Баъзи муштипар одамларни ва ҳатто ёш-ялангларни кўриб, эшитиб таажжубда қоласан киши: савоб излаб, яхшилик тилаб юзлаб чақирим йўл босиб авлиёларнинг қабрларини, мозору қабристонларини зиёрат қиладилар (зиёрат қилиш, уларни дуо қилиш яхши амал). Уларга азиз пешоналарини теккизиб ўпадилар, сажда қиладилар. Зиёратлари асносида улардан мадад, ҳидоят, хайр сўрайдилар. Оғирларини енгил, мушкулларини осон қилишни илтижо қиладилар (бундай амал ширкдир). Ҳолбуки, буларнинг ечими авлиёларнинг қабрларида эмас, балки уйларида, олдиларида – ота-оналари, қайнона-қайноталари, кекса-қарияларида, қариндошу маҳалладошлари, етим-есирлар, муҳтожлар дуосида эканини билмайдилар.
* * *
Инсон зоти шунақа: ақли етган нарсада ўзи билур, ақли етмаган нарсада Худо билур.
* * *
Ёмонларнинг ёмон ишларини, қилмишларини қоралаш, танқид қилиш мақсадида бўлса ҳам, уларни тасвирга тушириб намойиш этиш, кино қилиб кўрсатиш бу – уларнинг номақбул ҳаётининг янги-янги қирраларини нобоп ёшларнинг эсига солиш, ўргатиш билан баробар.
* * *
Ватандош олимларимизнинг қадр-қиммати нақадар улуғвор эканини хорижга чиққанингда – улар орқали сени таниганларида тушуниб етасан.
* * *
Инсон боласи яхши тарбия топиб, оқил ва одил таълим олиб, гўзалликни илғай биладиган, нозикликни пайқай оладиган, соф ва покиза ҳаётни ҳис қилишга одатланган ҳолатда вояга етмоғи лозим. Шунда у ёмон ва хунук иллатлардан, кир ва ифлос қилмишлардан жирканадиган инсон бўлиб етишади. Жирканиш одамнинг инсонлик мезони!
* * *
Дўстни сен танлайсан, қондошликни Худо танлайди, ота-она бино қилади. Худонинг танловидан, ота-она биносидан воз кечиб бўлмайди.
* * *
Ўз миллатининг тилини, урф-одатларини, турмуш тарзини билмайдиганларнинг бахти нуқсонлидир.
* * *
Шунақа инсонлар бўлади: одамлар унинг қанақа одамлигини тириклигида билмайди, ҳечам билмайди. Вафотидан кейин билиб қолади…
* * *
Кўзи билан куладиган, кўзи сузилиб турадиган ёки кўзлари олма-кесак терадиган одамдан ҳалол одам чиқиши амри маҳол…
* * *
Ақлсизга ақл ўргатсанг, сени ақлсизга чиқаради. Худди ўтрини тўғри, десанг эртасига уйингга тушганидек…
* * *
Ақлни ота-онангдан тополмаган бўлсанг, кўчадан қидирма, китобдан қидир, устоз-муаллимдан қидир. Булардан ҳам тополмасанг, Қуръони каримдан қидир, ҳадиси шарифдан қидир! Демак, сен иймонга муҳтожсан!
* * *
«Миллатим миллатим!» дея уззукун бонг урадиган, зарурият туғилганда писиб, ғойиб бўлиб қоладиганлар – подани қушхонага бошлаб ўзи қочиб қоладиган эчки зотлардир.
* * *
Ўзбек бир-бирисиз туролмас, кўришмасдан яшолмас! Ичидагини ютиб юролмас, ҳасратлашмай кетолмас!
* * *
Оқил ва одил раҳбарият йўқ ерда одамлар оқил ва одил бўлмайди.
* * *
Рақибингиз билан тотув бўлай десангиз, ундан норози эканингизни сездириб қўйманг.
* * *
Аччиқни аччиқ кесади дема, ширин ҳам кесади, кесганда ҳам афзал кесади.
Китобнинг тўлиқ варианти билан танишинг (PDF)
* * *
Азимжон Қосимов 1940 йил 19 сентябрда Тошкентда туғилган. 1959 йилда Тошкентдаги 22-ўрта таълим мактабини, 1965 йилда Қарши тиббиёт билим юртини, 1971 йилда Тошкент Давлат Педагогика институтининг тил ва адабиёт факультетини тамомлаган.
1982 йилда “Доришунослик терминлари” мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлаган. 1971-1988 йилларда “Медицина” нашриётида муҳаррир вазифасида фаолият юритган. 1988-2000 йилларда Тил ва адабиёт институтида тиббиёт терминологияси бўйича илмий изланишлар олиб борган. Унинг шу соҳага бағишланган 50 га яқин илмий мақолалари, рус тилидан ўзбек тилига таржима қилинган 50 дан зиёд илмий ишлари эълон қилинган.
Азимжон Қосимов ҳаммуаллифлигида “Русча-ўзбекча-лотинча фармацевтик терминлар луғати” (1990), “Ботаникадан қисқача изоҳли луғат” (1990), “Русча-ўзбекча-лотинча доривор ўсимликлар луғати” (1992), “Доривор ўсимликлар” (1994), “Инглизча-ўзбекча-русча анатомик терминлар луғати” (2006) китоблари чоп этилган. У “Тиббиёт ходимлари луғати” (1998), 4 жилдлик “Тиббий терминлар изоҳли луғати” (2003, 2008) муаллифидир.
“Ҳаётим – сабоқларим” (2005, 2006, 2008), “Мангу қалбимда у” (2006), “Завжам руҳига мактублар” (2008, 2010, 2012), “Ғўр ёшлар қисмати” (2008), “Изтироб” (2010), “Ҳаётим” (2010), “Муборак ҳаж таассуротлари” (2011), “Ҳаёт синоатлари” (2011), “Инсон қисмати” (2013) номли китоблари нашр этилган.