Озодлик-озодлик… Яратганнинг ўзи бизни мазкур сўз бағрига топширди. Биз мазкур сўз бағрида… чақалоқ бўлиб ётибмиз! Биз ҳали отамиз ким билмаймиз, онамиз ким билмаймиз. Энг фожиали жой…дўст-душманимиз ким—билмаймиз.
* * *
Миллатчилик — иблислар паноҳ топажак энг сўнгги паноҳ, демак. Миллатчилик — жаҳолат, демак. Миллатчилик — бир халқни бошқа бир халққа нисбатан нафрати, демак. Шу боисдан, жуда кўп фожиалар ана шу миллатчиликдан келиб чиқади.
* * *
Имон билан яшагувчи, ноҳақликка чидолмовчи, хўрлик — золимликдан нафратланувчи, чин инсон бўлиб яшагувчи зот — асл зиёлидир!
* * *
Серқуёш ўлкада кўрмасдик зиё,
Дарёлар бўйида эдик сувга зор.
* * *
Инсон сариқ чақачалик бўлмай қолди. Ушоқдай тилла тақинчоқни олиш учун аёлни пичоқлаб кетаяпти. Бу — иқтисодий тангликдан демоқдалар. Йўқ, бу иқтисодий қийинчиликдан эмас. Бу — мафкуравий ожизликдан, мафкуравий заифликдан.
* * *
Бечора дин… ғар-ўғрилар учун қалқон бўлади. Бечора дин… мараз-муттаҳамлар учун қалқон бўлади. Бечора дин… аблаҳлар учун қалқон бўлади. Дин, балога қолган дин!
* * *
Ишдан ҳайдалган ожиз банда — ўзини шариатга уради. Иш тополмаган қўли калта — художўй бўлади. Қўлидан фойдали иш келмаса — намозхон бўлади. Егани нон тополмай қолса қўлига тасбеҳ олади. Борадиган жой тополмай қолса — мачитга боради. Юрар йўлини билмай қолса — шариат йўлидан юради. Муслим бўлади! Муслима бўлади!
* * *
Ёмондан-ёмони — инсон ўз маразлигини… тоат-ибодат билан ниқоблаб яшайди. Инсон ўз аблаҳлигини… шариатпешволик билан бекитиб яшайди. Инсон ўз ҳаромилигини… худога эътиқод қўйиш билан яшириб яшайди! Азал-азалдан шундай.
* * *
Юзлаб иш жойлар тақа-тақ ёпилиб қолади. Аммо… ўлим иши тақа-тақ ёпилмайди! Дунёда ҳамма штат қисқаради. Аммо… ўлим қисқармайди! Дунёда ҳамма нарса тамом бўлади. Аммо ўлим тамом бўлмайди! Ўлим мангу яшайди! Ўлим барча тузумлар учун абадийдир! Яшасин, ўлим!
* * *
Бу дунёда эса… яшаса бўлади! Бу дунё — яшаш учундир! Сен яшагувчи дунёга келдинг. Сен ҳаёт завқини тотувчи дунёга келинг. Сен умр гаштини сурувчи дунёга келдинг.
Бу дунёга кеддингми? Энди яша! Тишни тишга қўйиб-қўйиб яша. Муштни тугиб-тугиб яша. Алп-алп одим отиб яша. Чидаб-чидаб яша. Яшашни чидаганга чиқарган!
Бу дунёга келдингми? Энди чида! Дунё — чидаганники! Охиригача чида, худо берган кунгача чида!»
* * *
Бу дунёда ўлиб бўлмайди! Бу дунёда яшаб бўлади. Шу боисдан-да бу бунё отини ҳаёт дейди.
* * *
Олам уфққа бориб тамом бўлади. Одам умидини йўқотиб тамом бўлади.
* * *
Қари одамнинг энагаси — гўрков.
* * *
Интеллектуаллар халқ ҳисобига яшовчи бетайин бир тоифа бўлади. Улар китобга қараб ўйлайди, китобга қараб фикрлайди. Оғзини тўлдириб цитаталар келтиради, тарихдан сабоқлар ўқийди. Аммо кўчат экиб, дарахт ўтқазолмайди. Китоб бошқа ҳаёт бошқа эканлигини тасаввур ҳам эта олмайдилар. Оқибат, ҳаёт ҳақида қоғоздай қуруқ ўйлайди, қоғоздай жонсиз ўйлайди. Бироқ улар ўзларини ниҳоятда ақлли ҳисоблайдилар.
* * *
… Оломон, оломон! Оломонда тўртта таркибий хислат бўлади. Бу қандай хислатлар? Булар — ғоя, ирода, руҳ, ахлоқ. Ана шу тўртта хислат жам бўлса — оломон бўлади. Ана шу тўртта хислат туфайли оломон қудратли ҳам даҳшатлидир. Оломон — бўрон, оломон — ёнғин, оломон — сел! Шу боисдан-да, оломон бўлар-бўлмасга қўзғола бермайди. Оломон бирор-бир ғоя учун қўзғолади. Янги бир ғоя дунёга келса — оломон ана шу янги ғоя учун қўзғолади. Мазкур ғоя порлоқми ё тубанми — оломон учун аҳамиятсиз бўлади. Оломон қатордан қолма, кўпдан қолма — шиорлари остида саф бўлади. Оломон учун жамиятни яхши куниям бир, ёмон куниям бир. Жамият бирор ютуққа эришса — оломон қўзғолади. Жамият бирор парокандаликка учраса — тағин оломон қўзғолади. Оломон яхши кунда бир сиёсатдонни улуғлайди. Емон кунда… айни шу сиёсатдонни ер билан баравар этади! Оломон… тўқимтабиат бўлади! Бир кунлик кайфият билан жам бўлади. Бир соатлик мақсад билан йиғилади. Кейин, бирдан… айниб қолади. Бирдан… тариқдай тарқаб кетади!
* * *
Тўдада аниқ бир мақсад ҳам, орзу-ният ҳам бўлмайди. Тўда ҳамиша айбдор излайди, тўда ҳамиша гуноҳкор қидиради.
* * *
Адабий елвизаклар йўлида учрамиш адабиёт дарғаларини …белидан олиб беланги қилди. Бурнидан сув оқизди, кўзидан ёш оқизди. Оғзидан қон оқизди.
* * *
Демократ, сен ўтмишга тош отма. Ўтмишга тош отиш, ўликни тепкилаш демакдир. Ўлик тирилиб, хатолари учун сендан кечирим сўрамайди. Ўлик тирилиб, қайта қуриш учун бир иш қилиб бериб бермайди. Демократ, ўтмишдан сабоқ олиш керак, сабоқ. Ана шу сабоқни хулосалаб, бугунни ўйлаш керак, бугунни. Бугунни хулосалаб, келажакни ўйлаш керак, келажакни. Демократ, сен ўтмишга тўппонча отсанг, ўтмиш сени тўпга тутади!
* * *
Совет тузумини бешинчи кароматини… тан олиш лозим! Совет тузуми ана шу бешинчи кароматда… қош қўяман, деб, кўз чиқариб қўйди! Чин, совет тузумини мақсади — ўзбек хотин-қизларини эркаклар билан тенг ҳуқуқли этиш эди. Чин, тенг ҳуқуқли этди. Аёллар билан эркакларни тенгма-тенг кўрди. Аммо-лекин аёл билан эркакни бир қолипга солди. Аёл ким, эркак ким — билиб бўлмай қолди. Ўзбек хотин-қизларига… булдозер ҳайдаттирди, трактор ҳайдаттирди!
* * *
«Ўзингдан баланд амалдор нима деса — ана шуни бажар. Сўзсиз бажар. Аҳмоқона бўлса-да, бажар. Аблаҳона бўлса-да, бажар. Кўр-кўрона бажар. Ана шунда — ўсасан!
Ўзингдан баланд амалдордан… қўрқиб яша. Ўзингдан катта амалдор.. етти пуштингни ҳақорат этиб сўкса, сен… кечирим сўра!
«Ҳаммамиз учун ҳурматли ва азиз» қўшимчаси билан аталувчи амалдорни… Мункар-накир деб бил! «Муҳтарам зот», «улуғ зот» «вич-вич» қўшимчалари билан аталувчи амалдордан қўрқ. Қўрқмасанг-да, ўзингни қўрққанга ол. Боиси, амалдор зоти… ҳайиқиб турувчи одамни ёқтиради. Амалдор зоти қўлини кўксига қўйиб турувчи одамни яхши кўради.
Бир қудратли амалдор… оталиғида бўл. Ана шу амалдорга қўл бер. Ана шу амалдорни пирим — шефим, деб бил. Ана шунда — кўтариласан!»
* * *
ХХI аср! Мўмин-мусулмонлар орзиқиб ошиқажак ХХI аср! Мўмин-мусулмонлар бахт-саодат кутажак ХХI аср!
Энди, ана шу янги уй учун… талаш бўлади! Ер ол-ол бўлади. Юрт ол-ол бўлади. Эл ол-ол бўлади.
Барча ўз мақсадлари йўлида… миллатчиликни ишга солади! Халқларни… миллий туйғусини ишга солади. Халқларни… миллий ғурурини олов мисол ковлайди!
Тоғай Муроднинг “Бу дунёда ўлиб бўлмайди” романидан.