Фалсафа, тил, адабиёт, тарих ва маданият билан боғлиқ ўнлаб асарлар муаллифи, уста таржимон Ҳусейин Жемил Мерич 1916 йилда Туркиянинг Райҳонли туманида дунёга келган. Бошланғич таълимни ўз қишлоғида тамомлаган. Ўрта таълимни франсуз тилига ихтисослашган Антакя Султоний мактабида олган. Шундан кейин Истанбул университетининг чет тиллар факултетида француз тили ихтисослиги бўйича ўқиган.
1946 йилдан 1974 йилгача Истанбул университетида ишлаб, талабаларга француз тилидан дарс берган. Жамил Меричнинг кўзи болалигидан бери яхши кўрмас эди. Шу боис 1955 йилда Парижга бориб операция қилдиради. Аммо операциядан кейин бутунлай кўришдан маҳрум бўлади. Асарларини хотини Февзия хонимга айтиб туриб ёздирган.
Жемил Мерич 1987 йилнинг 13 июнида вафот этган. Ундан, “Ҳинд адабиёти”, “Нур шарқдан таралади”, “Маданиятдан ирфонга” каби илмий рисолалар, “Ғордагилар”, “Бу ўлка”, “Қирқ омбор”, “Бир фожианинг ҳикояси”, “Кундалик” каби бадиий ва публисистик асарлар қолди. Қуйидаги ҳикматлар унинг асарларидан териб олинган:
• Илм ниҳоясиз кураш демакдир.
• Ўзни танимоқ, энг буюк маърифатдир.
• Қуёш дунёни нурафшон қилади, сўзлар эса халқни.
• Мутолаа икки руҳ орасидаги ошиқона мулоқотдир.
• Даҳолар – табиатнинг энг хавфли армуғонлари.
• Китобдан эмас, китобсизликдан қўрқинг.
• Туйғуларнинг асолати, таъсир кучи ва аниқлиги билан белгиланади.
• Тарихни омма билан шахс орасидаги мунтазам кураш яратади.
• Ҳар бир буюк инсон бағрида яшаган жамиятнинг ўгай ўғлидир.
• Таржимон “мукаммал”ни қидирган телба, “фалсафа тоши”ни топишга бел боғлаган кимёгардир.
• Ўз ҳақиқатини ўз сўзлари билан англатмоқ ҳар бир номусли қаламкашнинг виждоний бурчидир.
• Дин – ташналик, абадият соғинчи… Билим эмас, ишқ…
• Китоб истиқболга йўлланган мактубдир… Башанг кийинган ҳаяжон, мўмиёланган тафаккур…
• Севги ғалати бир олов. Сўнмасин десанг, бор будингни унга ташлашинг керак: вақтингни, ғурурингни, шуурингни…
• Ёруғликни қанчалик қидирмайлик, зеҳнимиздагидан ортиғини топишимиз маҳол.
• Ўрмонни кўрмадинг, дарахтни кўрмадинг, шамол учириб оёғинг остига ташлаган бир ҳовуч қуриган япроқни инсон тафаккурининг жами деб ўйладинг…
• Тушунча шубҳа билан бошланади.
• Тушунча зидди билан бутундир. Зид фикрларга қулоқни беркитмоқ, ўзни хатоларга маҳкум этмоқдир.
• Одамзод ёмон ўйинчоқлар пешидан югуришни тарк этмаган болага ўхшайди..
• Мажҳулга очилган эшиклардир, китоблар: эртакларга, сирларга, абадиятга…
• Тарих – муҳри бузилмаган хазина.
• Тарихнинг меъморидир исён: тақдирга, замонга, инсонга…
• Қомус миллатнинг номусидир.
• Эҳтимол, маданият ухлаб ётгандир, балки туш ҳам кўраётгандир…
• Расколников буҳрон қаршисидаги жамиятда ёлғиз эди, Достоевский каби.
• Ирфон камолот сари очилган эшик, меҳнат билан эришилган илм.
• Ирфон тафаккурнинг барча қутбларини бағрига сиғдира оладиган сўздир.
• Шарқнинг бутун даҳолари орасидан ғарбнинг ёқтиргани Зардушт бўлди.
• Буюк ёзувчи ичидан келган овозни тарошламай, қандай бўлса шундай ҳайқирган инсондир. Буюк ёзувчилар сўз қўллашда авом савияси билан ҳисоблашмайдилар.
• Яшамоқ яраланмоқдир. Яраланмоқ ҳам гўзал.
• Бир-бирини тўлиқ такрорлайдиган икки сўзни на бир тилда, на икки фарқли тилда учратиш мумкин.
• Сўзлар сенинг юлдузларингдир. Сўзлар… Сўйла, хиром айласин, олов сочларин ёйиб хаёлларнинг беадоқ боғида. Сўз ўрмонда ухлаб ётган дилбар. Шоир олислардан келган шаҳзода. Шундай севгинки, сўзларни. Сенга етсин улар. Юлдузлар Тангрига етганмикан? Сўзлар менинг сувдаги соям, силолмайман уларни, ўполмайман. Давлатдир сўзлар, муҳташам ва муҳтарам. Кўнгилдан кўнгилга кўприк, асрдан асрга зина. Ўз аксимга маскан дарёдир сўзлар. Сўзлар абадий, сўзлар ўткинчи.
Турк тилидан Маъруфжон Йўлдошев таржимаси