Мисрда номи шуҳратга бурканган подшо бор эди. Бир камбағал дарвеш шу подшога ошиқ бўлди. Дарвешнинг ошиқлиги хабари шоҳга келиб етгач, уни ўз ҳузурига чақир-тирди. Шоҳ дарвешга деди: «Нега подшоҳга ошиқ бўлдинг, энди икки йўлдан бирини танла: ё бу диёру шаҳрни тарк этасан, ёки менинг ишқимда бошингдан жудо бўласан. Сенга ҳақ гапни айтяпман: ё бошингни жаллод кундасига қўй, ёки мусофирлигу оворагарчиликни бўйнингга ол».
Дарвеш чин ошиқлик нима эканини билмасди. Шу боис шаҳардан чиқиб кетишни танлади. Бенаво дарвеш саройдан чиқиши билан, шоҳ ўз аъёнларига буюрди: «Уни тутиб бошини кесинглар!» Шоҳ яқинларидан бири деди: «Ахир унинг ҳеч гуноҳи йўқ-ку, шоҳим нега унинг бошини кесишга буюрадилар?» Шоҳ деди: «Чунки у ошиқ эмас эди, бизнинг ишқимиз йўлида содиқ эмас эди. Агар у чин ошиқлик ишини билганида эди, бу ерда бошини кесишларини хоҳлаган бўларди. Кимда-ким, боши Жонондан кўра азиз бўлса, ошиқлик унга ҳаромдир. Агар у Мендан бош кесишни хоҳлаганда эди, шоҳ тожу тахтидан кечиб, унинг олдида бел боғлаб, хизматда бўларди ва дарвеш оламнинг подшоси бўларди, яъни ўз ўрнига — тахтга ўтқазарди. Аммо у ишқда қуруқ даъво қиларди, холос, шу боис бундайларнинг боши кесилиши яхши. Ҳар кимки ишкда даъво қилур, аммо содиқ эмасдир, у шаксиз бебурд ва бузуқидир. Буни шу учун айтдимки, ҳар қандай паст бебурд киши бизнинг ишқимизда беҳуда лоф урмасин, ёлғон сўзламасин».
Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”идан.