Форс шоҳлари орасида биттаси жуда қудратли, лекин ўта ёвуз эди.
Бир куни шоҳнинг бош ошпази унга егулик олиб кирганида овқатнинг бир томчиси дастурхонга томибди. Шоҳ ошпазга қарабди. Ошпаз ўша заҳоти уни қатл жазоси кутаётганини сезибди.
Шунда у қўлидаги овқат тўла идишни бир йўла дастурхонга ағдарибди-да, жўнаб қолибди. Шоҳ уни ҳузурига чақиртириб, сўрабди.
— Нега бундай қилдинг? Мен кўрдим, сен овқатни дастурхонга атайлаб томдирганинг йўқ, бунда сенинг ёмон ниятинг бўлмаганди. Лекин кейин нима учун бор овқатни ағдариб кетдинг?
— Подшоҳ учун мен уялиб кетдим, — деб жавоб қилди ошпаз. — Чунки мени қатл этади деб ўйладим. Тасодифан томиб кетган бир томчи овқат учун шоҳим ўзининг кекса, содиқ ва тажрибали хизматкорининг қонини тўкади. Шу боисдан мен каттароқ гуноҳ қилишни лозим топдим. Шоҳга мени қатл эттириш учун чинакам баҳона бўлсин, дедим-да.
— Гуноҳингни тан олишинг сени қатл эттиришдан қутқаради, — раҳм қилди шоҳ, — лекин жазодан асраб қололмайди.
Шоҳ шундай деди-да, ошпазга юз дарра уришни, кейин эса лозим даражада мукофотлашни буюрди.
Иброҳим ал-Хусрийнинг “Адабиёт гуллари” китобидан