Ўзбекистон халқ ёзувчиси, атоқли адиб Неъмат Аминовнинг (1937 — 2005) “Бир аср ҳикояти” (“Темирчининг тиллолари”) рисоласи (“Ўзбекистон” нашриёти, 1995) чоп этилганига йигирма йил бўлибди. Мазкур нашрнинг илк саҳифасидаги “Муаллифдан” сўзбошисида: “Иншооллоҳ, бу битикларни ҳам ўқийдиганлар топилар”, дейилган. Рисолани ўқиш жараёнида бу битикларни излаб топиб ўқийдиганлар бисёрлигига амин бўламиз. Чунки бу китоб ҳалоллик, меҳнатсеварлик, сабр-қаноатдан сўзлайди. Халқ донишмандлигини мужассам этган уста Амин бобо Нуруллобой ўғли — элимизнинг суюкли ёзувчиси Неъмат Аминовнинг падари бузруквори айтган нақллар бугунги кун одамлари, айниқса, ёшлар жон қулоғи билан тинглаши лозим бўлган чўнг ҳаётий ҳикматлар. Бу нақллар ўқилганда худди мўйсафид донишманд меҳр нигоҳини тикиб сиз билан гурунглашаётгандай таассурот қолади. Бундай рисолалар ўқилмайди, балки сукут сақлаб, эътибор билан тингланади. Чунки уларда минг йиллар оша келаётган халқ даҳосининг ҳаёт фалсафаси содда, самимий тарзда ўз ифодасини топган.
“Ҳали ҳаёт чоғларида отамдан эшитганларимнинг айримларини ўз ҳолича, айнан қоғозга тушириб қўйган эдим. Орадан анча ўтгач, ўқиб қарасам, бу ёзувлар кўзимга тўтиёдек кўринди”, деб ёзган эди муаллиф. Дарҳақиқат, кўзларга тўтиё айласа арзигулик нақлларнинг бир қисми қуйида эътиборингизга тақдим этилаётир.
* * *
— Отахон, мана, тўқсон олти ёшга кирибсиз, сизнингча, узоқ яшашнинг сири нимада?
— Нима дейди?
— Узоқ яшашнинг сири нимада, деб сўраяптилар.
— Ҳа-а… сирини билмайман. Парвардигор мани йўқ жойдан бунёд этди: қўл берди, оёқ берди, кўз берди, қулоқ берди, ризқу рўз берди, покдомон хотин насиб этди, ақли комил фарзандларни берди. Бир умр шукр қилиб яшадим. Узоқ умр берди, унинг сирини ҳам ўзи билади-да, мухбир бачам. Энг олий сирдон Яратганнинг ўзи.
* * *
Тўқсон олтига кирдим. Кўзим хира, қулоғим эшитмайди, оёқларимда дармон йўқ. Билмадим, бир куни қарисам, нима бўларканман?
* * *
Отам раҳматли жуда миришкор деҳқон эдилар. Ҳар баҳорда қовун экканларида икки-уч жўяга зомича(ҳандалак), яна бир парча ерга исли зомича экардилар. Ҳаммадан аввал ана шу исли зомича сарғайиб пишарди. Уни еб бўлмасди: фақат ҳидлардийиз. Бирам хушбўй, бирам черайли эдики, қўлтиғингизга биттасини солиб юрсангиз, шамол кунлари ҳиди бир чақиримга тараларди. Одамлар қовун пишмасданоқ унинг ҳидидан мазза қилардилар.
Онам раҳматли бир куни Мукаррам опамга, ана бу исли зомичага суқ билан қараб, тез-тез искаб тур, буни иси юрак ўйноғига даъво, яна бўйингдаги бачанг ҳам қувват олади, деганлари кечагидай эсимда… Кейин билсам, қариларнинг ҳар бир гапи ҳикмат экан…
* * *
— Неъмат!
— Лаббай, ота?
— Нечага кирдинг?
— Эллик бешга.
— Она қорни билан эллик олтига-да? Демак, камида эллик йиллик гапни ақлинг олса керак. Энди айт-чи, мани бирор марта арақ ичганимни кўрганмисан?
— Йўқ.
— Ёмон йўлга юрганимни ёки бировни ҳаққини еганимни кўрганмисан?
— Йўқ.
— Унда нега арақ ичасан?
— Кўп ичмайман-ку, ота… Энди, кеча меҳмонлар билан жиндай…
— Худою пайғамбар ҳаром қилган нарсани нега ичасан? Ахир, арақнинг ўзи кўзачага қамалган жин-ку! Яна жиндай дейди-я…
* * *
Бодом гуллади, шафтолию зардоли гуллади, олма гуллаб ҳосил тугди, сан қачон гуллайсан, Болта? Ахир, сан тенгиларнинг кўпчилиги бола етаклаб юрибди…
* * *
— Саид Аҳмад, бу Саидахоннинг вафотларига қанча бўлди?
— Йигирма йил.
— Сизгаям қийин бўлди-да ука. Ҳа, биров олдин, биров кейин, нима қиламиз энди, тақдири азал шу экан-да. Айтмоқчи, нечага бордингиз, ука?
— Йилим қўй, етмиш учга кирдим.
— Ўҳ-ҳў, ҳали ёш бола экансиз.
* * *
Онангни туш кўрибман, ўғлим. Ясанган-тусанган эмиш. Черайли, кулибгина турибди раҳматли. «Ҳа, онаси, пасонла зўр-ку!»— дебман. «Ҳалиям рашкингиз қолмабди-да, Муҳаббатдан бир хабар олиб келай», дермиш. Э, ана… опангни ўзи келиб қолди. Болта… Муҳаббат, тезда бориб онангни қабрига дуойи-фотиха қилиб келинглар, тушимга кирибди, руҳи очиққанга ўхшайди.
* * *
Эсингда бўлсин, кўпам «Э, худо», «Э, Оллоҳ» дейишга одатланма. «Э»да иддао бор. Парвардигорга зурна қилмоқчи бўлсанг «Ё, худо!» «Ё, Оллоҳ!» — де. Шуниси тузукроқ…
* * *
Бу дунёга келиб, уч нарсадан ҳазар қилдим: биринчиси — тилло, иккинчиси милтиғу таппонча, учинчиси — қадаҳ. Шу учаласини қўлимга олмадим.
* * *
Темирчи бўлиб пичоқ ясамадим, қурол ясамадим. Ўроғу кашкорд ясадим — одамлар буғдой ўрсин деб. Кетмону бел пешладим — деҳқонлар ариқ қазиб, сув тарасин деб. Кў-ўп капкир ясадим. Яна-чи, асов отларни тақаладим — жониворларнинг туёққиналари оғримасин деб.
* * *
Зинҳор-базинҳор бировни қарғашга одатланма. Худога хуш келмас экан. Оллоҳ таоло: «Мен яратган бандани қарғашга сани нима ҳаққинг бор, яхши-ёмон қилмишини ўзим кўриб турибман-ку, қандай жазога лойиқлигини ҳам ўзим биламан», деркан.
* * *
Қишлоғимиздаги муфти Соли раҳматли бир гапни такрорларди. Одамизодда уч хислат бўлиши — мукаммаллик аломати экан. Булар: нутқи тома, зийнати жома, маъқули омма. Яъники, бу — нутқинг дона-дона, равон бўлсин, чопонинг тоза ва кўримли бўлсин, ўзинг эса ёқимли, маъқул бўл, дегани экан.
* * *
— Неъматулло!
— Лаббай, ота?
— Бу, Шариф Нурхон деган шоир чиқибдими? Кеча радиёлда жуда баъмани шеър ўқиди-да, «Ота-онанг» деган. Сен билан танишлиги бор экан, бирон кун олиб кел, чақ-чақлашиб кетади… Бошқа арақхўр шоир жўраларингни илакиштирма, бир ўзини айт, яна анжуман қилиб юрма.
* * *
— Неъмат, бу, сан гапирган кишилар қўл остингда, жамоангда ишлайдими?
— Ҳа.
— Санга бир гапни айтаман. Эсингда тут. Бошлиқ деган ўз жамоасининг кўрпаси бўлиши керак. Яхшисини ҳам, ёмонини ҳам кўрпа бўлиб устини ёпсин. Наинки ҳаммага достон қилиб юрса?
* * *
Буқанинг ипи узун бўлса, деворни тешаркан.
* * *
— Элмурод!
— Лаббай, тоғо бобо?
— Сизга бир гап айтаман, ёдингизда тутинг. Қаранг, Оллоҳ Президентимизнинг кўнглига солибдики, сизга туман ҳокимлигини ишониб топшириб қўйибди. Қўлингиз истаган нарсага етади. Аввало, икки нафсга эҳтиёт бўлинг. Кейин, товуқнинг тухумини енг-у, зинҳор ўзини ейишга одатланманг. Сиздан олдингилар нафақат товуқнинг ўзини, балки эгасини ҳам қўшиб еб юборганлар. Кўриб турибсиз-ку уларнинг аҳволини…
* * *
Зинҳор гаворани чақолоқсиз тебратгулик қилмасин экан.
* * *
— Онанг билан турибсанми, Лайлош?
— Йўқ, усто бобо, онам “дом”да турибдилар. Келин ҳовлига сиғдирмади.
— Онангни тўппидек қорнига сан тўққиз ой, тўққиз кун, тўққиз соат, тўққиз дақиқа сиққанда, онанг сенинг ҳайҳотдек ҳовлингга сиғмабди-да!?
* * *
Ҳаво булут бўлса, икки киши гуноҳкор бўларкан. Чунки биттаси: “Ёмғир ёғади” деса, иккинчиси: «Йўқ, ёмғир ёғмайди», дейди. Гумроҳ бандалар-да, “Худо билади”, деса-ку бўлади.
* * *
Юзма-юз келганда сандан аттайи салом кутган такаббур кишига албатта салом бер, бир еринг камайиб қолмайди.
* * *
Раҳматли Шариф Нурхон Бухорода яшаб, қашшоқликда ўлиб кетган Наққош гадо деган шоирнинг бир байтини тез-тез такрорлаб юрарди:
Кўп бўлсаям кетади,
Кам бўлсаям етади.
Энг катта бойлик — бу қаноат.
* * *
Зинҳор бу ёлғончи дунёда ўликдан жон, гадойдан садақа, хасисдан насиба, товуқдан сут сўраманглар.
* * *
Текин теша хуржун тешар.
* * *
Жиянларимдан бири уч яшар ўғилчасини белига миндириб олиб уй ўртасида эмаклаб юрар, бола қийқириб: «Ишша-ишша… хих!» дер эди. Бу ҳолни кузатиб турган отам мийиқларида кулиб:
— Ўғлингга эшак минишни ўргатяпсанми? — дедилар унга, — «Ишша… хих!» ни ўргатгунча «Чуҳ» дейишни ўргат, шунда ўзинг ҳам от ўрнига эшак бўлмайсан, ўғлинг ҳам ҳақиқий чавандоз бўлиб етишади.
* * *
— Э, қўй мани, кўп азоб берма. Емайман… Ғазал ўқиб бўлинди. Қани, қўлингни бер, тайлоғим… Бу дунёда энди қиладиган ишим қолмади. Бундай ўйлаб қарасам, отамдан кўп яшадим, онамдан кўп яшадим, акамдан кўп яшадим, синглимдан кўп яшадим, яккаю ягона укам бориди, уям бултур оламдан ўтди… Бўлди-да, энди, яна нима керак манга? Фақат, дуо қилинглар. Оллоҳ таоло имонимни басаломат қилсин…
* * *
Отажон, оғзингизни очинг, икки дона узум енг.
— Емайман…
— Келинг, йўқ деманг энди.
— Онажоним, барражоним, эрка қизим, қўй энди, мани кўп қийнама…
— Йўқ деманг, биттагина енг.
— Хўп… ана… уф… қалай, маладес бўлдимми энди?
* * *
— Бобожон!
— Жоним, жоним! Дилбаржон…
— Бир тилим қовун ейсизми?
— Ҳай… бўлди, онажоним, барака топ, икки дунёнг сероб бўлсин.
— Қолганини ҳам енг, бобожон.
— Бўлди, барражоним, худойим тақдир қилган бўлса қолганини жаннатда ерман.
* * *
— Ўзингга шукр, Парвардигор, берган ноз-неъматларингга шукр, Художон, берган умринг, берган ҳар нафасинг, берган дардгиналаринг учун шукр, Художон… Неъмат… шу ердамисан, қўзим, бизларни раҳматли Чориқулбой ҳам қўзиларим, дерди. Қани, қўлингни бер, манга қара. Ҳаммаси намоздан кейин тугайди… Дастлаб Самад муаллимга хабар қўйинглар. Манга алифбони ўргатган. Жанозани ихтиёрини Кароматовга қўй. Амон келтирган ўзбекча Қуръонни домодинг Аҳматга бер, ўқисин… Қоқиштувондан усто Нурбойни айттиринглар…
— Ахир, у киши…
— Э, э… гапимга қулоқ сол, ўзи ўлган бўлса, ўғли, ака-укалари бор… Шофирконга, усто Қудратга тилпон қилинглар… Теша бобога мошин юборинглар… Мандан ҳеч қўрқма… фақат омонатни соғ-омон Ҳаққа топшира олсам бўлди… Тана, ана шу тана қолади… Ҳеч нарсадан қўрқма… лаҳатга жасадимни ўзинг қўй, тайлоғим…
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 37-сон