Азму жазм билан иш тут (Амир Темур ўгит ва йўриқларидан)

http://n.ziyouz.com/images/amir-temur1.jpg

Ишбилармон, мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатъий, тадбиркор ва ҳушёр бир киши минг-минглаб тадбирсиз, лоқайд кишилардан яхшидир.

Кенгаш икки турли бўлур: бири – тил учида айтилгани, иккинчиси – юракдан чиққани. Тил учида айтилганини шунчаки эшитардим. Юракдан айтилган маслаҳатни эса қалбим қулоғига қуярдим ва дилимга жойлардим.

Агар икки хатарлик ёки бир хатарлик ишни қилишга тўғри келгудек бўлса, икковидан баробар қутулиш чораси топилмагач, бир хатарини ихтиёр этмоқ керак.

Давлат ишларининг тўққиз улуши кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улуши эса қилич билан бажо келтирилур.

Адолат ва инсоф билан Тангрининг яратган бандаларини ўзимдан рози қилдим. Гуноҳкорга ҳам, бегуноҳга ҳам раҳм қилиб, ҳаққоният юзасидан ҳукм чиқардим. Хайр-эҳсон ишларим билан одамлар кўнглидан жой олдим.

Қилмоқчи бўлган ишларини қилмасдан қолдирмасинлар. Агар бирор ишни қилмасликка сўз берар эканлар, яқинига ҳам йўламасинлар. Хотирдан чиқмасинким, Тангри таоло жасур кишиларни ардоқлайди.

Азму жазм билан иш тутдим. Бирор ишни қилишга қасд этган бўлсам, бутун зеҳним, вужудим билан боғланиб, битирмагунимча ундан қўлимни тортмадим.

Хароб бўлиб ётган ерларда коризлар қурсинлар, бузилган кўприкларни тузатсинлар, ариқлар ва дарёлар устига янги кўприклар қурсинлар, йўл устида ҳар манзилгоҳга работлар қурсинлар. Йўлларга кузатувчи ва соқчилар қўйсинлар, ҳар бир работга бир нечта одамни жойлаштирсинларки, йўлларни кузатиш ва сақлаш ишлари шуларга тегишли бўлсин. Йўловчилар молларини ғафлат босиб, ўғирлатиб қўймасликларининг вазифаси ҳам ўшаларнинг зиммасида бўлсин.

Ҳокимлар, сипоҳ ва раиятдан қайси бирининг халққа жабр-зулм етказганини эшитсам, уларга нисбатан дарҳол адолату инсоф юзасидан чора кўрдим.

Ҳар кимнинг қадр-қимматини, тутган мавқеини ва ҳар нарсанинг ўлчовини белгилаб олишинг ва шунга мувофиқ иш юритишинг керак.

Очиқ юзлилик, раҳм-шафқат билан халқни ўзимга ром қилдим. Адолат билан иш юритиб, жабр-зулмдан узоқроқда бўлишга интилдим.

Дўст-душмандан кимки менга илтижо қилиб келгудек бўлса, дўстларга шундай муомала қилдимки, дўстлиги янада ортди, душманларга эса шундай муносабатда бўлдимки, уларнинг душманлиги дўстликка айланди.

Энг баланд минора ҳам ердан кўтарилгай.

Ҳар мамлакатда адолат эшигини очдим, зулму ситам йўлини тўсдим.

Шижоатли кишиларни дўст тут, чунки Тангри таоло жасур кишиларни ардоқлайди.

Ҳеч кимга ғазаб билан қаттиқ муомала қилмадим ва ҳеч бир ишда танглик қилмадим, токи Тангри таолонинг ғазабига дучор бўлмайин ва ишимни бузиб, ҳолимни танг айламасин деб.

Менга илтижо қилиб келган бадкирдор одамлар хоҳ менга яхшилик қилган бўлсинлар, хоҳ ёмонлик, салтанат тахтига ўтирганимдан кейин уларни хайр-эҳсонларим билан хижолатга қўйдим. Менга қилган ёмонликларини қилмагандек кўриб, уларни ёмон қилмишлари дафтари устига афв қаламини тортдим.

Сармояси қўлидан кетиб қолган савдогарга ўз сармоясини қайтадан тиклаб олиши учун хазинадан етарли микдорда олтин берилсин. Деҳқонлар ва раиятдан қайси бирининг деҳқончилик қилишга қурби етмай қолган бўлса, унга экин-тикин учун зарур уруғ ва асбоб тайёрлаб берилсин. Агар фуқародан бирининг уй-иморати бузилиб, тузатишга қурби етмаса, керакли ускуналарни етказиб бериб, унга ёрдам берилсин.

Яхшиларга яхшилик қилдим, ёмонларни эса ўз ёмонликларига топширдим. Ким менга дўстлик қилган бўлса, дўстлиги қадрини унутмадим ва унга мурувват, эҳсон, иззату икром кўрсатдим.

Юз минг отлиқ аскар қила олмаган ишни бир тўғри тадбир билан амалга ошириш мумкин.

Ҳеч кимдан ўч олиш пайида бўлмадим. Тузимни тотиб, менга ёмонлик қилганларни Парвардигори оламга топширдим. Софдил кишилар, саййидлар, олимлар ва фозилларга даргоҳим доим очиқ эди. Нафси ёмон ҳимматсизларни, кўнгли бузуқ қўрқоқларни мажлисимдан қувиб юбордим.

“Ёшлик” журнали, 2016 йил, 4-сон