Шайх Боязид Бистомий бир кеча шаҳардан ташқари чиқди ва дунёни одамларнинг ғала-ғовури, ғул-ғуласидан холи ҳолда кўрди. Тун ойдин эди, тўлин ой оламга шундай нур таратардики, гўё тун кундуздай ёруғ эди. Осмонни ғуж-ғуж юлдуз безаган, сокин ва ҳаловатбахш эди. Гўё ой, юлдузларнинг ҳар бири ҳеч ғулғула қилмай, сокинликда, оҳиста ўз иши — вазифасини адо этарди. Шайх саҳрода қанча юрмасин, дашту саҳрода ҳеч бир жонзот қимирлаганини қўрмади.
Шунда унинг кўнглида бир қўзғолон бошланди. Деди:
– Ё Раб, кўнглимга ҳаяжон, шўриш сол! Сенинг бундай улуғвор ва баланду кенг, беҳудуд оламинг бор, аммо нега у бундай жимжит, нега муштоқлар, ошиқлардан холи?
Шу пайт ғайбдан садо келдики:
– Эй йўлнинг ҳайрону сарсони! Подшоҳ ҳар кимга ҳам йўл бермайди. Бу эшикнинг қадру иззати, улуғворлиги шуни тақозо этадики, ҳар гадо бунга йўл тополмайди. Бизнинг улуғворлигимиз нур сочганда, уйқуда ётган гофилларни узоқлаштиради. Одамлар орасидан мингдан бири бу даргоҳга ёр бўлайин, деб йиллар давомида интизор кутадилар.
Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”идан.