“Энг гўзал ҳикоятлар-2” танловига
Камбағал ишчи бир куни ишдан ҳайдалди Бошқа даромади бўлмагани учун болалари уч кун овқатсиз, нонсиз қолди. У одам иш қидириб қаёққа борса, “иш йўқ” деб эшикни юзига ёпишди. Устма-уст уч кун қорни оч қолган болаларнинг хархашаси онанинг юрагини эзиб юборди. Чорасизлик билан турмуш ўртоғига: “Кўряпсизми болаларни? Очликдан юзлари сарғайиб кетди. Биз-ку майли чидаймиз, лекин улар бунга чидолмайдилар. Бу ишнинг охири нима бўлади? Ўйлаб кўрдингизми?” деди.
Эр эгилган бошини аёли томон қаратиб: “Неча кундан бери бормаган жойим қолмади. Энг кам ойликка бўлса ҳам иш қидирдим, бир кун бўлса ҳам қорнингиз тўйсин, деб. Лекин ҳеч ким менга иш бермаяпти. Болаларимнинг бу ҳоли менинг ҳам юрагимни эзиб юборди. Лекин кўриб турибсанки, қўлимдан бирор нарса келмаяпти” деди. Шунда аёли: “Ундай бўлса менинг келинлик кунларимдаги рўмолимни олиб бориб сотинг, неча пул бўлса ҳам бирор нарса олиб келинг, болаларимизнинг қорнини тўйдирайлик. Қолганига Аллоҳ Каримдир. Ризқ бергувчи Удир. Бизга албатта бирор хайрли эшик очилади” деди.
Эр уятдан қизариб, тушиб қолган қийин вазиятни ўйлаб, аёли сандиқдан олиб берган ҳали яп-янги турган рўмолни олиб, бозорга борди. Рўмолни ўша пайтда икки дирҳамдан ортиғига олмасдилар. Олган пулига бирор егулик олиш учун кетаётганда йўлда тиланчига дуч келди. Тиланчи ўтган-кетганга шундай дер эди: “Аллоҳ ризоси ва Пайғамбарининг ишқи учун бўш ўтманг. Аллоҳни хурсанд қилиш учун менга ёрдам беришни хоҳловчи йўқми? Дунёда ҳеч нарсаси йўқ, ҳақиқий муҳтожман.
Рўмол сотган одам тиланчининг олдига келди. Аёлининг рўмоли пулини — неча кундир ҳеч нарса емаган болалари учун бирор нарса олмоқчи бўлган пулини тиланчига берди. Энди бўш қўл билан уйга бориш ҳам ноқулай эди. Рўмолнинг пулини сўраган аёлига нима деб жавоб беради? “Рўмолингга икки дирҳам беришди, уни тиланчига бериб юбордим, унинг ялиниб-ёлворишига чидолмадим” деб қандай айтади? Шу ўйлар билан масжидга кириб шом намозини ўқиб, бўш қўл билан уйига қайтди. Аёли ва болалари уни бирор егулик опкелади деб кутиб ўтиришган эди.
Кеч қолганига яхшироқ бирор нарса олиб келса керак, деб ўйладилар. Ота умидсизлик билан эшикдан қаради, аёли бу ҳолатга ҳайрон эди. Болалари эса бу кеча ҳам оч қолишларини ўйлаб мажолсиз овозда йиғлай бошлашди. Аёл ҳам ҳайрон, ҳам жаҳл оҳангида рўмолни нима қилганлигини сўради.
Эр аёлига ҳаммасини бирма-бир айтиб берди. Аёл ишнинг аслини билгач, сабрли оҳангда: “Рўмолнинг пулини Аллоҳ йўлида берган экансиз, У улуғ ва бойдир. Сахийлигингиз эвазига бизга хоҳлаган вақти унинг эвазини беришга Қодирдир. Сиз тўғри иш қилдингиз, қани кўрамиз, қайси эшикни очар экан?” деди.
Эрталаб аёл турмуш ўртоғига отасининг уйидан олиб келган девор соатини берди ва: “Буни сотинг ва эвазига қанча егулик келса олиб келинг” деди. У бозорга бориб, соатни сотишга ҳаракат қилади. Лекин ҳеч олувчи тополмайди. Чарчаб, ҳорғин келаётганда бир балиқ сотувчисига йўлиқди. Балиқчи баланд овозда: “Балиқ бор, балиқ” деб бақирарди. Қўлида икки донагина балиқ қолган эди.
Фақир киши балиқчининг ёнига бориб: “Бу соат менга, бу балиқлар сенга наф келтирмайди, шунинг учун шу икки балиғингни менга бер, мен сенга шу соатни берай” деди. Мижоз йиғиш учун эрталабдан бери бақираётган балиқчи бу одамнинг таклифини қабул қилди. Балиқларни бериб, соатни олиб кетди.
Неча кундан бери уйига биринчи марта егулик олиб кетаётганндан жуда хурсанд бўлаётган ота балиқларни қўлига олиши билан уйига югурди. Оталарининг егулик олиб келганини кўрган болалар жуда хурсанд бўлиб кетишди. Аёл балиқни тозалаш учун ошхонага кирди. Бироз ўтиб хайратланиб хожасини чақирди. Балиқлардан бирининг қорнидан каттакон инжу чиқди.
Фақир одам инжуни олиб заргарнинг олдига борди. Заргар инжунинг бебаҳо эканлигини, агар ўзига сотишса 14000 дирҳам беришини айтди. Фақир одам қийинчиликлар ортда қолганини сезди. Аллоҳ унга неъмат эшикларини очганини тушунди. Заргарга уни 14000 дирҳамга сотиб, пулини олиб уйга қайтди. Бўлиб ўтган воқеани уйига келиб, аёлига ҳам айтиб берди. Ҳаммалари ғамларни аритган Аллоҳга шукроналар айтишди.
Шу пайт эшикда тиланчининг овози эшитилди: “Эй уй эгалари, Аллоҳ сизга бергандан менга ҳам беринг!” Фақир киши эшикни очиб: “Шу пайтда Аллоҳ бизга ҳеч кутмаган жойимиздан 14000 дирҳам ҳадя қилди. Модомики, сен Аллоҳ ризоси учун Аллоҳ берганидан сўраяпсан, мен ҳам шу пулнинг ярмини сенга берай, қолган ярми бизники бўлсин”.
Биргина сўзи учун 7000 дирҳамга эга бўлганидан хурсанд тиланчига пулнинг ярмини олиб чиқиш учун уйига кириб кетди, чиқиб қараса тиланчи йўқ. У ер-бу ерни қараса ҳеч қаерда кўринмади.
Уй эгаси ўша куни ғам-ташвишлардан холи уйқуга кетди ва тушида бояги тиланчини кўрди. Ундан нега кетиб қолганлигини сўраганда, тиланчи: “Мен тиланчи эмас эдим, Аллоҳнинг фаришталаридан бири эдим. Хайрли ишларни қай даражада яхши кўришинг ва Аллоҳга боғлиқлик даражангни билиш учун инсон шаклида сенинг уйингга келдим. Мени Аллоҳ сени охирги марта синаб, даражангни юксалтириш учун хонадонингга юборди. Олдинги куни аёлингнинг рўмолини сотиб, икки дирҳам олганингда ўша икки дирҳамни олган ҳам мен эдим. Ўша икки дирҳамни хотиржамлик билан Аллоҳ ризоси учун менга берганинг учун Аллоҳ сенга инжуни берди. Бугунги сахийлигинг учун эса нариги дунёда тенгсиз неъматлар билан тўла Жаннатга эришасан”.
Сенингдек энг қийин вазиятларда ҳам Аллоҳ ризосини барча нарсадан устун қўювчиларга хушхабар бўлсин…
Аллоҳ барчамиздан, дунё мол-мулкларидан устун қўйган барчадан рози бўлсин…
Турк тилидан Наргиза Атабаева таржимаси