Ҳақиқат — юрак баҳори ҳамда ҳар қандай маҳлуқдан ундириб олинадиган солиқ. У виждон ёритиб турадиган шон-шавкат ва зиё мевасидир. Ҳақиқат чинакам қудратнинг улуғворлигини, асл онгнинг вазминлигини ифодалайди. Унинг гувоҳлиги баҳсларни ечади ва ҳукмларни мустаҳкамлайди.
* * *
Арабларнинг нутқи сувдан мазали, елдан майин, пайкондан ўткир, ўқнинг учишидан тездир. Ундаги сўзлар тахлаб қўйилгандай текис, уларни тушунтириб беришнинг, алмаштиришнинг, ўрнини ўзгартиришнинг кераги йўқ. Уларнинг нутқини эшитиш ва тушуниш осон, ёдлаш ва қабул қилиш қийин. Унинг товуши қулоқларга ёқимли, маъноси ақлга фойдали; Қуръон араблар тилида пайғамбаримизга нозил этилган. Араблар нутқига бошқа ҳеч қандай нутқ тенглаша олмайди — у барча халқлар нутқининг маликаси: у кишиларни ўзига жалб қилади, тўғри йўлни топишга кўмаклашади, зеро, арабларнинг ниятлари олий, мақсадлари юксакдир.
* * *
Шеърият — тилнинг безаги, сўзамоллик силоҳидир. Унда сўзлар сатрларга бўлинган, уларнинг ўрни қатъий белгиланган. Сўзлар бир-бири билан маҳкам боғланган, зиддият уларга буюрилгандир. Арабларда шеърият — табиий инъом, бошқаларда эса ўзларига монанд яратилгандир.
Юракда туғилган сўзлар юракка етиб боради, тилда туғилганлари эса қулоқдан нарига ўтмайди.
Ёлғон — хоинлик белгисидир. У билимнинг айниганини, фикрнинг сохталашганини кўрсатади. Ёлғон қалбнинг ноаниқ орзуларга ҳакалак отиши, тўғрини эгри қилиб кўрсатиш, адолатдан оғишдир.
Бир файласуф айтган экан: “Ёлғончи — мурдага ўхшайди, зеро, тирик одамнинг устунлиги нутқидадир. Агар унинг сўзларига ишониб бўлмаса, демак, унинг умри бекорга ўтаяпти”.
Ёлғончи — билан бир гўр. Фақат ўғри сенинг буюмингни ўмарса, ёлғончи ақлингни ўғирлайди.
Кимдир сенинг фойданг учун алдаган бўлса, бошқа сафар ёлғондан сенга қарши фойдаланади. Кимдир сенинг олдингда бировни ёмонлаётган бўлса, бошқа жойда сени ёмонлашдан тоймайди.
* * *
Луқмон айтган экан: “Сукут сақлаш — доноликдир, афсуски, кўпчилик сукут сақлашни билмайди. Худди битта камондан ўқ узгандай, бу ҳақда тўртта подшо бир хил гапирган экан: булар Хусрав, Рум қайсари, Хитой подшоси ва Ҳиндистон шоҳи”.
Хусравнинг сўзи: “Мен айтмаган гапим учун ҳеч қачон афсусланмаганман, айтган гапим учун кўп марта афсус чекканман”.
Рум қайсарининг сўзи: “Ҳали айтиб улгурмаган нарсани қайтариб олиш мумкин, лекин мен айтган гапни қайтариб олиб бўпсан”.
Хитой подшосининг сўзи: “Сен сўзни ирод қилдингми, бас, у сенинг устингдан ҳокимлик қилади, ҳали айтиб улгурмаган сўзингга эса ўзинг ҳокимсан”.
Ҳиндистон шоҳининг сўзи: “Кимдир бирор нарса ҳақида гапирса ҳайрон бўламан. Агар унинг гапини керакли жойга етказишса, унга зарари тегади, агар етказишмаса — ҳеч қандай наф бўлмайди”.
* * *
Донишманддан сўрадилар:
— Ўзини авайлаш нима?
— Гумонсираш.
— Ақл билан иш кўриш-чи?
— Маслаҳат сўраш.
— Юракларни туташтирувчи нима?
— Муҳаббат.
— Муҳаббатнинг ўзи нима?
— Сахий қўл ва хайрли хабар.
— Эҳтиёткорлик нима?
— Муҳаббат ва нафратда холислик.
* * *
Кишилар орасида энг аҳмоғи султон билан бепарво гаплашади ва дўстларини хўрликка чидашга мажбур этади.
Тентак одамни таърифлай туриб биттаси шундай дебди: унинг товусдан — оёқлари, гулдан — тиконлари, сувдан — кўпиги, оловдан — тутуни, шаробдан — кайфи бор; унинг фисқ-фасоди — самум1 , найранги эса — чаёндир.
* * *
Ал-Жоҳиз дейди: “Қўрқоқлик ва бахилликнинг табиати бир хил: уларнинг асоси — Оллоҳга ишонмасликдир”.
Ашаб-текинхўрнинг дўстларидан бири ҳикоя қилади. Бир куни Ашабни тамадди қилиб, гаплашиб ўтирамиз деб уйга чақирдим.
— Чақирилмаган меҳмон келиб, бизга халақит беради деб қўрқаман, — жавоб қилди у.
— Қўйсанг-чи, иккаламиз бўламиз, холос, — деб ишонтирдим уни ва биз уйга жўнадик.
Пешин намозидан сўнг, мен овқат келтиришларини буюрдим, худди шу пайт эшик тақиллади.
— Ана, кўрдингми? — деди Ашаб. — Мен худди шундан қўрққан эдим.
— Э, бу менинг дўстим, — деб тушунтирдим унга. — Унинг ўнта одати бор, агар шу қилиқларидан биттаси бўлсин сенга ёқмаса мен уни уйга киритмайман.
— Хўш, қани айт-чи, қанақа одатлари бор унинг, — талаб қилди Ашаб.
— Биринчи одати, — деб бошладим мен, — у емайди ҳам, ичмайди ҳам…
— Бас! — сўзимни бўлди Ашаб. — Қолган тўққиз одатини санамасанг ҳам бўлади. Айт, кираверсин.
Кўзлари сўқир шоир Башшар ибн Бурд бир куни халифа ал-Маҳдийникига кириб келди. Халифа тоғаси Язид ибн Мансур ал-Хумайри билан суҳбатлашиб ўтирганди. Башшар халифага қасидасини ўқиб бергач, Язид ундан сўраб қолди:
— Қанақа ҳунар билан шуғулланасан, қария?
— Марварид бурғулаш билан, — деди Башшар.
— Нима бу, тоғамни калака қилаяпсанми? — жаҳли чиқди Маҳдининг.
— Эй, мўминлар ҳукмдори, бундай саволга мен қандай жавоб беришим керак эди? — ҳайрон бўлди шоир, — Рўпарангизда кўзи ожиз шоир шеър ўқиётибди, тоғангиз бўлса нима ҳунар билан шуғулланасан, деб сўраяпти!
Сендан баланд турганга бўйсунсанг, шунда ўзингдан паст турган сенга бўйсунади.
Ўз фуқаролари ҳисобига бойлигини кўпайтираётган подшо уйининг пойдеворини бузиб, томига ёпаётган одамга ўхшайди.
Хусрав ўз кунларини шундай тақсимлабди:
— Шамол эсиб турган кун ухлаш учун жуда яхши, ҳаво булутли бўлса — шикор айни муддао, ёмғир ёғиб турса — май ичиш ва базми жамшидга не етсин, офтоб чарақлаб турган кун юмушлар билан шуғулланишга қулай.
Хусравдан сўрашибди:
— Шоҳ қандай фазилатга эга бўлиши керак?
— У билан гаплашсанг, — дебди Хусрав, — кўрасанки, шоҳ кўп нарсани билади, синаб кўрсанг, у ҳамма нарсани тушунишини сезасан, жаҳли чиққанда — кечиради, ғолиб келганда — асирларни қўйиб юборади, ачинганда тақдирлайди, берган ваъдасининг устидан чиқади, хўрланганларни ҳимоя қилади.
Бир подшоҳдан сўрашибди:
— Шундай юксак мартабага эришувингда сенга нима ёрдам беради?
У шундай жавоб берибди:
— Қудратли бўлишига қарамай, кечира билиш; қаттиққўл бўлишига қарамай, юмшай билиш; ҳатто ўзига нисбатан ҳам ҳамиша адолатли бўлиш; муҳаббат ва нафратда эса ўз фикрини ўзгартиришга имкон берувчи чегарани сақлай билиш.
Ибн ал-Мутазз ҳокимият ҳақида шундай дейди:
Ҳокимият ҳаммадан кўра, ўзига яқинроқ турганга кўпроқ ташвиш келтиради, чунки оловга ким яқинроқ ўтирса ҳаммадан бурун ўша куяди.
Ҳокимият ёрдамида қандай бойлик оласан? Қўрқоқ юрак, ҳорғин вужуд, дарз кетган иймон, холос.
Денгизда сув жуда мўл, лекин у чуқурлиги билан хавфли; ҳокимият ҳам шундай: бу дунё улуғворлигини ким у билан тотса, у дунё изтиробларини ҳам бирга баҳам кўради.
Бадан жонсиз яшай олмаганидек, халқ ҳам ҳокимиятсиз яшай олмайди.
Султон сенга қанчалик марҳамат кўрсатса, сен унга шунча кўп эҳтиром кўрсат.
Ким султон ҳузурида бўлишни лозим кўрса, ғоввос денгизнинг шўр сувига чидаганидек, у ҳам султон шафқатсизлигига бардош бериши керак.
Иймон шоҳни асрайди, шоҳ эса уни мустаҳкамлайди.
Талотўп пайтида султондан ўзингни четроқ тут: зеро, денгиз сузувчига сокинлигидан ҳам хавфлидир, довул пайтида бу хавф янада ортади!
Буюк Искандардан сўрашди:
— Сен нима учун устозингни отангдан кўра кўпроқ ҳурмат қиласан?
— Отам менга фоний дунёни бахш этди, устозим эса боқий дунёни…
Искандарга форслар устига кечаси юриш қилишни маслаҳат беришди.
— Мен ҳеч қачон ғалабани ўғирламайман, — деб жавоб берди у.
Искандарга Доронинг қизига уйланишни таклиф этишди.
— Мен отасини бўйсундирганим аёлга бўйсунмайман, — дея рад этди бу таклифни у.
* * *
Касаллик — тўсатдан пайдо бўлган кексалик, кексалик эса табиий касалликдир.
Фойдали нарсадан кўпроқ егандан кўра, зарарли нарсадан камроқ еган маъқул.
Учта ташвишдан қочиб қутулишнинг иложи йўқ. Булар — ялқовликдан вужудга келувчи қашшоқлик, ҳасаддан пайдо бўлувчи душманлик, кексалик туфайли зўрайгувчи касалликдир.
Уч нарсадан — султондан, касалдан ва аёлдан узоқроқ юрган маъқул.
Уч тоифа — касал, йўловчи ҳамда рўза тутгувчининг бадфеълини кечириш мумкин.
Икки нарса — ёшлик ва саломатликнинг қадр-қиммати улар йўқотилгандан кейингина билинади.
Бузуржмеҳр айтибди: “Агар ҳаётдан қимматлироқ нарса бор бўлса, бу — сиҳат-саломатликдир; агар ўлимдан даҳшатлироқ нарса бўлса — бу касалликдир, агар ҳаётга тенг нарса бўлса, бу бойлик, ўлимга тенг нарса эса — қашшоқликдир”.
Ибн ал-Мутазз айтибди: “Ўлим — сенга қарата узилган ўқдир, ҳаёт эса ўша ўқ сенга етиб келгунга қадар бўлган лаҳзалардир”.
Иброҳим ал-Хусрийнинг “Адабиёт гуллари” китобидан
Рус тилидан Файзи Шоҳисмоил таржимаси.