Дунёдаги ҳар бир шоир-ёзувчининг серқирра ижодини тўла намоён этадиган асарлари бор. Алишер Навоийнинг «Хамса»си, Шота Руставелининг «Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон» достони, Вильям Шекспирнинг «Қирол Лир» драмаси, Лев Толстойнинг «Уруш ва тинчлик» эпопеяси, Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романи ана шундай асарлар сирасига киради. Шубҳасиз, «Менинг Доғистоним» бадиаси ҳам таниқли авар шоири Расул Ҳамзатов ижодий баркамоллигини тўла намоён этадиган беназир асар.
Ҳассос шоирнинг Ватан, тил, миллат, одам, халқ, урф-одат ҳақидаги фалсафий мушоҳадалари, пурмаъно шеърлари, фақат ўзигагина хос бадиий ўхшатишлари, топилдиқ, ташбеҳлари, ибратомуз кўрган-кечирганлари, авар, умуман, Кавказ ва жаҳон халқлари ҳаётидан олинган ривоятлар, ҳикоятлар ва ҳикматлар руҳига йўғрилиб кетган. Улар китобхон қалбида Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга садоқат, урф-одатларга ҳурмат туйғуларини уйғотади. Шу боис асарнинг биринчи китоби нашр этилиши билан (1967 йил) китобхонлар ўртасида машҳур бўлиб кетди ва кўплаб жаҳон тилларига таржима қилинди. 1971 йили асарнинг иккинчи китоби нашр этилди.
Истеъдодли шоир Асрор Мўмин бир неча йиллик ижодий изланишлардан сўнг «Менинг Доғистоним» асарини она тилимизга тўлиқ таржима қилди ва асар «Тафаккур» нашриёти томонидан яхлит китоб ҳолида нашрга тайёрланди. Тез орада китобхонлар қўлига етиб борадиган ана шу китобдан саралаб олинган ибратли ҳикмат-ибораларни адабиёт ихлосмандлари эътиборига ҳавола қилмоқдамиз.
Одам тилга кириши учун икки йил кифоя, лекин тилини тийиб туришни ўрганиши учун олтмиш йил керак бўлади.
* * *
Ҳар бир одам болалигидан ўз халқининг вакили бўлиш учун дунёга келганини билиши ва шу шарафли вазифани зиммага олишга ўзини тайёрлаши керак.
* * *
Ҳеч бир ёзувчи фақат ўз миллати қувонч-ташвишлари билан чегараланиб қола олмайди. Унинг қалбини ҳамиша умуминсоний қувонч-ташвишлар ҳам безовта қилади.
* * *
Айримлар ўйлайдики, катта мавзуларга қўл урсам бас, дарҳол буюк бўламан, деб. Аммо буюкликнинг замини оддийликда. Ахир, бир томчи ёмғирда бутун бир селнинг кучи бор.
* * *
Ўткир фикрни жўн ифода этиш, қўзичоқни оч бўрига рўпара қилишдай бир гап.
* * *
Тилни ўрганмасдан шеър ёзишга уринган одам сузишни билмасдан ўзини саркаш дарёга ташлаган телбага ўхшайди.
* * *
Бировнинг отини қанча минма, барибир эгардан тушиб отни эгасига қайтарасан.
* * *
Оилада севги қанча кучли бўлса, соғлом бола туғилиш эҳтимоли шунча кўп.
* * *
Ўтмишга тўппончадан ўқ узсанг, келажак сени тўпга тутади.
* * *
Бургут товуқлар орасида бемалол юраверса, у бургут эмас.
* * *
Яхши иш қилмаган бўлсанг ҳам — яхшилик қилиш ниятинг бўлгани учун ташаккур!
* * *
Ёғочдан қилинган пичоқ қанча чиройли бўлмасин, жўжани ҳам сўя олмайсан.
* * *
Онам бешигимни тебратиб айтган алла қулоғим тагида жарангламаган бирон кун, бирон дақиқа бўлмаган, десам, муболаға эмас. Бу алла менинг барча қўшиқларимни аллалаб улғайтирди.
* * *
Баъзан одамлар миясида фикр бўлгани учун эмас, тилининг учи қичиб тургани учун гапиришади.
* * *
Тоғлик она ҳеч қачон қоидаси бузилган шеърни жигарбандига ўқимайди.
* * *
Одамларнинг тиллари ҳар хил бўлиши мумкин, лекин юраклари бир хил тепса бас.
* * *
Биз Ватанни танламаймиз, чунки Ватан бизни аллақачон танлаб бўлган.
* * *
Ўзга мамлакатлар, ўзга халқлар ҳақида ёзган яхши, агар сен ўзлигингни топиб олган бўлсанг.
* * *
Қўшиқ айтишни ўз уйингда ўрганмаган бўлсанг, уйингдан узоқда қандай ўрганасан?
* * *
Керакли нарсани умринг бўйи изласанг ҳам омад кулган лаҳзадагина топасан.
* * *
Ёзувчи бирор мавзунинг бошини тутар экан, фақат юрак амрига қулоқ солиши лозим.
* * *
Доғистон — менинг муҳаббатим, менинг келажагим, менинг тавбам, менинг ибодатим! Доғистон — ҳаётимнинг мазмуни, барча шеърларимнинг бош мавзуси.
* * *
Албатта, қушлар сайраб туриши керак, лекин уларнинг асосий вазифаси уя қуриш, овқат топиш, полапонларини боқишдир.
* * *
Нафосат, яхшилик, раҳмдиллик, муҳаббат, гўзаллик, ватанпарварлик, ифтихор, нафрат каби тушунчалар туфайли шеърият пайдо бўлганидай, бу тушунчалар шеърият туфайли улуғвор. Улар шеъриятсиз, шеърият уларсиз мавжуд эмас.
* * *
Ким жангга кираётган вақтда оқибатини ўйласа, ботирлик кўрсата олмайди.
* * *
Шеърият ва сафсатабозлик бошқа-бошқа нарса.
* * *
Китобим, сен тантанали қабул маросимларидаги кишиларга ўхшама. Сенда таомилдаги сўзлар эмас, майли, фақат менинг феъл-атворимга хос сўзлар бўлсин.
* * *
Она юртни севиш роҳати, она юртни куйлаб завқланиш роҳати Ҳамзат Цадаса ҳаётининг мазмуни эди.
* * *
Ҳамзат Цадаса оддий меҳнаткаш эди, қалбида авар халқининг шаъни ва қадриятлари яшарди. У шу фазилатларни пок сақлашни шараф деб билди.
* * *
Шоир — ўз шеърларининг уйи, шоир юраги — шеърият истироҳат қиладиган жой. Умримнинг яхши ва ёмон кунларида ҳам улар менда яшайди. Мен қайда яшайман, бу улар учун муҳим эмас.
* * *
Қаср ҳеч қачон товуқхонани, товуқхона эса ҳеч қачон қасрни эсга солмаслиги керак.
* * *
Дунёда бир-бирига ўхшаш иккита истеъдод бўлмайди, агар бир-бирига ўхшаса истеъдод аталмайди.
* * *
Уруш ҳеч қачон дунёда одамлар сонини кўпайтирмайди, лекин у ердаги қаҳрамонлар сонини оширади.
* * *
Орзулар одамзод умр риштаси узиладиган чегарадан ҳам ўтиб кетади ва асрлар оша учаверади.
* * *
Скрипкани созлаш билан иш битмайди, унда куй чала олиш керак.
* * *
Агар қоғозга ёзилган ҳар бир нарса қўшиққа айланаверганда, одамлар аллақачон оддий сўзларда суҳбатлашишмасди, бир-бирига қараб қўшиқ айтишарди.
* * *
Шалдираган жилға денгизга, ялқов Маккага етиб бормайди.
* * *
Бургут шамолга қарши учади, балиқ оқимга қарши сузади. Шоир ҳам хоҳ қувончли, хоҳ ғамли бўлсин, уйғонган туйғулари асосида шеър ёзади.
* * *
Ёлғон ҳар доим ёлғон, ҳақиқат ҳар доим ҳақиқат. Улар ҳеч қачон арзимас ва улканга ажратилмайди.
* * *
Ёдингда тут, дунёда сенинг овулингдан бошқа жойлар ҳам бор, унутма дунёда сендан бошқа одамлар ҳам яшайди.
* * *
Фақат шоиргина ҳаётни шундай тасвирлай оладики, шеърхонлар уларни ўқиганда ўзлари илгари эътибор бермаган нарсаларни кўради, ёвузликка қарши турган дунё гўзаллигидан, инсон қалби гўзаллигидан ҳайратга тушади.
* * *
Тил халққа бир умрга берилади, уни ўзгартириб ҳам, йўқотиб ҳам бўлмайди.
* * *
Кичкина калит билан катта сандиқларни очиш мумкин.
* * *
Бола туғилаётганда ўзига Ватан танламайди — пешонасига ёзилган жойда дунёга келади.
* * *
Кичкина оғиз ҳам катта гапларни сўзлаши мумкин.
* * *
Уйингни сот, далангни сот, мол-мулкингдан айрил, лекин кимлигингни унутма, одамгарчиликдан чиқма.
* * *
Тошни қушга ур, қуш ўлади, қушни тошга ур, қуш ўлади.
* * *
Одам — фақат атама эмас, — унвон, унвон бўлганда ҳам, жуда юксак унвон. Бу юксак унвонга муносиб бўлиш учун бир умр интилиш керак.
* * *
Номдан улуғ, ҳаётдан азиз нарса йўқ. Уларни қадрла!
* * *
Савол — ниманидир кўзлаб отилган ўқ. Жавоб — нишонга теккан ўқ.
* * *
О, она тилида ўйлаётган ва куйлаётган одамлар! Сизга ҳам ташаккур!
* * *
Ҳамиша оналар гўзал, оналар айтган қўшиқлар гўзал.
* * *
Агар беланчаклар узра аллалар айтилмаганда, эҳтимол, дунёда бошқа қўшиқлар яратилмасди.
* * *
Оналар — дунёнинг энг биринчи шоирлари!
* * *
Оналар алласи — одамзод яратган қўшиқларнинг ибтидоси.
* * *
Қўшиқ юракда яралади, юрак уни тилга беради, тил эса одамларнинг юрагига етказади, одамларнинг юракларида асрлардан асрларга ўтади.
* * *
Шеър шундай бўлиши керакки, уни ҳеч тортинмай онангга, қизингга, синглингга ўқий олгин.
* * *
Марднинг бошига қандай синов тушмасин, у шикоят қилишга, ё кўз ёш тўкишга ҳаққи йўқ.
* * *
Ўзинг билган нарсалар ҳақида ёз. Билмаган нарсаларингни бошқа китоблардан ўқи.