Жуброн Халил. Ҳикматли ҳикоятлар

Ўзликни англаш

Бир киши сўради:
— Инсон ўзини қандай англайди?
Донишманд жавоб берди:
— Кундузлар ва кечаларнинг сирларини қалбингиз ёлғизликда, осудаликда англайди.
Қулоқларингиз эса, қалбингиз билиб олган нарсани эшитишни хоҳлайди.
Чунки сиз хаёлан билган нарсаларингизни сўзлар воситасида ҳам билишни истайсиз.
Тушда кўрган чашмаларингизга қўл теккизиб кўришни хоҳлайсиз.
Бу тилагингиз яхши.
Дилингиз чашмаси қайнаб-тошиб, ташқарига чиқишни, ҳаёт денгизига жилдираб, куйлаб оқишни хоҳлайди.
Ана шунда нигоҳингизга қалбингизнинг тубсиз теранликлари, улардаги хазиналар очилади.
Аммо сиз у ноёб билим хазиналарини ақл тарозуси билан тортиб, қанчалар бойлигини ўлчаб кўришга уринманг.
Чунки у хазиналар ниҳоясиз, тубсиз денгиздир.
Ана шунда “Бор ҳақиқатни билдим”, деб ўйламанг. Айтингки: “Менга ҳақиқат пардаси очилди”.
“Қалбим йўлини, қаёққа бораётганини кўрдим”, деманг. Яхшиси: “Руҳимга кўзим тушди”, денг.
Негаки, руҳингиз турли йўллардан бориши мумкин.
Руҳ фақат бир йўлдан юрмайди, у қамишга ўхшаб ўсмайди.
Руҳ нилуфарга ўхшаб очилади, гулбарглари ҳар томон сочилади.

Дўстлик ҳақида

Ёш йигит сўради:
— Ё, устоз, дўстлик нимадур?
Донишманд жавоб берди:
— Сизнинг дўстингиз орзуларингиз ушалишидир.
Чин дўст — экинзор дала. Сиз бу далага меҳр билан уруғ сепасиз ва ҳосил етишганда мамнунлик билан йиғиб оласиз.
Дўстингиз — дастурхонингиз ва ўчоғингиздир.
Чунки сиз ташналигингизда дўст олдига келасиз ва унинг ҳузурида ором топасиз.

Сўзлар

Бир адабиётчи олим сўради:
— Ё, устоз, сўз нимадур?
Донишманд жавоб берди:
— Фикр-ўйларингиз ичингизга сиғмай кетганида сўзга айланади.
Қалбингиз ёлғизликдан зерикканида унинг ҳаёти тилга кўчади ва овоз уни ёлғизликдан қутқаради.
Аммо сўзлар кўплиги фикрни чалажон қилади.
Фикрни учқур қуш, дейдилар. Ҳа, у сўзларнинг қафасида яхши қанот ёзиб учолмайди.
Баъзиларингиз ёлғиз қолишдан қўрқиб, сўзамол, сергап дўстларни излайсиз.
Шундайлар борки, суҳбат чоғида ўзлари билмаган ҳолда ҳақиқатни очиб қўядилар.
Баъзилар эса ҳақиқатни дилида яшириб, тилига чиқармайдилар.
Бундайларнинг қалбида руҳ сукунатда яшайди.
Дўстлар йўл ёқасида, бозормайдонда учрашдими, бари бир, тилингиз дилингиз билан ҳамоҳанг бўлсин.
Дўстликда қалблар ҳақиқатни топадилар.

Вақт нима?

Фалакиётчи олим сўради:
— Вақт нимадир, аё устоз?
Донишманд жавоб берди:
— Сиз ниҳоясиз ва ўлчаб бўлмас вақтни ўлчашга уринасиз.
Сиз соатларга ва йил фаслларига қараб яшашни хоҳлайсиз ва ҳатто кўнглингизни ҳам вақтга бўйсундиришни хоҳлайсиз.
Сиз вақтдан жилға, сой ясаб, қирғоғида ўтириб уни кузатишни хоҳлайсиз.

* * *

Аммо сиздаги бевақтлик ҳаётнинг бевақтлигини англайди ва биладики:
— Кечаги кун бугуннинг хотираси, эртанги кун эса — бугуннинг орзусидир.
Дилингиз куйлаётган ва фикрлаётган экан, демак, сиз илк бор юдузлар осмонга сочилган илк лаҳзаларда яшаётган бўласиз.
Орангизда меҳр-муҳаббат ўлчовсизлигини тушунмайдиганлар борми?
Меҳр-муҳаббат ўлчовсиз бўлса ҳам у вужудингизнинг ҳамма тарафида эмас, балки меҳварида, қалбингизда яшайди.
Вақт ҳам севги каби, бўлинмайди ва ўлчанмайди.

Роҳат-фароғат нима?

Шаҳарга йилда бир марта келадиган, узлатда — хилватда яшайдиган дарвеш сўради:
— Роҳат-фароғат нима?
Донишманд жавоб берди:
— Роҳат-фароғат — ҳуррият қўшиғидир, аммо ҳурриятнинг ўзи эмас.
Бу — тилакларингиз гулидир. Аммо меваси эмас.
Бу — Арши аълога чорловчи теранликдир.
Бу — қафасдаги асира қуш, у энди қанот қоқиб учмоққа интилади.
Ҳа, бу ҳуррият қўшиғидир, уни сиз чин дилдан куйлайсиз, аммо куйлаш лаззатига берилиб, дилингизни йўқотманг.
Орангизда роҳат-фароғатда яшашни истайдиган ёшлар бор, сиз уларга таъна, дашном берманг, роҳат-фароғатни излайверишсин. Аммо уни топиш учун бошқа яхши ишларни қиладилар. Илдиз қидираётган одам хазина топиб олганини эшитганмисиз?

* * *

Орангизда баъзи қариялар борки, улар ёшлигида роҳат-фароғат топганларини эсласалар, хижолат бўладилар.
Хижолат чекиш ҳам яхши фазилат.
Гар хижолат чекишдан юпанч олсалар — бу ҳам яхши.

* * *

Орангизда шундайлар ҳам борки, роҳат излаш учун ёшлари ўтиб қолган. Эслаш учун эса ҳали кексаймаган. Бу одамлар роҳат изламайдилар ҳам, роҳатни эсламайдилар ҳам, руҳлари озор топмаслиги учун барча роҳатлардан ўзларини тиядилар.
Аммо уларнинг ана шу парҳезкорлиги ҳам роҳат-фароғат келтиради.
Шу одамлар илдиз топиш учун қўллари титраб, ерни кавлаганида хазина топиб олган кишилардир.
Аммо айтинг-чи, руҳга ким озор беради?
Булбул — кеча сукунатига, ялтироқ капалак юлдузларга озор бера оладими?
Сиздаги аланга ва тутун шамолга озор бера оладими?
Ёки сизнингча, руҳ бир кўлмакми эди, уни таёқ билан туртиб, чайқалтирсангиз?

* * *

Роҳат-фароғатдан ўзингизни тияр экансиз, унга эҳтиёжингизни вужудингиз ичига яширасиз.
Ким билади, бугун топмасангиз, эрта бир куни ҳузур-ҳаловат топарсиз?
Ҳатто сизнинг вужудингиз ўзига нима ваъда қилинганини, нимага ҳақли эканини яхши билади. Уни алдай олмайсиз.
Вужудингиз эса — руҳингиз сеторидур.
Бу сеторни нозик майин куйлатиш ҳам, қўпол товушлар чиқариш ҳам сизнинг қўлингиздадир.

* * *

Дилингизда ҳайрон бўляпсиз: “Ҳузур-ҳаловатнинг яхши жиҳати қайси, ёмон жиҳати қайси?” деб.
Боғингизга бориб, қаранг. Болари учун гуллардан бол йиғиш — ҳузур-ҳаловатдир.
Гул учун ҳам асаларига бол бериш — ҳузур-ҳаловатдир.
Зеро, асалари учун лаззат олиш ва лаззат бериш — ҳаётий эҳтиёждур. Важд ва ҳол — шудир.
Аҳли жамоа — роҳат, фароғат топиш учун гулга ва боларига ўхшаб яшанглар.

Русчадан Маҳкам Маҳмуд таржимаси
“Китоб дунёси” газетасидан олинди.