Коризда ишловчи бир камбағал одам бор эди. У буғдойини тегирмонга олиб бориб, ун қилиб келиш учун қўшнисининг эшагини сўраб олди. Тегирмонга боргандан кейин юкни тушириб, эшакни ташқарида қолдирди, ўзи эса кеч бўлгач ухлаб қолди.
Шу пайт бўри келиб эшакни еб кетди. Эшак эгаси камбағалдан ундан товон тўлашни талаб қилди. Бироқ эшакни омонатга олган одам: эшагингни бўри еди, бўридан товон талаб қил деб туриб олди.
Иккаласи жанжаллашиб югуриб мироб — коризлар бош-лиғи олдига келдилар ва воқеани айтиб, товонни ким тўлаши лозимлигини сўрадилар. Мироб деди:
– Кимки бу оч бўрини саҳрога қўйиб юборган экан, албатта товонни ўша тўлаши керак. Икковларинг ҳам товонни Ўшандан талаб қилинглар. Ахир у яратади ва нобуд қилади, юз минглаб қўй ва эшаклар-нинг бўрига ем бўлишини у амр этади. Бўрини яратган Унинг ўзи экан, бу ногаҳон балолардан ҳам У қутқаради. Э Раб, У ажойиб товонлар тўлайди, аммо У қилган ишга бандалар товон тўламайди.
Миср аёлларини кўрдингми, не ҳолатга тушдилар, чунки улар Юсуфнинг жамолини кўрган эдилар. Агар бир девона подшо давлатхонасидан бахт топса, ҳолати ўзгарса, ҳеч ажабланма. Шу ҳолатда девона ўзлигини йўқотади, орқа-олди, пасту баланд, бору йўқнинг фарқига боролмайди, ҳатто кўз солиб қарашга ҳам ҳоли етмайди. Бу ҳолатда девона фақат Ундан сўзлайди, Унга сўзлайди, холос. Нимаики хоҳласа, Ундан хоҳлайди, У билан истаги битади.
Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”идан.