Модомики, доноларча жавоб беришларини хоҳлар экансан – доноларча савол бер.
* * *
Ҳақиқатни доимо такрорлаб туриш зарур, чунки бизга адашишни ҳам доимо эслатиб туришади.
* * *
Тўғрилик улуғликка жуда яқин туради.
* * *
Агар кимдир янгиликдан сўз очса, одамлар бор кучи билан унга қаршилик қилади. Улар ўзларини бамисоли кар-соқовдек тутишади, янгича қарашга нафрат билан муносабатда бўлишади, шу тарзда янги ҳақиқат ўзига йўл топишига узоқ вақт зарур бўлади.
* * *
Агар осмондаги камалак узоқроқ туриб қолса, унга қарамай қўйишади.
* * *
Дунёни рақамлар бошқармайди.
* * *
Ўғрилар орасида энг зарарлиси аҳмоқлардир. Улар бир вақтнинг ўзида вақтимизни ва кайфиятимизни ўғирлайди.
* * *
Ижодкорни тушуниш – унинг “мамлакати” қонунларини ўрганиш демакдир.
* * *
Кимники тушунсанг, ўшанга тенгсан.
* * *
Назария қуруқ оғочдир, дўстим, лекин яшнар ҳаёт дарахти.
* * *
Шоирни тушуниш учун унинг юртига бориш зарур.
* * *
Кимки ўзга тилларни билмас экан, ўз тили ҳақида ҳам тасаввурга эга бўлмайди.
* * *
Кимки ҳаёт ва эркинлик учун ҳар куни курашса, фақат угина ҳаёт ва эркинликка муносиб.
* * *
Тартибсизликдан кўра адолатсизлик маъқул.
* * *
Агар кимда-ким барча қонунларни ўрганишни хоҳласа, унинг қонунларни бузишга вақти бўлмайди.
* * *
Жазолашга қодир бўлмаган ҳакам охир-оқибатда жиноятга шерик бўлади.
* * *
Қонун қудратли, бироқ эҳтиёж янада кучлироқ.
* * *
Туйғулар алдамайди, мулоҳаза алдайди.
* * *
Кўпчиликдан кўра ёқимсизроқ ҳеч нарса йўқ.
* * *
Ожиз одамларда кўпинча инқилобий эътиқод пайдо бўлади; улар агар бизни бошқаришмаганда, яхши бўларди, деб ўйлайдилар ва на бошқаларни, на ўзларини бошқаришга қодир эмасликларини англаб етмайдилар.
Дафна бутоғи шон-шуҳратдан кўра кўпроқ азоб-уқубат, изтироб рамзидир.
* * *
Ҳар ким нима учун туғилган бўлса, ўша юмуш билан шуғулланганлиги энг оқилона ишдир. Кимки узоқ ўйлар экан, ҳамма вақт ҳам тўғри ечимни топавермайди.
* * *
Кимки кўп нарсани талаб қилса ва мураккабликдан ҳузур қилса, бундай одам адашишларга бошқалардан кўра кўпроқ мойилдир.
Фойдали хатодан зарарли ҳақиқатни афзал биламан: ҳақиқат, балким, ўзи келтириб чиқарган оғриқни даъволайди.
* * *
Сув бор бўлган барча жойда қурбақа бўлавермайди; бироқ қаерда қурбақа бўлса, у ерда сув бўлиши мумкин.
* * *
Зўравонликнинг икки тинч тури бор: ҳуқуқ ва одоб.
* * *
Агар биз ўзимизни ўзганинг ўрнига қўйиб кўрсак, бошқаларга нисбатан рашк ва нафратимиз йўқолган бўлур эди; агар биз бошқаларни ўзимизнинг ўрнимизга қўйиб кўрсак, биздаги манманлик ва ғурур пасайган бўлур эди.
* * *
Миллионлаб китобхонга эга бўлишга умид қилмаган ёзувчи бирон сатр ҳам ёзмаслиги лозим.
* * *
Пулни йўқотиш – катта йўқотиш эмас. Яна пул ишлашга шошил. Ор-номусни йўқотиш – катта йўқотиш. Шон-шуҳрат қозонсанг, одамлар ўз фикрини ўзгартиради. Мардликни йўқотиш – барча нарсани йўқотиш. У ҳолда бу дунёга келмаганинг яхшироқ бўлар эди.
* * *
Инсон ўз кучидан фойдаланмагунча, нимага қодирлигини билмайди.
* * *
Энг кулгили истак –барчага ёқиш истаги.
* * *
Икки киши баҳслашар экан, кўпроқ айбдор бўлганни ожиз деб ҳисоблайдилар.
* * *
Бизнинг эҳтиросларимиз қақнусга ўхшайди.
Бир эҳтирос ёниб кул бўлганда,
Кукундан янгиси туғилади.
* * *
Қарама-қарши фикрлар ўртасида ҳақиқат ётади дейдилар. Бўлмаган гап! Улар ўртасида муаммо ётади.
* * *
Одамлар сенга мослашишини талаб қилиш – кечириб бўлмас аҳмоқлик.
* * *
Саройдаги ҳаёт – ҳар ким ўзига ажратилган мақомга риоя қилиши ва вақти-вақти билан сукут сақлаши керак бўлган оркестрдир.
* * *
Инсон жаҳон муаммоларини ҳал қилиш учун туғилмагандир, балки?
* * *
Табиатнинг буюклиги ва оддийлиги шундаки, у ўзининг улуғ ҳодисаларини сўзсиз кичик ҳодисаларда такрорлайди.
* * *
Тақдир томондан танланганлар ўз авлодига бошчилик қилади, баъзиларининг таъсири узоқ давом этади, бироқ кўпчилиги янги етакчиларга ўрин бўшатиб беради ва авлодлар уларни унутади.
* * *
Аслида бизни ҳайратга соладиган нарсаларнигина ўқиш зарур.
* * *
Жоҳилликнинг биринчи белгиси – гўзалликни эътироф этмаслик.
* * *
Душманларнинг ҳужумлари одамларнинг ожиз томонларини билиб олишда менга ёрдам берди.
* * *
Агар халқда буюк ислоҳотга эҳтиёж ҳақиқатан ҳам пайдо бўлган бўлса, худо ҳам унинг томонида бўлади ва муваффақият унга ёр бўлади.
* * *
Мен умумнинг фаровонлиги учун хизмат қиладиганга хизмат қиламан.
* * *
Ҳақиқий истеъдод ато қилинган киши буюк ўтмишдошлар билан муомала қилишга ички эҳтиёж сезади ва ушбу эҳтиёж унинг юксак истеъдодидан далолат беради.
Акмал Саидов тайёрлади.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2009 йил, 9-сон.