Ёзувчининг ўзидан қўшиши (русча айтганда, вымысел) адабий асарда катта рол ўйнайди. Лекин мен турмушда кўрмаган, билмаган нарсам ҳақида ҳеч нарса ёзмайман. Ҳар бир асаримнинг ёзилишига турмушда учраган бирор воқеа сабаб бўлади… Мен материалларни ўрганиш маҳалида асарни қайси хилда ёзиш ҳақида бош қотириб юраман. Шунинг натижасида мен ўзимча асаримнинг жуда ҳам тахминий схемасини тузиб олиб, кейин ишга тушаман. Шундай схема бўлмаса, ҳеч қачон ёзувга ўтира олмайман.
* * *
Ҳақиқий ёзувчи бўлмоқ учун турмушни ҳар тарафлама ўрганиш, бунинг учун унинг ҳар саҳифаларидан хабардор бўлиш керак. Қисман менинг бошимдан кечирганларим менинг ёзувчи бўлишимда каттагина рол ўйнаганлар. Ҳақиқий ёзувчи бўлишни истаган ёшларимиз ҳам дастлаб шу турмуш ичига киришлари, уни билишлари керак.
* * *
Адабиёт дунёсида икки турли танқид бор: жиддий танқид ва ҳажвий танқид… Танқиднинг иккинчи хили бўлган ҳажвий (сатира маъноси билан) оммавий дейилса бўлади… Ҳажвий танқид авомнинг руҳига яқин ва унинг ҳис этган, аммо ифода қила олмаган масалаларига таржимондир. Хулоса: ҳажвий танқиднинг табиатидаги кулгулик унсури авомнинг маҳбуби, тағин тўғриси, унинг ўз ижодидир.
Бир миллатнинг ҳар бир соҳада тутган мавқеи маданиятдаги даражасига, яъни савиясига қараб ҳукм қилинса ҳам, аммо ҳажвиётдаги даражаси бунга қарамайди. Миллатнинг кулгилик даҳоси аксар ўша қавмнинг интибоҳ тарихининг қалдирғочи бўлиб кўринади. Масалан, Италияда, Испанияда ва Россияда (Гоголлар) каби…
* * *
“Ўткан кунлар”ни ёзар эканман, доимо кўз ўнгимда ўқувчи оммамиз турар эди. Мен бу китобим билан халқимиз рағбатини бир оз бўлса ҳам янгиликка тортай, дер эдим… Модомики, асар савияси ўзимизга маълум шу халқ учун ёзилар экан, яна бир мунча вақт “сўнгги приём”лардан кўз юмиб туриш, оралиқда сўнгги приёмни оз-оз қистира бориш лозимдир. На учунким, сўнгги приёмда ёзилган шеър ва насрларимиз бир табақагагина хос бўлиб қола бергани даъвомизга далилдир.
* * *
Мен бир асар ёзишдан аввал шу ёзмоқчи бўлган нарсам ҳақидаги материалларни пухта ўрганиб чиқаман… Материални ўрганиш маҳалида энг майда нарсаларга (деталларга) ҳам аҳамият бераман. Масалан, мен ҳалиги ўрганмоқчи бўлган ерда қанча дарахт борлиги, уларнинг қанчаси эски ва қанчаси янгилиги, мен борган маҳалда ўша дарахтларда қандай қушлар қайси хилда қўниб турганлиги ва шунга ўхшаш майда нарсаларгача. Биринчи қараганда, бу нарсалар ҳеч аҳамиятга молик бўлмайдигандек кўринса ҳам кейинроқ фойдаси тегиб қолиши мумкин… Ёзувчи бўламан деган ҳар бир киши ўзида мана шундай турмушнинг майда-чуйдаларигача кузата оладирган қобилиятни ўстириши керак.
* * *
“Ўткан кунлар” янги замон романчилиги билан танишиш йўлида кичкина бир тажриба, яна тўғриси, бир ҳавасдир. Маълумки, ҳар бир ишнинг ҳам янги — ибтидоий даврида талай камчиликлар билан майдонга чиқиши, аҳлларнинг етишмаклари ила секин-аста тузалиб, такомилга юз тутиши табиий бир ҳолдир. Мана шунинг далдасида ҳавасимга журъат этдим, ҳаваскорлик орқасида кечатурган қусур ва хатолардан чўчимадим.
* * *
Дидактика усулини кўпроқ қўллашнинг сабаби “Ўткан кунлар”нинг оммамиз савиясига қараб ёзилишидандир. Маълумки, бизнинг омма то шу кунгача ҳам ўрта аср достон ва ҳикоялари билан озиқланиб келадир. Омманинг шу ҳолини назарга олганда, бармоқ билан санарлик беш-ўнтагина (улар ҳам ўз ҳунарларида нўноқлардирлар) ёшларимиз учун “сўнгги приём”ни бериш тиши чиқмаган болага қурт шимитиш каби бўлар эди. Ҳолбуки, бу эски приём жўрттага, халқимизнинг савиясини эътиборга олиб қабул қилингандир.
* * *
Сўз сўзлашда ва улардан жумла тузишда узоқ андиша керак. Ёзувчининг ўзигина тушуниб, бошқаларнинг тушунмаслиги катта айб. Асли ёзувчилик айтмоқчи бўлган фикрни ҳаммага баробар англата билишда, орага англашилмовчилик солмасликдадир. Бундан бошқа фикрнинг ифодаси хизматига ярамаган сўз ва жумлаларга ёзувда асло ўрин берилмаслиги лозим. Шундагина иборанинг тузатиб босилишига йўл қўймаган ва мустақил услуб ва ифодага эга бўлиб, ўзингизнинг қаламдаги истиқболингизни таъмин қилган бўласиз. Кишига ишониш ва беҳуда кучаниш маъқул гап эмас, бировга орқа қилиб, ўзингизда бўлган талантнинг руҳига фотиҳа ўқий кўрмангиз! Бир соатда эмас, ўн соатда ёзиш, бир қайта эмас, ўн қайта тузатиш кишининг ёрдамига термулишга қараганда ҳам фойдалик, ҳам умидлидир.
* * *
Бундан бирор йиллар муқаддам ўртоқ Сотти Ҳусайн “Ўткан кунлар”ни танқид қилиш ниятида бўлганлигини менга изҳор қилиб, ёрдам сўраганида унга хурсандлигимни билдирган, “Агар сиз шу ниятингизда собит қолсангиз, танқидчиликдаги бир нуқсонимизни йўқотасиз!” деган, керакли маълумотлар бериб, ҳатто мени роман ёзишга ҳаваслантирган Миср фузалосидан устоз Жўржи Зайдон билан таништириб, Жўржи Зайдоннинг роман ва ғайри (бошқа) асарларини С.Ҳусайнга тавсия қилиб ва орзуси бўйича таржимаи ҳолимни ҳам ёзиб берган эдим. Дарҳақиқат, сиз ва бизнинг вазифамиз бундай ёш, ғаюр йигитларга ҳам доим далда беришликдир.