Бир кеча Бойўғли ўзига ўзи деди:
«Қуёш нурига бир нафас ҳам тоқат қилолмайман. Бутун умрим давомида юз азобу чорасизликлар билан Қуёшга интиламан, токи унинг нурига ғарқ бўлиб, йўқолиб кетайин дейман. Ул даргоҳга етайин деб ою йиллар кўзимни боғлаб учаман».
Кўзи ўткир бир қуш деди:
«Эй мағрур ва маст Бойўғли, унга етгунча минг йиллар йўл босиш керак. Сендай йўлини йўқотган у ерга қачон етибди, ахир чумоли ойга бориб етибдими?»
Бойўғли деди:
«Мени қўрқитма, ҳечқиси йўқ, учавера-ман, кўрай-чи, қани бундан нима ҳосил бўларкин?»
Неча йиллар худди мастдай, ўзидан бехабар учиб борарди, охир-оқибат куч-қувватдан қолди, қанотлари титилиб, патлари тўкилди. Аммо йўл босишдан тинмасди. Ахири жони ҳалокат ичра, тани ўртаниб, қанотсиз ҳолда ожиз ва нотавон бўлиб қолди. Қуёшдан эса нишона кўринмасди.
Бойўғли ичида:
«Қуёшдан ўтиб кетдиммикин?» – деб ўйларди.
Бир окил киши деди:
«Сен уйқудасан, йўлни кўрмай, қадам босасан, қандай қилиб ундан ўтиб кетдиммикин, қанотларим тўкилиб тушди-ку дейсан?»
Бу сўздан Бойўғлининг ғашлиги яна кўпайди, ажзу изтироб ичида қолди. Бор-йўғидан ажралиб, ночор аҳволга тушди. Ночорликдан Қуёшга қараб жони ёниб ҳол тили билан хитоб қилди:
– Кўзи очиқ қушни топтингми, ҳеч бўлмаса ундан ортиб, менга ҳам боққил, нурингни соч!
Бойўғли бу сўзни қалби ёниб, чунон дард билан айтдики, марҳамат Қуёши унга юзланди. Кўзи йўқнинг кўзи равшан-лашди — қисматига ўзгариш кирди. Омад келди ва бир мискину бечора давлат топти, бахтга эришди.
Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”идан.