Бахт саройи

Қиш куни. Кеч бўла бошлаганди. Бир йигит йўлда кетаркан, унга катта бир ўрмон ичидан ўтишга тўғри келиб қолди. Ўрмон қоронғи, қалин дарахтлар билан қопланганди. Йигит ўрмон ичида юра-юра йўлни йўқотиб қўйди, адашди.
Ҳушдан кетиб йиқилди. Бир оздан кейин очлик ва совуқ таъсири билан ҳушига келиб кўзини очди-ю, ёнида уч кишининг турганини кўриб, қўрқиб, нима қилишини билмай ҳайрон бўлиб қолди. Булардан биттаси ипак кўйлак кийган, белига олтин камар боғлаган, иккинчиси қора кўйлак кийган, қора камар боғлаган ва учинчиси эса ҳаво ранг кўйлак кийган, қайишдан камар боғлаган одам эди.
Бу кишиларнинг ҳаммаси бирдан:
— Эй йигит, сен бу ерда нима қилиб юрибсан? — деб сўрадилар. Йигит титраб:
— Бекорчиман, ҳеч бир иш қилмайман, ўрмондан ўтаётиб адашиб қолдим,— деди. У кишилар:
— Айт, биздан нима истайсан?—деб сўраган эдилар, йигит бу қўрқинчли ўрмондан қутқазишларини ўтинди.
У кишилар йигитга:
— Сенга бир йўл кўрсатувчи керак экан, қани, биримизни танлаб ол, қайси биримиз сенга йўлбошчилик қилайлик?— дедилар.
Йигит ўйлаб-ўйлаб, ниҳоят ипак кўйлак кийган, белига олтин камар боғлаган, бой савдогар қиёфали кишини танлади. У киши кулимсираб йигитни олиб кетди. Юрдилар-юрдилар, охири йигит чарчаб тўхтаб қолди. У киши:
— Нега тўхтаб қолдинг? Қани юр, ҳали анча юришимиз керак,— деган эди, йигит юришга мажоли қолмаганини айтди. Бой савдогар қиёфали киши ёнидан катта ўткир пичоқ олиб:
— Мана шу ўткир пичоқни ол,— деб уни йигитнинг қўлига берди. Йигит ҳайрон бўлиб ундан:
— Менга нега пичоқ бердингиз? Бу пичоқни нима қиламан?— деб сўраган эди, у:
— Мана бу чет томондаги йўлдан ҳозир отга минган бир киши етиб келади. Сен у кишига ҳужум қилиб ўлдир. Кейин унинг отига миниб, ўрмондан чиқиб кетасан,— деди. Йигит у кишидан:
— Сиз ким бўласиз, отингиз нима?—деб сўраганди, у киши айтди:
— Менинг отим — ёмонлик, кел, мен кўрсатган йўл билан юр, шогирдим бўл.
Йигит ёмонлар устодининг ярамас сўзларини эшитиб, жуда ҳам аччиғланди. Қўлидаги пичоқни ирғитиб юбориб айтди:
— Кет, йўқол, малъун! Мени ярамас йўлга бошламоқчи бўласан, сен кўрсатган ёмон йўлга юрмайман,— деб бақирди, ўзидан кетиб беҳуш бўлиб йиқилди.

Байт:
Ёмонларнинг сира пайванди бўлма,
Ҳаво бирла ҳаваснинг банди бўлма.

Йигит бир оздан кейин ҳушига келиб, қолган икки киши унинг ёнида турганини кўрди. Дарҳол қора кийим кийган, қора камар боғлаган кишига мурожаат қилиб, шу қоронғи ўрмондан чиқишга ёрдам беришини сўради. У киши йигитнинг илтимосини қабул қилгач, икковлари йўлга тушдилар.
Анча йўл юриб, бир жар ёқасига етиб келдилар. Йигит ортиқ даражада чарчаган, юришга мадори қолмаган эди, ўша ерда тўхтаб, дам олмоқчи бўлди. У киши йигитнинг тўхтаб қолганини кўриб: «Нега тўхтаб қолдинг? Йўлимиз ҳали узоқ. Дам олишни истайсанми? Хўп, дам ол, мана шу баланд ердан ўзингни ташла, пастда роҳатланиб дам оласан», деди. Агар йигит ўзини жарга ташласа парча-парча бўлиб кетарди.
— Сен кимсан? Отинг нима, бу қандай таклиф, менинг ўлишимни истайсанми?— деб ғазабланиб сўзлади йигит. У киши:
— Менинг отим — умидсизлик, сен ишсиз, ялқов йигитга ўхшайсан, ҳаётга умидсизлик билан қарайсан. Худди менбоп бир йигит бўлганинг учун сенга йўл кўрсатдим, кел, таклифимни қабул қил,— деб жавоб берди.
— Кет, йўқол, сенинг кўрсатган йўлингга муҳтож эмасман, мен яшашни истайман, ялқов ҳам эмасман. Менга чин йўлни кўрсатган олижаноб одамлар изи-дан бормоқчиман,— деди йигит.

Байт:
Ноумид бўлма, ўғил, ғайрат билан ишга кириш,
Бўл умидли, тинмай ишла, иззат, обрўга эриш.

Йигит бир оздан кейин кўзини очиб, у ёқ-бу ёққа қараганди, ҳаво рангли кийим кийган, белига қайиш камар боғлаган бир киши унинг ёнида турганини кўрди. Аввалги икки кишидан яхшилик кўрмай юрак-бағри куйган йигит бу учинчи кишига ҳам ишонмай, унинг ёнидан қочиб кетмоқчи бўлди. Лекин у киши мулойим товуш билан:
— Ўғлим, мендан қўрқма, бери кел, мен сени бу қўрқинчли ўрмондан олиб чиқиб тўғри йўлни кўрсатаман,— деди.
Йигитнинг кўнгли ором олди, у киши ёнига келиб, салом бериб кўришди, сўнгра йўлга тушдилар. Тонг ҳам ота бошлаган эди. Ҳалиги йўлбошчи киши ерда ётган узун ва йўғон дарахт шохини кўрсатиб:
— Бу шохни елкангга қўйиб ол,— деди.
Йигит қабул қилиб шохни кўтариб олиб елкасига қўйди. Бироз юрганларидан кейин қўрқинчли ўрмондан чиқиб, катта ва равон йўлга тушдилар. Йўлнинг бир томонига солинган буюк ва гўзал бир сарой кўринди. Ҳалиги одам:
— Ўғлим, бу ўрмонни ва бу дарахт шохини унутма, шохни ерга ташлаб, саройга кир, барча мақсадинг ҳосил бўлиб, бахтли умр кечирасан,— деди ва ўзи ўрмон томонга қараб кета бошлади.
Йигит шохни ерга ташлаган эди, шох ерга тушиб бир қоп олтин бўлиб сочилиб кетди. Йигит жуда ҳам ҳайратда қолди. Ҳалиги кишини чақириб:
— Оғажон, тўхтанг, очиқ, равшан йўлга солдингиз, сиз кимсиз? Отингиз нима? Бу қандай сарой?— деган эди, у киши ўрмон ичидан баланд овоз билан:
–    Ўғлим, менинг отим — меҳнат, лақабим саъй-ғайрат. Бу сарой «Меҳнат саройи» деб аталади. Бу гўзал саройга кириб, чин ихлос билан ишла, саъй-ғайратни қўлдан берма, меҳнатинг туфайли азиз ва мукаррам бўласан, – деб жавоб берди. Йигит севиниб «Меҳнат саройи»га кирди, унга бахту иқбол эшиклари очилди.

Байт:
Бахту иқбол, саодат, эй ўғил, меҳнатдадир,
Саъй-ғайрат бирла ҳар ким ишласа, роҳатдадир.