зийраклиги соясида уни ўсимлик ва дарахтлар экиб ўстиришга яроқли ҳолга келтирди.
Ўша ердан фойдаланиш мумкин эканига кўзи етгандан кейин уни халқ ихтиёрига топширди. Халқ у ердан кўп фойда ҳосил этди. Одамлар бу ёш йигитни табиатнинг яширин сирларини биладиган ҳаким, донишманд йигит деб тушунсалар ҳам, унинг насл-насабини, кимлигини, қаерлик эканини билмасдилар, балки кўкдан тушган фаришта деб хаёл қилардилар.
Ёзнинг жуда иссиқ, ҳавоси дим бўлган кечаларидан бирида оддийгина кийинган бир ёш йигит Мўсул шаҳрига кириб, тўппа-тўғри Муҳаммад Алининг уйига келди, эшикни тақиллатди. Уй эгасининг хизматчиси эшикни очганди, келган ёш йигит:
— Ҳожангизда менинг бир оз ишим бор, унинг ёнига кириш мумкинми?—деб рухсат сўради. Хизматчи ҳозир хожанинг истироҳат вақти эканини айтди. Йигит кўп илтимос қилавергач, ночор бўлиб хожасининг ёнига олиб борди. Муҳаммад Али ёстиққа таяниб китоб ўқиб ўтирганди. Мусофир йигит Муҳаммад Али ёнига келиб таъзим ва эҳтиром билан унга салом берди. Муҳаммад Али мусофирнинг то-вушини эшитган замониёқ ўрнидан қўзғалиб:
— Жаъфар ўғлим, сенмисан?—деб сўради. Жаъфар отасига яна таъзим қилиб:
— Отажон, мен ўғлингиз Жаъфарман, яна хизматингизга келдим,— деган эди, отаси ўрнидан туриб ўтириб:
— Ўғлим, уйимиздан чиқиб кетганингга бир неча йил бўлди, шу вақтгача қаерларда юрдинг, нима ишлар билан машғул бўлдинг?—деб сўради. Жаъфар отасининг саволига шундай жавоб берди:
— Шу вақтгача мен ўзимга ҳақиқий улуғлик ва шуҳрат изладим, «чин йигит» номини олишга ғайрат қилдим, ниҳоят мақсадимга етдим: оғир касалликка дучор бўлган подшоҳни даволаб соғайтирган табибни, ҳеч бир ўсимлик кўкармайдиган сувсиз саҳрони кўкаламзор ҳолига келтирган ва ҳамма одамлар мақтаб сўзлайдиган донишмандни эшитгандирсиз. Мана шу ишларни вужудга келтирган одам — мен эдим. Бу дафъа мен аввалгидек урушиб шаҳар ва қишлоқларни хароб этишни эмас, балки бутун мамлакатга роҳат ва тинчлик уруғини сепгувчи бўлган ҳолда ҳузурингизга келдим. Сиз энди менинг улуғ одам, чин йигит эканимни тасдиқ этасизми?—-деди.
Муҳаммад Али ўғлига маъюслана қараб, секин, лекин қаттиқ товуш билан айтди:
— Йўқ, тасдиқ этмайман. Сен ҳали шуҳрат ва улуғлик орқасидан юрасан, «чин йигит» деган номни ҳали ола билмадинг.
Жаъфар отасининг сўзларини эшитиб ўрнидан турди. Отасига бош эгиб таъзим қилди, у билан хайрлашиб, Мўсул шаҳридан чиқиб кетди. Қаерга кетганини ҳеч ким билмади.
Яна бир йил ўтди. Шарқнинг ҳамма шаҳар ва қишлоқларидаги одамлар янги пайдо бўлган шоирнинг шеърларини жуда ҳам севиб ўқий бошладилар. Унинг шеърлари нафис ва жозибадорлиги билан ўзидан аввал ўтган шоирларнинг шеърларини йўлда қолдириб кетарди. Бу шоирнинг исми Жаъфар экани ҳаммага маълум бўлиб, шуҳрати унинг ватани бўлган Мўсул шаҳрига ҳам бориб етди. Мўсул шаҳрининг халифаси ўз саройида сақлаш, иршод этган шеърларини ўз ҳузурида ўқитиш учун Жаъфарни излаб топиб келтиришга буюрди, лекин Жаъфарнинг исми халқ орасида жуда тарқалган бўлса ҳам, унинг турадиган жойи ҳеч кимга маълум эмасди.
Кунлардан бир кун узоқ масофани босиб жуда чарчаган, уст-боши чанг-тўзонга ботган, қўлига ҳасса ушлаган бир киши Муҳаммад Али чолнинг уйига келди. Чолнинг хизматкорлари бу дарвешнинг кийими эски-туски бўлишига қарамасдан, ҳожаларининг ўғли Жаъфар эканини билдилар. Отаси ҳам ўғлини танишида камчилик кўрсатмади. У ўғлини қучоқламоқчи бўлди. Жаъфар отасининг оёғига йиқилиб, қалтираган товуш билан:
— Отажон, мана мен сизнинг ҳукмингизни эшитиш учун яна ҳузурингизга қайтдим. Менинг иршод қилган шеърларимни ҳамма севиб-севиб ўқийди. Ўл-ганимдан кейин ҳам номимни халқ асрлар бўйи ёд этади. Энди сиз менинг улуғлигимни, шуҳратимни, чин йигит ишини қилганимни тасдиқ этасизми?— деб сўради.
Муҳаммад Али ўғлини қучоқлаб, секингина ушбу сўзларни айтди:
— Эй севикли ўғлим, мен сенга ачинаман, чин мард йигитликни топа олганинг йўқ.
Жаъфар асабийлашиб:
— Мен ҳақиқий улуғликни, чин йигитликни топмасдан қўймайман, топишга ҳаракат қиламан,— деди ва отасига маъюсона бош эгди, у билан хайрлашиб, ватани Мўсул шаҳридан чиқиб кетди. Қаерга кетгани ҳеч кимга маълум бўлмади.
Муҳаммад Али чол кунлардан бир кун ойдин кечада ҳовлиси ёнидаги тепаликка чиқиб, нималарнидир ўйлаб айланиб юрганди. Бирдан ҳовли эшигини тақиллатишга қўрқиб тургандек туюлган бир нарсанинг шарпаси кўринди, бу Муҳаммад Алининг ўғли Жаъфар эди, у ойдинда отасининг юзини кўрди, унга қараб таъзим қилди.
— Ўғлим Жаъфар, сенмисан, қаерларга кетиб қолдинг?— деб чол югуриб келиб, ўғли билан кўришди. Жаъфар отасига бош эгиб салом берди, сўнгра отасига ўз ҳолини бирма-бир баён қилиб айтди:
— Отажон, мен ҳозир тамом бошқа йўлни ихтиёр қилдим, дунёда бўлган ҳамма нарсадан фойдаланиш орзусини ташладим, дарвешликни ихтиёр қилдим. Мен ҳозир саҳрода тураман, у ерда зоҳид обидлар йўлини тутиб, тоат ва ибодат билан машғулман. Отажон, айтинг, энди ҳақиқий улуғликка, чин йигитликка эришдимми?
Жаъфар бу сўзларни айтиб, отасининг жавобини сабрсизлик билан кутар экан, Муҳаммад Али чол ўғлига қайғули юз билан қараб, охирида шу сўзларни айтди.
— Севикли ўғлим, сен гўё авлиё бўлгансан. Сенинг виждонинг ҳақиқий улуғликка еткизадиган йўлни топа олмаганини сенда бўлган шахсият, мағрурлик, такаббурлик, шуҳратпарастлик яққол кўрсатиб туради.
Жаъфар отасининг ҳукмини эшитгач, маъюсгина бош эгди, хайрлашиб, ватани Мўсулдан яна чиқиб кетди.
Кўп вақт ўтмасдан Мўсул халифаси билан қўшни ҳукумат халифаси орасида яна қаттиқ уруш бошланди. Қўшни ҳукумат халифаси билан бўлган биринчи урушда Мўсул халифаси Жаъфарнинг қаҳрамонларча уруши соясида қўшни ҳукумат халифасини енгган эди. Жаъфарнинг йўқлигини билган иккинчи халифа яхшигина тайёрланиб, яна Мўсулга ҳужум этди. Биринчи халифа, яъни Мўсул халифаси мағлуб бўлди, шаҳар бутунлай душман қўлига кирди, талон-торож этилди, уйлар ёндирилди, халқ азоб-уқубат ичида қолди.
Урушнинг энг оғирлиги Муҳаммад Али чолга келиб тушди. Душман аскарлари унинг ҳовли-жойларини ёндирдилар, молу дунёсини талон-торож этдилар. «Ўғлинг Жаъфарни топиб бер»,— деб Муҳаммад Алига кўп азоб бердилар, унинг кичик ўғли Нуриддинни Жаъфар ўрнига гаров тариқасида қўлга олдилар. Жаъфарни топиб беришларини талаб қилиб, шаҳар халқини қийнов-қистов остига олдилар.
Муҳаммад Алининг қайғу-алами ҳамманикидан кўпроқ эди. Кўп вақт: «Болаларим, болаларим, қаердасизлар!» деб йиғлаб юргани чет кишиларга би-линмасди.
Бечора чолнинг сўзларини ўзини билдирмай бекиниб турган бир кишигина тингламоқда эди. Бу киши — саҳродан қайтган Жаъфар эди. У кўп вақтлар улуғ даража ва мансаб эгаси бўлишни ва шуҳрат қозониш йўлини ўйлай бериб, ўзининг ақли ва заккилик қувватининг бироз кучсизланганини сезди. Буюк ишларни вужудга келтиришга кучи етмаслигини билиб, ниҳоят ўз-ўзини ўлдиришни ҳам ўйлайди. Шу фикрини амалга оширишдан аввал отаси Муҳаммад Али ва укаси Нуриддин билан кўришиб, улардан афв сўраш учун Мўсулга қайтиб келди. Отасининг ҳовли-жойлари куйиб кетганини кўриб таажжубланди, қайғурди, чунки бу урушдан келган ҳамма фалокатларга қўшни ҳукумат халифасининг Жаъфарга бўлган аччиғи сабаб бўлган эди. Бу хунук манзара қаршисида Жаъфар ўзини йўқотиб қўйди.
Шу пайт Нуриддиннинг хотини Мастура қайин отаси Муҳаммад Алининг ёнига келиб, унинг елкасига бошини қўйиб йиғлади. Муҳаммад Али Мастуранинг бошини силаб, тасалли бериб секингина сўзларди. Жаъфар уларнинг тубандаги сўзларинигина эшита олди:
Муҳаммад Али:
— Яқин орада Жаъфар келиб қолар деб умид қиламан, агар у келиб қолса, биз бу ҳолда бўлмаймиз,— деган эди. Мастура умидсизланиб, бош силкиб:
— Жаъфар укаси Нуриддиннинг ўрнини боса олмайди, у менга бутунлай ёт-бегона одам, у халқ манфаати ва ўз оиласининг бахт-саодати учун эмас, балки ўзинигина севиб, мартаба ва шуҳрат қозониш учунгина дунёга келган,—деб эътироз этди. Яна Муҳаммад Али:
— Бу сўзларингнинг ҳаммаси ҳақиқат бўлса ҳам, сен унинг мулойим табиатини билмайсан, агар у ҳозир бизнинг ҳолимиздан хабардор бўлса, албатта халққа ҳам, бизга ҳам ёрдам беришга ҳаракат қиларди!—деди.
Бу сўзларни эшитиб, Жаъфарнинг қайғуси юрагига сиғмади, дарров Мўсул шаҳридан чиқиб кетди. Эртаси кун эрталаб қўшни ҳукумат халифасининг пойтахтига қараб йўл олди. Пойтахтга етиб келгандан кейин халифанинг вазирига учраб, унга ўзининг Жаъфар эканини билдирди, халифа уни ҳузурига қабул этишини ўтинди. Вазир халифага хабар берганди, халифа шодланиб, Жаъфарни ўз ҳузурига қабул этди, Жаъфар халифага:
— Менинг йўқлигимдан фойдаланиб, ватаним Мўсулга ҳужум қилгансиз, аскарларингиз шаҳарни ёндирган, вайрон этган. «Жаъфарни топиб беринг»,— деб халқни қийнов-қистовга олгансиз. Уйимизни куйдиргансиз, хароб этгансиз, менинг ўрнимга гаров сифатида укам Нуриддинни асир қилиб олгансиз. Демак, бу зулм-жафоларнинг ҳаммаси фақат мени қўлга олиш учун бўлган. Мана, мен, ўз ихтиёрим билан келдим, бегуноҳ укам Нуриддинни озод этинг, халқ устидан азоб-уқубатни кўтаринг, мени нима қилсангиз, ўзингиз биласиз,— деди.
Халифа кўп вақтдан бери кутган душмани Жаъфарнинг қўлга тушганига шодланиб, дарҳол Нуриддинни озод этди. Жаъфарнинг қўлини занжир билан боғлаб, уни зиндонга ташлади. Мўсул халқига жабр-жафо қилишдан қўл тортди. Нуриддин бу ишни акаси Жаъфар қилганини билиб жуда ҳам қайғуланди, акасини чиқариб ўзини зиндонга ташлашларини сўраса ҳам, қабул этмадилар, фақат акаси Жаъфар билан кўришишга рухсат бердилар.
Нуриддин йўлда кўп заҳмат ва машаққатлар чекиб, ниҳоят отаси ва хотини ёнига қайтиб келиб воқеани баён қилди. Улар Нуриддиннинг саломат қайтиб келганига шодлансалар ҳам, Жаъфар учун жуда қайғурдилар. Муҳаммад Али чол қўлини осмонга кўтариб:
— Ўғлим Жаъфар, агар сен ҳозир ёнимда бўлсанг қучоғимга олиб севар эдим, чунки сен ҳақиқий улуғликка, мартабага энди эришдинг, чин мард йигит ишини қилдинг, чунки сен халқ учун ва оиланг учун ўзингни фидо қилдинг!—деб баланд овоз билан дуои нидо қилди.
Жаъфарнинг душмани халифа уни кейин озод этдими, ёки ўлдирдими, униси маълум эмас, лекин унинг улуғ иши халқ орасида достон бўлиб, номи доимо ҳурмат билан ёд этилади.