Рамон Гомес де ла Серна. Акс-садо билан баҳслашма…

Қалам соядаги сўзларни ёруғликка олиб чиқади.

* * *

Қуриган фавворалар — обиҳаётнинг қабр тошларидир.

* * *

Дарёлар ўз номини билмайдилар.

* * *

Камалак — чўмилиб чиққан табиат сочини боғлайдиган шойи тасма.

* * *

Ғор — тоғларнинг эснаши.

* * *

Тошлар кутишни биладилар.

* * *

Осмон шундай тусдаки, гўё юзлаб мусаввир мўйқаламини артиб олгандек.

* * *

Жирафа — қизиққонлик қилиб қиёфасини ўзгартирган от.

* * *

Кўҳна ойналар заҳарли — улар марҳумлар нигоҳи билан тўйинган.

* * *

Денгизлар ер юзини сув билан чайгани-чайган — гўё уни ҳушига келтириб бўладигандек.

* * *

Аёллар оёғи пойафзал дўконида ўзини ­бахтли ҳис этади.

 

* * *

Ўйлаш осон. Ёзиш қийин.

* * *

Аёллар, барча эркаклар бир хил, деб ўйлайдилар ва ­уларнинг кучи ҳам ­шунда; эркакларнинг эса, аёллар ҳар хил эканига ­ишончлари комил — бу ишонч уларни нобуд қилади.

* * *

Момо Ҳавонинг Одам Атога иқрорини эшитгандан бошлаб олманинг ёноғи қизара бошлаган.

* * *

Қиз учрашувга қанча кеч чиқса, ­шунчалик табассумли.

* * *

Қўшнимизнинг токка уланган ­чангютари бизнинг ­барча фикрларимизни сўриб олади.

* * *

Китоб — ёлғизлик уммонида чўкиб кетаётган одам учун ­қутқарув белбоғи.

* * *

Соқол қўйдинг ва сочинг тўкилди — материянинг сақланиш қонуни бу.

* * *

Оғзига эмизгич солинган гўдак трубкада тамаки бурқситаётган одамга катта акасидек қарайди.

* * *

Фиръавнлар эҳромлар ёрдамида ўзларини тарғиб этишди.

* * *

Акс-садо билан баҳслашма: барибир сўнгги сўзни у ­айтади!

 «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 27-сон