Айтишларича, мўътабар бир одамнинг мажлисида бир олим, фозил кишини кўп таъриф ва тавсиф қилдилар, Мўътабар одам у олимни кўриб суҳбатидан фойдаланишни орзу қилиб, уни шу мажлисга даъват қилиш учун ўз қариндошини юборди. Олим мажлисга келгач, салом бериб ҳамма билан кўришди. Кейин мўътабар одамга таъзим қилиб:
— Мажлисингизга даъват қилганингиз учун ташаккур этаман, минг йил роҳат ва фароғатда умр кечиринг,— деди.
Мўътабар одам олимнинг сўзига таажжуб қилиб айтди:
— Мажлисимизда ҳали ўтирмай туриб, мумкин бўлмаган сўзни оғзингиздан чиқардингиз, бир одамнинг минг йил умр кўришига ақл бовар қиладими?! Бундай сўзни айтиш сиздек олим ва фозил кишига муносибмикан?
— Инсоннинг тириклиги фақат жисмнинг боқийлиги билангина эмас. Одам минг йил умр кўрмаслигини ҳамма билади. Лекин ўлгандан кейин қолган яхши ном яна бўлак умрдир. Сизнинг олижаноб, марҳаматли, шафқатли одам эканлигингизни халқ унутмай, номингизни доимо ҳурмат билан ёд этиб туради. Вафотингиздан кейин ҳам қилган яхшилигингизни халқ унутмайди, номингизни кўнглида абадий сақлайди, деган маънода «минг йил умр кўринг»,— дедим,— деб жавоб берди олим.