БИРИНЧИ БОБ
– Худога такя қилмоқ керак. Нимани хоҳласанг У беради.
– Уни асра, У ҳам сени асрайди.
– У берганни ҳеч ким тортиб ололмайди.
– Унга ким итоат этса, ҳамма унга фармонбардор бўлади.
– Кимдаким Ундан қўрқса, бошқалар сендан қўрқишади.
Шайх Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий тахминан 870 йили ҳозирги Самарқанд вилоятининг Мотурид қишлоғида туғилиб, 975 йили вафот этган. У Самарқанднинг Чокардиза қабристонига дафн этилган. Мотуридий хусусий муаллимларда, сўнгра эса Самар¬қанд мадрасаларида таҳсил кўрган. Олим умр бўйи Самарқанд мадрасаларида мударрислик қилган. Мотуридий “Китоб – ат тавҳид”, “Китоб ал-усул”, “Таъвилот ал Қуръон” (Қуръон тафсири) сингари ўнлаб илмий-назарий асарлар, “Панднома” асарининг муаллифидир. Буюк олимнинг ислом таълимоти софлигини асрашда хизмати катта. Навоий “Насойим-ул-муҳаббат”да Мотуридийнинг руҳий-илоҳий қудрати ҳақида алоҳида ҳикоят келтирган. Унинг “Панднома”си Х аср пандномасининг энг яхши намуналаридан бўлиб, китобхонни илм ўрганишга, касб эгаллашга, яхши хулқ эгаси, инсонпарвар, ширинсухан, саховатпеша бўлишга ундайди. Қуйида ушбу асардан таржимани эътиборингизга ҳавола этамиз. |
– Тавҳидни умринг сармояси деб бил.
– Дунёпараст бўлма, Худонинг душманини севган бўласан.
– Чин эътиқод безавол ганждир.
– Мартабани сабрдан изла.
– Қуролингни илмдан яса.
– Саховатпеша бўл.
– Фақирликни фахр бил.
– Охират йўл озуқасини тақводон кўзла.
– Охират йўлини тақводан қур.
– Ибодатдан шодлик иста.
– Ростгўйликда камол изла.
– Ўлимни асло унутма.
– Шодликни ибодатдан кўзла.
– Ҳақ ҳукмига рози бўл.
– Фаришталар, Расули акрам ва Аллоҳ китобини ҳурмат қил.
– Ҳақ сўзини имон бил.
– Яхшилар билан дўстлаш.
– Ўзингдан қочиб Ҳаққа етгин.
– Ҳалолни-ҳалол, ҳаромни-ҳаром билишга ўрган.
– Душманга озор берма, аммо қўлингдан келса маҳв эт.
– Хорлик истасанг хиёнатчи бўл.
– Беъманилардан ҳазар қил.
– Нодонни тирик санама.
– Сабрли бўл, муродингга етасан.
– Ҳар бир ишда ҳамкор изла.
– Ўзликни англашни буюк хислат бил.
– Донишингни хор қилма.
– Кам гапир, оз егину кам ухла.
– Хилофкорликдан қоч, Аллоҳдан ноумид бўлма.
ИККИНЧИ БОБ
– Тақвони қўрқмас аскар бил.
– Доно кўринган нодондан ҳазар қил.
– Илмда ҳаммадан камтар бўл.
– Ўрган ва ўзгаларга ўргатгин.
– Эшитмаган нарсанг ҳақида гапирма.
– Бировга ҳаддан ташқари танбеҳ ҳам берма, беҳудага мақтама ҳам.
– Қулоғинг билан эшитганингни маҳкам тут.
– Рост гапиру ўзгаларнинг айбини ковлама.
– Сўрамасалар жавоб берма, айтмаган жойга борма.
– Харид қилинмайдиган нарсани сотма.
– Олинмайдиган нарсани сотма.
– Калтак емайин десанг, бегуноҳга қўл кўтарма.
– Яхшиликни жондан изла.
– Ўзгалар қалбини овламоқчи бўлсанг, яхшилик қилишга одатлан.
– Балони такобирлик натижаси бил.
– Қалбингни ҳасад ўти билан куйдирма.
– Балодан ибрат ол.
– Ҳамиша сир асровчи бўл.
– Жафопеша бўлма.
– Меъёри билан егин, низоми билан гапиргин.
– Хушхулқ ва беозор бўл.
– Тавфиқни Худонинг фазилати бил.
– Кишиларга қаттиқ гапирувчи бўлма.
– Бойликни иқбол бил, уни харж этмасликни эса бадбахтлик бил.
УЧИНЧИ БОБ
– Ҳар кимнинг нонини ея берма, аммо ҳаммага нон едир.
– Молу давлат орқасидан югурувчи бўлма.
– Ҳақ хикматини илмингдан афзал бил.
– Илмингни эҳтиёт қил.
– Аллоҳ ҳикматини ўз билимингдан юксак бил.
– Ўзингни таъриф этишдан сақлан.
– Ҳамиша Аллоҳ шукронасида бўл.
– Жонни омонат бил.
– Аллоҳни ҳамиша бергувчи, деб бил.
– Умрингни иноят бил.
– Тадбирни тақдир билан боғла.
– Соғликни ғанимат бил.
– Охири зиён келтирадиган фойданинг атрофида ўралашма.
– Ажални ҳеч қачон фаромуш қилма.
– Илм ўрганишдан асло тинчима.
– Калондаҳанлик қилма.
– Насияни мол деб билма.
– Мартабаю иззатни илмдан изла.
– Шаҳват асири бўлма.
– Афв этмоқни ҳеч кимдан дариғ тутма.
– Рост йўлда енгилтаклик қилма.
– Сулҳнинг иложи бўлмаса, жанг¬дан қочма.
– Душманни ҳақир билма.
– Дўстинг минг бўлса ҳам кам.
– Ҳар қандай душмандан эҳтиёт бўл.
– Сендан қўрққандан сен ҳам қўрқ.
– Душманингнинг душмани билан дўст тутин.
– Дўстларингнинг дўстлари орасида бўл.
– Дўстингнинг душманидан ғофил бўлма.
– Раҳмсизга шафқат қилма.
– Нокасдан қарз олма.
– Аждодларинг қадрини эъзозла.
– Жоҳил зоҳидга инонма.
– Омонатга хиёнат қилгувчи бўлма.
– Синамаган одам билан сафарга чиқма.
– Ҳирсу хусуматни нажосат бил.
– Ўз мисқолингни ўзгалар ботмонидан афзал бил.
– Одамларнинг олдида нима десанг, орқасидан ҳам ўшани гапир.
– Бировнинг молига муҳтож экансан, билгилки, унинг қулисан.
ТЎРТИНЧИ БОБ
– Беҳудаликни офатларнинг боши бил.
– Бировнинг миннатини кўтару, миннат қилгувчи бўлма.
– Тилингни ҳамиша дашномдан тийгил.
– Ҳожат чиқаришни буюк иш деб бил.
– Яхшилик қилганингни айтиб юргувчи бўлма.
– Ёмонликни офатларнинг боши, деб бил.
– Ёмонларга ёрдамлашма.
– Дўстларингни ёмонлагувчи бўлма.
– Ёмонларни ўзингга йўлатма.
– Душманинг билан иноқлашган дўстдан қўрқ.
– Ўзгалар ғамидан хурсанд бўлма.
– Сенга иши тушган одамни ранжитма.
– Туҳмат бор жойдан қоч.
– Ота хатоси учун танбеҳ берма.
– Султонга густоҳлик қилма.
– Дарвеш қардошингни шод тут.
– Ғамгусор бўладигангагина дардингни айт.
– Шаробу таомни кам е, кўпини ўзгага бер—эсин.
– Халқ билан шундай яшаки, улар ҳамиша сен билан бўлишсин.
– Шуҳратмандликда ўзингдан кетма.
– Бировларнинг ғамидан шодланувчи бўлма.
БEШИНЧИ БОБ
– Орзу-умид фарзанди бўл.
– Оила аъзолари ҳаққини унутма.
– Қалбингни дин билан доно қил.
– Одамлар сендан умидвор бўлиб яшасин.
– Мартаба, бойликка эришгач, ўзлигинг унутма.
– Давлат пайтида баландҳиммат бўл.
– Оғир кунларда сабр-бардошли бўл.
– Оз дардни кўп бил.
– Бойликка эришгач, ҳимматбаланд бўл.
– Саховатда ваъдахилоф бўлма.
– Диёнатда бардам ва мустаҳкам бўл.
– Ўзингни орзулар дарёсига ғарқ этма.
– Нодондан йироқ юришга интилгин.
– Бахиллик билан мартаба қозонолмайсан.
– Тўғри йўлни очгувчи илмдир.
– Ғамғусорингга ғамингни айт.
– Ҳеч кимга ҳақорат кўзи билан боқма.
– Халқ билан бир тан, бир жон бўл.
– Нокас ва бединга нон берма.
– Меҳмонга сертакаллуф бўлма.
– Аҳду паймонда собит бўл.
– Ёмон танишингни уйга йўлатма.
– Молингни ноўрин ва бекорга сарфлама.
– Ҳаёт тажрибасидан ризқ изла.
ОЛТИНЧИ БОБ
– Доно суҳбати ҳар икки жаҳон учун фойдалидир.
– Ҳақ ризолиги билан кун кечир.
– Пайғамбарларни ҳамиша тирик бил.
– Ваъдага вафони саховат бил.
– Умринг лаззатини яхшилар суҳбатидан кўзла.
– Умид риштасини ҳаргиз узма.
– Бахилдан яхшилик кутма.
– Тўғри йўлнинг калитини илм деб бил.
– Умрингни саҳрода ўтказма.
– Қалблар дўстлигини хомушликдан изла.
– Ҳамма билан ошно бўлишга интил.
– Жанжаллашган қариндошларни яраштиришга интил.
– Ўғирлик молдан улуш олма.
– Ҳеч кимга ҳақорат кўзи билан боқма.
– Аёллардан устун бўлишга интилма.
– Гўдакларга насиҳат қилма.
– Нодон беморни даволама.
– Маст йигитга насиҳат қилма.
– Дўстлар айбини ўз вақтида айт.
– Сирингни дўстдан ҳам, душмандан ҳам пинҳон тут.
– Доно суҳбатини ҳар икки жаҳон учун фойда деб бил.
– Ҳар ишни маслаҳат билан қил.
ЕТТИНЧИ БОБ
– Ўтганга, тўкилганга ва кетганга афсусланма.
– Ўзингга ҳамжинс ва ҳаммаслак дўст танла.
– Ҳамма билан ярашиб яшашга интил.
– Бераҳм одамларни дўст қаторига киритма.
– Соғлиқни ҳаёт гарови бил.
– Тошбағирлар билан ҳамсуҳбат бўлма.
– Иккиюзламачидан вафо кутма.
– Ўз юкингни ўзгаларга оширадиган бўлма,
аммо ўзгалар юкини кўтаргувчи бўл.
– Манфаатсиз тириклик ўлим билан баробар.
– Кўп гапирмоқни гуноҳ бил.
– Ҳожатингни Аллоҳдан тила ва иста.
– Дўстларинг хатосини айтиб тургин.
– Ўзгалар молига меҳр қўйма.
– Дўстингни ҳамиша эсда тут.
– Хизматкорни урушга юборма.
– Айтилмаган жойга борма.
– Нодон дўстга ишонма, чунки сувга суянсанг ғарқ бўласан.
– Яхшиларнинг тиригини ҳам, ўлигини ҳам зиёрат қил.
– Қўрқоқликни ўлимдан оғир бил.
– Ўзингдан кексаларни улуғ бил.
– Тириклик ҳақиқатини соғликда, деб бил.
– Ҳеч кимнинг сиртига қараб баҳо берма, алданасан.
– Мақсадсиз ҳаёт билан ўлимни бирдай бил.
– Тилингга эҳтиёт бўл.
– Ҳаммадан яхши сўз ўрганишга интил.
– Ҳасадгўй дўстдан парҳез қил.
– Душман билан сулҳ тузишга интил.
– Сабрни мақсадга етиш воситаси бил.
– Низомсиз лашкар лашкар эмас.
– Қуролсиз жасурни нодон бил.
– Юрт ободлигини тиласанг, очиққўл бўл.
– Қалбинг покиза бўлса, муродга етасан.
– Нифоқ илмсизлик белгисидир.
– Ранжни осойишталик воситаси бил.
– Шариатни тан деб ўйла,
– Тариқатни қалб, деб англа,
Ҳақиқатни эса, жон деб танигин.
САККИЗИНЧИ БОБ
– Яхшилигингни эл билсин десанг, ёмонларга таъна қилма.
– Ёмон сўзга қулоқ тутма.
– Ўзингдан ёши катталарни улуғ сана.
– Тил сақлашни умр саломатлиги бил.
– Яхши сўзни ҳаммадан тинглашга одатлан.
– Бу жаҳон манфаати учун жаҳонни сотма.
– Ўзингга нимани хоҳласанг, Ҳақ бандаларига ҳам ўшани иста.
– Дорини соғ пайтингда ич.
– Узоқдан бўлса ҳам илм ўрганиш пайида бўл.
– Ҳасадчи дўстдан парҳез қил.
– Ўтмиш ҳаётингни ўз имоминг бил.
– Жоҳил амирдан ҳазар қил. Ундан келадиган оз сийловни кўп бил.
ТЎҚҚИЗИНЧИ БОБ
– Мақсадга етиш йўлини сабрда бил.
– Насиҳатга қулоқ тутмайдиган лашкар — лашкар эмас.
– Итоатсиз раият — раият эмас.
– Қуролсиз шижоат нодонликдир.
– Юртинг ободлигини истасанг, халқингни ҳимоя қил.
– Мулкнинг низомли ривожланган бўлишини истасанг, холиқ ва халқнинг хурсандлигини кўзла.
– Буюкларнинг кичикларга хизматини кичик бил,
Кичикларнинг буюкларга хизматини буюк бил.
– Енгилтакликни хорлик ва девоналик бил.
– Ҳашамдорлик, бахиллик ва ҳасадни тананг, молинг, мартабанг учун заҳар бил.
– Ғофил амирни амир санама.
– Ҳирадманд(донишманд)лар суҳбатини кўзла.
– Жаҳон кўрган кишиларни надим қил.
– Олам ободлигини караму адолатда бил.
– Қалбингни пок тутсанг, муродга етасан.
– Мақтанчоқлик қилма, биров сени мақтаса, ундан фахр¬ланма.
– Нифоқни илмсизлик оқибати, деб бил.
– Ўз айбингни кўргувчи бўл.
– Ўзингни таъмадан йироқ тут.
– Ранжни осойишталик натижаси бил.
– Заҳмат оқибатини шодлик, деб бил.
ЎНИНЧИ БОБ
– Ҳамиша азиз бўлай десанг, хорлик билан ҳунар ўрган.
– Балони садақа билан даф эт.
– Ҳурматни бойликдан афзал бил.
– Такаббурларни дев сана.
– Доно дўст насиҳатини қабул эт.
– Ножинс суҳбатидан парҳез қил.
– Ҳою ҳавас оташини ўлдир.
– Жангда баландовоз бўл.
– Яхши сўзни азиз тут.
– Ҳамманинг ўзингга душман бўлишини истасанг, такаббур бўл.
– Ёмон кўздан қўрқ.
– Динни илм билан асра.
– Агар халқнинг дўст бўлишини истасанг, бойликни душман бил.
– Тинчлик истасанг, ҳеч кимга ёмонлик қилма.
– Улуғлик истасанг, ифтихордан қоч.
– Дуони қуролдан афзал бил.
– Умидни ганждан ортиқ бил.
– Шунга интилгинки, ўлимдан сўнг ҳам тирик юргин.
– Аллоҳ хоҳламаган ҳамма нарсани ботил сана.
– Озорнинг йўлини эҳсон билан тўс.
Форсийдан Ҳамиджон Ҳомидий таржимаси.