Айзек Азимов ҳикматлари

Одамлар ўзларини қўшниларидан яхшироқ, маданиятлари қадимийроқ ва юқорироқ, бошқа ерларга тарқалган жамики яхши жиҳатлар улардан олинган, ёмонликлар эса ўзга мамлакатларда ўйлаб топилган, деб ҳисоблашга ўрганиб қолганлар.

***

Келажакда ҳам китобнинг ўрнини ҳеч нарса эгаллай олмайди, худди ўтмишда эгаллай олмаганидек.

***

Агар шифокор менга беш минут умрим қолганини айтса, ваҳимага тушмайман. Фақат тезроқ нимадир ёзиб қолишга уринаман.

***

Тарихий жараён шундай нуқтага келдики, энди инсониятга душманлик қилиш, ёвлашиш мумкин эмас. Ердаги одамлар бир-бирлари билан дўстлашишлари лозим. Мен, шу ғояни ўз асарларимда алоҳида таъкидлаб келаман…

***

Майли, барча кишилар бир-бирларини яхши кўрмасинлар, бироқ улар орасидаги нафратни албатта йўқотиш шарт.

***

Илмий фантастика барча одамларнинг бирлашишларига ёрдам берувчи соҳа деб қаттиқ ишонаман.

***

Илм-фанда ифода этиладиган энг ҳаяжонли сўз “Эврика!” эмас, “Мана бу ажойиб-ку!”дир.

***

Баҳслашмайдиган аёлларни камчиликлардан холи деб ҳисоблайман.

***

Агар овқат ширин бўлса, у зарарлидир.

***

Масъулиятлилик – оғир иш эмас.

***

Инсоният тарихини англаш қийин. Кичик ўзгаришлар катта кутилмаган натижаларга олиб келган.

***

Жаҳли чиқиб турган одамнинг ҳақоратларидан хафа бўлманг. Агар, у тинчланиб, ҳақоратларини яна қайтарса, шундагина ранжишингиз мумкин.

***

Ҳаётда турли саволларга тўғри жавоб топишдан қизиқарлироқ иш борми?

***

Балоғатга етганимиздан сўнг, биз ўзгармаймиз, фақат ёшимиз улғаяди ва ажинларимиз кўпаяди. Аммо, бу ташвиш чекишга арзимайди.

***

Кам дегани, умуман йўқ, дегандан кўра яхшироқдир.

***

Қаришни ҳам билиш керак. Сиз қариганингиз сари мулойимроқ, одамларга меҳрибонроқ бўлиб боринг. Асосийси, атрофдагилар сиз ўз ҳаётингиздан қониқаётганингизни ва роҳатланиб яшаётганингизни кўришсин.

***

Жамият бошида турувчи робот яратилганда, у энг яхши сиёсатчи бўлган бўларди. Роботехника қонунига мувофиқ, у одамларга зиён етказа олмасди, зўравонлик ва порахўрлик қилмасди. У қаримас ва ўлмас эканлигини билса ҳам, вақтида истеъфога чиқарди.

***

Аввал ўйла, кейин индама.

***

Сени ким деб ҳисоблашлари эмас, сен ўзингни ким деб ҳис қилишинг муҳимдир.

***

Ишонч ва матонат доимо мукофотланади. Ўсимлик поясини ушлаб, шаҳд билан ҳамла қилинг, у душманга тўқмоқдек туюлади. Тараққиёт фақат ихтиролар орқалигина амалга ошади.

***

Ҳаёт – йўқотишлар занжиридир. Ёшлигингни, ота-онангни, дўстларингни, соғлиғингни ва охирида ҳаётнинг ўзини ҳам йўқотасан.

***

Фантаст-ёзувчилар нима қилаётганликларини ўзлари ҳам аниқ билмайдилар. Уларнинг кўпчилиги ўз ижодларини тирикчилик манбаи деб айтишлари мумкин. Аммо, мен учун, улар – номаълум ва хавфли келажакка боқишга жазм этаётган инсоният кўзларидир.

***

Тарихчиларнинг маълумотига кўра Македония шоҳи Филипп қўшни Спарта давлатига бундай мактуб юборган: “Агар, мен юртингизга кирсам, Спартани ер билан битта қилиб ташлайман!” Улар битта сўз билан жавоб қайтарганлар:“Агар!” Бу инсоният тарихидаги энг қисқа жавоб хати ҳисобланади.

***

Салжуқийларнинг буюк ҳукмдори Маликшоҳ узоқроқ яшаганда ёки истеъдодли тахт ворисига эга бўлганда, салб юришлари аввал бошданоқ ҳалокатга учрарди. Умуман олганда, салбчиларнинг айрим муваффақиятлари мусулмонлар орасидаги келишмовчиликлар туфайли юз берган.

***

Францияда, қирол Людовик VII даврида, шамол тегирмонлари қурилиши бошланган. Бу ғоя ўша пайтларда технология соҳасида анча илғор бўлган Шарқ мамлакатларидан ортга қайтаётган салбчилар томонидан олиб келинган. Салб юришлари натижасида, у ерларда ўрганилган янгича тафаккур ва етук ғояларнинг қиммати, ютқизилган ёки ютилган жанглар аҳамиятидан анча юқори бўлган.

***

Математикадан бошқа ҳеч вақони билмасанг, буюк математик деб ҳисобланишинг мумкинми?

***

Олға қадам ташлаш учун доимо сабаб бор. Фақат уни ўз вақтида топиб туриш лозим.

***

Ишонч ақлдан устун.

***

Ҳаёт, умуман олганда, антиқадир. Антиқалик унга тўлиқ мос келувчи ягона сифатдир.

***

Мен амалдорларнинг кўпини кўрдим, аммо уларнинг орасида бахтлиларини учратмадим. Амал – полга қоқиб қўйилган курси эмас. Шунинг учун, амалдор доимо курсини кимдир силжитмаслигидан огоҳ бўлиб, ҳамиша хавотирда ишлайди.

***

Муаммони ҳал қилишнинг энг осон йўли – уни йўқ деб фараз қилишдан иборат.

***

Олти – “аъло сонлар”нинг биринчисидир. Унинг бўлинувчиларининг йиғиндиси ўзига тенг. Яъни, 6 да улар учта: 1, 2 ва 3. Уларнинг йиғиндиси 6 га тенг. Бундай сонлар кўп эмас. Ундан сўнг, 28 келади: 1+2+4+7+14=28. Кейингилари, 496 ва 8128 сонларидир. Бу нарсани қадимги математиклар яхши билишган.

***

Илмий ҳақиқат қонуний ёки ноқонуний каби тушунчалардан ташқаридадир.

***

Файласуф бўлиш учун олийгоҳда ўқиш шарт эмас. Ўткир ақл ва ҳаётий тажриба керак.

***

Озод бўлишни истаган одамгина озод бўла олади.

***

Қўрқув – инсонга керак. У эҳтиёткор бўлишни ўргатади ва ҳаётни асрайди.
***

Биз қандай усулда ризқ-насиба топаётганимиз, қай ҳолатлардан завқланаётганимиз, қандай ғояга ишонаётганлигимиз, нималарни яхши, нималарни ёмон, деяётганимиз – маданиятдир.

***

Бу сайёрада биргина ишлаб чиқариш ривожланган эди, яъни давлат томонидан биргина маҳсулот – қонун чиқариларди. Бутун ҳаёт жараёни бетиним бошқариларди. Сайёрада одамлар, уй ҳайвонлари ва паразит-текинхўрлар яшардилар. Транторда бошқача ҳаёт йўқ эди.

***

Ёмон хабарлар бургут қанотида келади, яхшилари эса тошбақа оёқларида.

***

Айни ҳаётдан қониқмаслик инсониятни тараққиётга ва маданият ривожланишига ундаган. Ҳолатидан қониқиб ўтирабериш – ортга кетишдир.

***

Пулнинг жозибаси – жуда кучли. Лекин, ҳаётга жиддий қараган одам учун пулнинг ўзи етарли эмас.

***

Кимнидир севсанг, унинг кўзларида ҳамиша қувонч чақнаётганлигини кўргинг келади.

***

Атиргул – лой ва ифлос тупроқда ўсади.

***

Ўтган замонни бутунлай унитиш мумкин эмас, чунки у бугунни келтириб чиқарган.

***

Миш-мишларни барча замонларда тўхтата олишмаган.

***

Сен кўпҳужайралик организм сифатида тахминан эллик триллион ҳужайрадан иборатсан. Лекин, шахс сифатида, айтилган барча ҳужайралар аҳамияти йиғиндисидан муҳимроқсан.

***

Ишларни ривожлантириш учун режалар тузишнинг ўзи камлик қилади. Уларни вақт келганда ўзгартиришни ҳам билиш керак.

***

Мен тўсатдан, одамлар аҳмоқдир, деган фикрга келиб қолдим. Ўйлаб кўринг, инсонлар хатти-ҳаракатларини тартибга солувчи қонун-қоидалар йўқ эди, уларни ўйлаб топишди. Аммо, одамлар, шу, ўзлари ўрнатган қоидаларга риоя қилишмайди. Ажаб!..

Тўпловчи ва таржимон Озод Мўъмин Хўжа