Шоир, мутафаккир ва сиёсий арбоб сифатида танилган Муҳаммад Иқбол 1877 йилнинг 9 ноябрида Покистоннинг Сиялкот шаҳрида таваллуд топди. Шоир туғилган кун бугунги кунда Покистоннинг миллий байрамларидан саналади. Дастлабки шеърий китоби «Асрори Ҳодий» 1915 йилда форс тилида нашр қилинди. Илк китоби билан мислсиз шуҳрат топган аллома шоирнинг «Румузи Баходи», «Паёми машриқ», «Забури ажам», «Жовиднома», «Банги Дара», «Дарби Калимдир» каби ўнлаб китоблари форс ва урду тилларида чоп қилинди. Бугунги кунда мутафаккир шоирнинг асарлари дунёнинг жуда кўп тилларига таржима қилинган. Шоир 1938йилнинг 21апрелида Лоҳур шаҳрида вафот этди.
• Инсонга сиғадиганга коинот, коинотга сиғмаганга инсон дейман.
• Иккови учун ҳам осмон битта, аммо зоғнинг дунёси бошқа, лочинники бошқа.
• Уйқуни енгил ўлим, ўлимни оғир уйқу деб билинг.
• Қадаҳсиз шароб ичилмас, аммо унтманг, одамни шароб маст қилади, қадаҳ эмас.
• Ҳаёт шаробдир, аммо энг тахири ва энг яхшиси.
• Бургут ўлик сувсарни овламайди.
• Инсон марварид мисоли уммон тубида, соҳилга эса хас-чўп чиқади.
• Давлатлар шоирларнинг қалбида туғилади, сиёсатчиларнинг қўлида ўсади ва ўлади.
• Илм ошкора саволдир. Ишқ эса сирли жавоб.
• Тақлидни бас қил, ўзингни изла.
• Мажнун шаҳарни тарк айлаб саҳрога юзланди. Сен саҳродан ҳам воз кеч. Орзуга етмоқ истасанг Лайлони ҳам терк эт.
• Оловдан чақнаган учқун каби бебош бўлма.
• Ишқ ҳаётнинг мағзидир, уни топганларга ўлим ҳаромдир.
• Ишқ шаробдир, айни дамда ишқ улкан қадаҳ ҳам.
• Ишқ йўлини ақл билан топмоқчимисан? Қуёшни шам ёқиб қидирмоқчимисан?!
• Мен излаганим йўл эмас, йўлдош. Нақл бежиз эмас: аввал йўл, кейин йўлдош.
• Парвонадан ёнишнинг ҳикматини ўрган.
Турк тилидан Маъруфжон Йўлдошев таржимаси