“Темир хотин”, “Темир эркак”, 1997 йил тафсилоти, қабул қилинмаган 6 та сценарий ва ҳоказо… (2013)

http://n.ziyouz.com/images/sharof_boshbekov.jpgДраматург Шароф Бошбеков ва ёзувчи Анвар Намозов суҳбати

Шароф Бошбеков – таниқли ижодкор. Унинг услубига хос ҳазил-мутойиба, чапанилик, содда-тўпорилик мухлисларни ўзига жалб этган. “Темир хотин”, “Чархпалак”, “Масхарабоз” номли пьеса, телесериал ва бадиий фильмлари ҳозирги кунда ҳам ойнаи жаҳон орқали намойиш этиб турилади. Бу ижодкорнинг яна бир жиҳати борки, у дадил, очиқ-ошкора гапиради. Эҳтимол, шу боис бўлса керак, суҳбатимиз яхши чиқди…

– Шароф ака, энг аввало, ўқувчиларни таржимаи ҳолингиз билан таништирсангиз.

– Мен Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида 1951 йил 4 январь куни туғилганман. Туғилишга туғилиб қўйдим-у, энди чақалоққа исм қўйиш керак. Машҳур бахши Фозил Йўлдош билан деярли ҳамқишлоқ эдик. “Деярли” дейишимга сабаб, қишлоқларимиз ёнма-ён, жуда яқин эди. Айни қиш. Фозил ота “кўмир, ўтин-чўпдан қийналиб қолдим, ҳеч ким хабар олмайди”, деб Ёзувчилар уюшмасига, Олий Советга, Марказқўмга устма-уст шикоятлар ёзаверибди. Ўша пайтдаги Олий Совет раиси Шароф Рашидов янги йилни кутиб олиш учун Самарқандга боради. Қайтишда “оқсоқолдан бир хабар олиб кетайлик”, деб Фозил отанинг уйига кириб ўтади. Бахшининг хонадонида ҳурматли меҳмон шарафига қўй сўйилиб, катта зиёфат берилади. Қишлоқнинг бообрў одамлари қаторида бизнинг отамиз ҳам айтилади (отамиз ўша пайтлар “Қорамўйин” қишлоқ советида котиб бўлиб ишлаганлар). Аллоҳнинг қудрати билан ўша кечаси қалин қор ёғиб, уй эшиклари очилмай қолган, машинани кўмиб юборган (отамизнинг айтишларича, “от юролмас қор босган”). Меҳмонлар яна бир кеча қолишга мажбур бўлишади. Вақт ярим кечадан оққанда қўшнилардан бири деразани чертиб:

– Бошбек ака, ўғилли бўлдингиз! – деган хабар олиб келади.

– Нима исм қўясиз, Бошбекбой? – дейди Фозил ота.

– Ўзларингиз бир нима дейсизлар-да… – дейди отамиз бошларини эгганча.

– Бўлмаса, ҳурматли меҳмонимиз шарафига “Шароф” деб қўясиз-да! – дейди бахши ота ва савол назари билан Шароф отага қарайди.

Шароф ота мийиғида кулиб ўтираркан, эътироз билдирмабди…

Ана ўша “от юролмас қор босган” кечаси туғилган чақалоқ камина бўладилар.

Шундай қилиб, отамиз хизмат юзасидан туман марказига кўчиб ўтади. Ва мен Булунғурдаги Пушкин номидаги 60-мактабда ўқиганман. 1969 йилда ҳозирги санъат институтининг мусиқали актёрлик бўлимига қабул қилиндим. Аввал Муқимий театрида, кейинчалик Сирдарё вилоят театрида актёр бўлиб ишладим. Ёзувчилик фаолиятимни жуда кеч – ўттиз ёшлар атрофида – бошлаганман. Мен тенги ёзувчилар – Мурод Муҳаммад Дўст, Эркан Аъзам, Аҳмад Аъзам, Тоғай Мурод, Хайриддин Султон, шоирлар Хуршид Даврон, Шукур Қурбон, Мирза Кенжабек, Мирпўлат Мирзо, Йўлдош Эшбек, Тоҳир Қаҳҳорлар – аллақачон ўзимизда ва хорижда уч-тўрттадан китоби чиққан ижодкор бўлиб танилган эди. Биз “яхши от кейин чопади”, деб юраверганмиз…

– Ота-онангиз, акаукалар ҳақида.

Отамиз – Норматов Бошбек. Уруш қатнашчиси. Аввал қишлоқ советида котиб, кейинчалик солиқ тизимида ишлаганлар.

Онамиз – Норматова Ҳамида. Аввалига қишлоқ мактабида рус тили ўқитувчиси, кейинчалик болалар кўпайгандан сўнг, уй бекаси.

Оилада етти фарзанд бўлганмиз – беш ўғил, икки қиз. Энг каттамиз қиз, энг кичигимиз қиз. Ўртада беш ўғил.

Опам мендан икки ёш катта. Табиийки, мактабга ҳам икки йил олдин боради. Мен ҳам – беш яшар зумраша – мактабга бораман, деб “учинчи жаҳон уруши”ни бошлаганман. Опамга нимаики олиб беришган бўлса, дафтар-қалам, ўқиш китоби, расм дафтар, ҳатто ҳуснихат дафтаргача йиғи-сиғи билан ўзимга ҳам олдирганман. Опам билан юқорироқ синфга “ўтганимда”, онамиз латтадан сиёҳдонимга жилд ҳам тикиб берганлар. Опамнинг мактабдан қайтишини кутиб ўтирардим. “Бугун ҳисобдан нима ўтдиларинг?”, “Катта “ш” қандай ёзилади?” деб, шўрлик опамни кийимларини алмаштириб олишга ҳам қўймай саволга тутардим. Биринчи, иккинчи синфларни опам билан баб-баравар ўқиганман. Мактабга бормай саводим чиққан. Отамизга газета ўқиб берардим. Ёшим етиб, мактабга борсам, синфдошларим ҳарф ёзиш учун чизиқча тортиб ўтиришибди…

– Ижодингизда ҳазил-мутойиб кучли. Демак, мактаб даврингизда шўх, олов бўлгансиз. Ёки бундай эмасми?

Йўқ, аксинча, ўйчан, хаёлпараст бола эдим. Кўрган-кечирган воқеа-ҳодисалардан хулосалар чиқарардим. Менимча, бу ниҳоятда яхши фазилат.

Мактабда аълога ўқирдим. “Тўрт” олсам, туни билан йиғлаб чиқардим. Бир куни, нимаям бўлиб, дарсга кеч қолдим. Йиғлагудай бўлиб югуриб кетаётсам, яна бир аълочи қиз шошиб бораётганига кўзим тушиб қолди. У ниҳоятда одобли, ҳамма фанлардан “аъло”га ўқийдиган синфдошим эди. Ўқиш бобида бир-биримизни пинҳона рақиб билиб юрардик. Унинг ҳам дарсга кеч қолиш одати йўқ эди.

Уни кўриб, бутун вужудимга аллақандай хотиржамлик, осойишталик югурди, бояги хижолатпазлик, уялиш, гуноҳкорлик ҳисси қаёққадир учиб кетди. “Ана, қиз бола бўла туриб, Гулсара кеч қоляпти-ю…” деган ўй ўтди хаёлимдан. Иккаламиз деярли бараварига синфга кирдик. Гулсара йиғлаяпти, биз без бўлиб турибмиз. Муаллим иккаламизга ҳам ўтиришга рухсат берди. Гулсара ўтиргандан кейин ҳам йиғларди… Мен ўйланиб қолдим: бировнинг кулфати сенинг кулфатингни енгиллаштира олмайди, деган хулосага келдим ва бутун умр шу ҳикматга амал қилиб келяпман. Мактаб ҳақиқатан ҳам мактаб бўлган…

– Ижодга қизиқиш ўша палладан бошланганми?

– Эсимда йўқ. Лекин ичимда гапларим кўпга ўхшарди. Қандай касбни танласам экан, деган масала кўндаланг бўлганида роса бошим қотди. Кўп адашдим, турли соҳаларда улоқиб юрдим. Улардан биттаси ҳам дилимдаги туғёнлар, фикр ва туйғуларимни тўлалигича ифода қилиш имконини бермасди. Театрда ишлаб юрган кезларимда касб тақозоси ўлароқ жуда кўп бўлар-бўлмас пьесаларни ўқишга тўғри келди. Яхшисидан ёмони кўп эди. Улардан мен қандай ёзишни эмас, қандай ёзмаслик кераклигини ўргандим. Театр, актёрлик табиатини яхши билганим боис, кўпроқ драматургияда омадим чопти.

– Шароф ака, сизни “Темир хотин” машҳур қилди. Шу асарнинг яратилиш тарихи ҳақида сўз юритсангиз.

Бу ҳақда матбуотда кўп ёзганман, радио-телевидениеда кўп гапирганман. Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари. Ўша йиллари хотин-қизлар орасида ўзига-ўзи ўт қўйишлар оммалашиб кетган эди. Марказқўм театрлар олдига шу муаммо ҳақида спектакллар саҳналаштиришни вазифа қилиб қўйди. Аброр Ҳидоятов театри Шукур Холмирзаевнинг “Зиёфат” номли асарини саҳналаштирди. Мен, Марказқўмнинг бу кўрсатмасидан бехабар, бир асар ёза бошладим.

Аччиқ дорини бемор туфлаб ташлайди, лекин ширин нарсага ўраб берсангиз, бемалол қабул қилади. “Темир хотин”да унча-мунча ижодкор айтолмайдиган гапларни айтиб олдим. Сабаби ҳалиги – ҳақиқат аччиқ, ҳазил-мутойиба ширин. “Билса – ҳазил, билмаса – чин” қабилида иш тутганман.

– “Темир хотин” нима сабабдан Фарғона театр саҳнасидан бошлаб қўйилди?

Кўпчилик “Темир хотин” биринчи бўлиб Фарғона театрида қўйилиб, машҳур бўлиб кетган, деб ўйлашади. Бу асар биринчи бўлиб Самарқанд вилоят театрида қўйилган. Танаберди Қурбонов саҳналаштирган спектакль ҳам ёмон чиқмади. Иккинчи бўлиб Тошкентдаги Сатира театри (режиссёр Носир Отабоев) саҳналаштирди. Фарғона театри учинчи бўлиб қўл урди.

– Маъзур тутасиз, “Темир хотин”нинг сюжети қайсидир ҳикоядан олинган, дейдиганлар ҳам бор.

Сиз ҳам маъзур тутасиз, бу ҳақда эшитмаган эканман. Аммо, машҳур кинорежиссёр Латиф Файзиевнинг “мазкур асар фалон француз фильмидан олинган”, деганини эшитганим бор. Иккаласи ҳам ғирт бўлмағур гап.

– Нафақат “Темир хотин” спектакли, балки шу номдаги кинокомедия ҳам машҳур бўлганди. Унда ўзингиз ҳам эпизодик роль ўйнагансиз. Фильмнинг яратилиш тарихи ҳақида гапирсангиз.

Халқимизнинг севимли санъаткори, Ўзбекистон халқ артисти Мурод Ражабов “Темир хотин”даги Қўчқор ролини ўйнаш ниятида бир неча пойтахт театрларига мурожаат қилди. Ҳамза театри (ҳозирги Миллий театр) раҳбарияти: “Биз академик театрмиз, вилоят театрларидан қолган ошни ичмаймиз, обрўйимизга тўғри келмайди”, деб тихирлик қилди. Кейин Мурод ака театрлардан умидини узиб, пьесани “Ўзбекфильм”га олиб борди. У ердагиларга маъқул келгач, сценарий ёзишга киришдик. У пайтларда сценарийлар Москвада тасдиқдан ўтарди. Демак, рус тилига таржима қилиш керак. Режиссёр Исамат Эргашев мени Маҳмуд Тўйчиев деган таржимон билан таништирди. Мен ёздим, Маҳмуд таржима қилди. Бу менинг кинодаги биринчи ишим эди. Гапнинг қисқаси, кинога кириб келишимга Мурод Ражабовни бош “айбдор” деб биламан.

– “Темир эркак” фильмининг ҳам сизга тегишли жойи борми?

Мутлақо йўқ. Лекин, “Темир хотин”ни суратга олиш пайтида мен режиссёримиз Исамат акага ёзилажак “Темир эркак” деган сценарийнинг сюжетини гапириб берганман. Табиийки, энди робот эркак бўлади. Аёл ихтирочи робот ясайди (эркак қиёфасида, албатта). Сўнг у икки йилга хорижга ишга кетадиган бўлиб, ясаган роботини яқин дугонасиникида қолдириб кетади. Ишхонада қолдирса ҳам бўларди-ю, “йигитларимиз пивога чиқариб, сигаретга югуртиравериб, ишдан чиқариб қўйишлари мумкин”, дейди. Дугонаси европалашиб кетган, қўни-қўшни билан кирди-чиқдиси, қариндош-уруғ билан борди-келдиси йўқ, бир чалаўрис, чалаўзбек аёл. Ихтирочи аёл (Олимахон), билибми-билмайми, роботни ғирт ўзбек, ўзбек бўлгандаям, мусулмон қилиб дастурлаштирган бўлади. Аёл овқатга қўлини узатса, “бисмиллоҳ демайсизми?” дейди. Таомдан сўнг юзига фотиҳа тортишни талаб қилади. Олимахон чет элдан телефон қилганда, дугонаси, “Бу тунукангни олиб кет”, деб шикоят қилади. Хуллас, талай кулгили воқеалардан сўнг, охир-оқибат аёлнинг қўни-қўшнилар билан ҳам, қариндош-уруғ билан ҳам яхшиланиб кетади. Аёл темир эркакнинг тарбияси ўлароқ аста-секин “одам” бўла бошлайди. Унда одоб, уялиш, тортиниш каби ўзбек аёлларига хос феъл-атвор пайдо бўлади…

Шу сюжетни Исамат акага айтувдим. Маъқул бўлди. Ёзинг, деди. Бошқа юмушлар билан бўлиб ёзолмадим, кейин-кейин эсимдан ҳам чиқиб кетди. Исамат акага номи ёқиб қолган шекилли, навбатдаги фильмига “Темир эркак” деган ном берибди. Фильмни кўриб, ҳайрон бўлдим: нимаси “темир” экан?..

– “Темир хотин” баҳонасида сиз кинога шижоат билан кириб келдингиз, дейиш мумкин. Бунга ўзингиз режиссёрлик қилган “Масхарабоз” фильми исбот бўла олади. Мазкур киноасардан кўнглингиз тўлмадими? Бундай деганимизнинг боиси, нега ҳозир кино суратга олмаяпсиз?

Режиссёрлик – бошқа дунё. У суратга олиб, актёрлар билан ишлаб, мазза қилади. Ёзувчи ёзганида ҳузур қилади. Менинг режиссёрликка даъвоим йўқ. Лекин, мусиқа асбоби ясайдиган уста ўзи ясаган созда ҳеч бўлмаганда битта куйни чала олиши керак. Жаранги қандай, пардалари тўғри боғланганми, харраги жойидами-йўқми, шуларни билиш учун битта бўлсаям куйни чалиши лозим. Мен ҳам “куй чалиб кўрдим”-да…

– Сизнинг “Тақдир эшиги” пьесангиз асосида ҳам фильм ишланган (актриса Дилором Қамбарова ва марҳум актёр Ҳожиакбар Нурматов бош ролни ўйнашган). Орадан йиллар ўтиб, “Учрашув” номли фильм чиқди. Унда “Тақдир эшиги” сюжетидан истаганча фойдаланилган. Бу ҳақда ижодий жамоа сиздан сўраганмиди?

Ҳа, сўраган. Фильм ижодкорлари ёш-ёш болалар экан. Сценарийни ўқиб чиқсам, энг “ширин” жойлари йўқ. Масалан, эшик! Драматург истаган пайтда эшик очиляпти, ҳазрати Тақдир хоҳлаган пайтда эмас. Юмор билан суғорилган диалоглар олиб ташланган. Бу масалада актёрлар ҳам менга “ҳаммуаллиф” бўлиб қолган. Битта-яримта юмордан ҳоли диалоглар қолган. Бу пьесани мен “интеллектуал комедия” сифатида дунёга келтирганман. Вақтида Тўғон Режаметов ва Ширин Азизова, Жамшид Зокиров ва Гавҳар Зокирова, Ҳожиакбар Нурматов ва Дилором Қамбаровалар меъёрига етказиб ижро этишган. Улардаги савия, дунёқараш, дид ва маҳорат асар руҳиятига мос келган.

Ёш болаларнинг шашти сўнмасин, “синдириб қўймай” деб, шу фикрларни ётиғи билан тушунтирмоқчи бўлдим. Ё тушунишмади, ё тушунгилари келмади.

– Шароф ака, эҳтимол, бу савол оғриқли бўлар… Сиз маълум вақт бетоб бўлиб қолдингиз. Оғир дардни бошдан кечирдингиз. Бу ҳақда ТВ кўрсатувида ҳам тилга олдингиз. Аммо ойнаи жаҳонни кимдир кўради, кимдир йўқ. Ушбу интервью баҳонасида ўша тафсилотларга тўхтала оласизми?

1997 йил. Мен ўзимнинг сценарийим асосида “Фарҳод плюс Ширин” деган фильм суратга олаётгандим (кейинчалик бошқа режиссёр “Дока рўмол қуриши” номи билан суратга олди.) Чарчадимми, кўп асабийлашдимми, мазам қочиб қолди. Врачлар “инсульт” деб ташхис қўйишди. Касал бўлишнинг бир яхши томони бор экан. Бутун ҳаётингиз кино тасмасидек кўз олдингиздан ўтиб, қандай яшаганингиз, атрофингиздаги одамлар ҳақида батафсил ўйлаш, фикр юритишга вақтингиз етарли бўлар экан. Соғ пайтимизда бунга, афсуски, вақт топа олмас эканмиз.

– Орадан анча йиллар ўтиб, сизнинг “Мусофир бўлмагунча” номли китобингиз нашр этилди. “Орадан йиллар ўтиб” деганим ҳам йигирма йилдан ошади. Бор-йўғи битта китобингиз чиққан экан. Шу пайтгача иккинчи китобни тайёрламаганмисиз ёки у нашриётларда чанг босиб ётганмиди?

Биринчи ва охирги китобим 1988 йилда чиққанди. Бу “Эшик қоққан ким бўлди?” номли пьесалар тўпламим эди. Очиғи, менда китоб чиқаришга кўпам иштиёқ йўқ. Уям раҳматли шоир ва драматург Машраб Бобоевнинг қистови билан чиққан (ўша пайтларда Машраб ака “Ғафур Ғулом” нашриётида муҳаррир бўлиб ишларди.) Сценарийларим асосида ўнга яқин фильм олинди, ўнга яқин пьесаларим саҳна юзини кўрди. Шунга маст бўлиб юраверганмиз. Бир куни қайсидир асаримнинг ўн тўққизинчи саҳифасини қудамникида кўриб қолдим. Кейин билсам, аёлим тоғорасига чучвара қовуриб, дастурхонга ёғ тегмасин дея асаримнинг бир-икки варағини устига қўйворган экан. Кейин ўйланиб қолдим: мендан кейин бола-чақаю невараларга нима қолади? Спектакль – ўтади-кетади, кино – бориб-бориб унутилади. Китоб – қолади.

Шундан кейин кейинги ўн йил ичида ёзган ҳамма сценарийларимни тўпладим-да, “Қабул қилинмаган асарлар” деган ном билан нашриётга топширдим. Чунки, тўплам киритилган олтита сценарийнинг биттаси ҳам “Ўзбеккино” томонидан қабул қилинмаган. Нашриётдагилар ҳам китобнинг номини кўриб, юрак ўйноғи бўлиб қолишига сал қолди. Сўнг тўпламга кирган биронта сценарийнинг номини беришга қарор қилдик. Мен “Тентак фаришталар” деб қўяйлик, деган таклифни киритдим. Диний идоралардагилар ёқмаслиги мумкин, дея бу таклиф рад этилди. Хуллас, “Мусофир бўлмагунча” деган рангсиз, бечораҳол, ўртамиёна китоб дунёга келди… Шунисигаям шукр…

– “Мусофир бўлмагунча” – киноқиссалардан иборат китоб. Таассуфки, уларнинг бирортаси ҳам кино қилинмаган. Сабаби нимада?

Аниғини билмайман. Менимча, рад этилишига сабаб, асарлардаги воқеа-ҳодисалар 22 йилдан анча олдин рўй бергани бўлса керак. Тағин ҳам бўлса, билмадим…

– Ёзувчи ва драматург, газетчи, муҳаррир, киносценарийнавис, ҳатто кинорежиссёр Шароф Бошбеков шу кунларда нималар билан машғул?

Биласизми, ҳар қандай ижодкорнинг ичида иккита муҳаррир бўлади. Бири – юракда, иккинчиси – каллада. Биринчи “муҳаррир” анчайин тантиқ, эрка, ҳеч нимадан тап тортмайдиган, орқа-олдини ўйламайдиган, “ёз, шуни ёз, ҳаётда бор-ку, нега қўрқиш керак?” дейди. Иккинчи “муҳаррир” анча босиқ, вазмин, бугунги кун конъюктурасини яхши тушунадиган, мулоҳазали, “шошма, бунинг оқибати яхши бўлмайди, бошингга бир балони орттириб олма!” дейди. Ҳар қандай бадиий маҳсулот мана шу икки “муҳаррир”нинг тасдиғидан ўтиши керак. Биттасидан ўтиб, иккинчисидан ўтмаса бўлмайди. Лекин бу икки “муҳаррир”ни муросага келтириш, бир-бирига яқинлаштириш – ўлимдан қийин иш.

Ҳозирда камина шу икки “муҳаррир”ни муросага келтириш билан машғулман.

– Бугунги фаолиятингиз газетачилик билан боғлиқ. Сиз – “Шифо-инфо” газетаси бош муҳарририсиз. Унинг адади ҳам озмунча эмас. Газетанинг тайёрланиш жараёни, жамоангиз ҳақида гапириб берсангиз.

Касаллик туфайли бир неча йил ижоддан тўхтаб қолдим. Қўл ишламайди, тил ишламайди, лекин калла ишлайди-ку! Инсульт мия касаллиги. Шифохонадан чиққанимдан сўнг инсон мияси ҳақида янада кўпроқ билгим келди. Қаранг, ўша йиллари ўзбек тилида тиббиётга бағишланган биронта нашр йўқ экан (“Фан ва турмуш”даги тиббиётга оид онда-сонда берилидиган мақолаларни ҳисобга олмаганда, албатта). Тиббий газета очишни укам Фарҳод Норматовга маслаҳат солдим. Унинг бу соҳада анча тажрибаси бор, Сирдарё вилоят прокуратураси қошидаги “Адолат кўзгуси” газетасининг асосчиси ва бош муҳаррири. Биргалашиб ном қидира бошладик. “Ал-Ҳаким”, “Доктор”, Ташхис”, “Шифокор” каби номлардан воз кечиб, “Шифо-инфо”га тўхтадик. Мана, талай йиллардан бери аҳолининг таббий маданиятини оширишга баҳоли-қудрат улушимизни қўшиб келяпмиз.

– Шахсий ҳаёт… Оила аъзоларингиз хусусида гаплашсак…

Сон жиҳатдан ҳам, яшаш тарзимиз жиҳатдан оиламиз ўртамиёна: мен, аёлим, учта қизим. Аёлим, Мавжудахон билан институтда бирга ўқиганмиз. У кейинчалик ўзимизнинг санъат институтимизда кўп йиллар “Саҳна нутқи” фанидан дарс бериб келди. Ҳозир нафақада. Катта қизим Муножатхон шарқшунослик институтнинг турк филологияси бўлимини тугатган (ҳозир куёвимиз Ойбекжон ва тўртта неварамиз билан хорижда хизмат қиляпти). Ўртанча қизим Иродахон жаҳон тиллари университетининг инглиз тили филологиясини тугатган – бир ўғил, бир қизи бор. Кенжа қизимиз Камолахон жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистикаси корейс тили бўлимини тамомлаган. Икки ўғил, бир қизи бор. “Шифо-инфо”да бош муҳаррир ўринбосари.

– Бугунги ёш ижодкорларга нималар деган бўлардингиз?

– Ҳар иккала “муҳаррир”дан ўтган нарсалар ёзишни. Битта “муҳаррир”дан ўтиб, иккинчисидан ўтмаган асарлар жонга тегиб кетди.

Анвар Намозов суҳбатлашди

(2013 йил)