Сўз сўйлашда ва улардан жумла тузишда узоқ андиша керак. Тузилган жумлани ёзувчининг ўзигина тушуниб, бошқаларнинг тушунмаслиги катта айб. Асли ёзувчилик айтмоқчи бўлган фикрни ҳаммага баробар англата билишда, орага англашилмовчилик солмасликдадир.
Қалам — ўқлоғи, адабиёт — кетмон бозори эмас. Йўсинсиз равишда хотирага келган ҳар бир сўздан жумлалар тўқимоқ фазилат саналмайди. Сўз қолип, фикр унинг ичига қўйилган ғишт бўлсин, кўпчилик хумдонидан пишиб чиққач, янги ҳаёт айвонига асос бўлиб ётсин.
* * *
Ёзувчи турмушни ҳар тарафлама ўрганиши, бунинг учун унинг ҳар соҳаларидан хабардор бўлиши керак. Қисман бошимдан кечирганларим менинг ёзувчи бўлишимда катта рол ўйнаган. Ҳақиқий ёзувчи бўлишни истаган ёшларимиз ҳам дастлаб шу турмуш ичига киришлари, уни билишлари керак.
* * *
Ёзувчи бўладиган ҳар бири киши адабиётдаги оқим ва мактабларни яхши билиб олиши керак. Энг яхши ёзувчиларнинг асарларини бир неча қайталаб ўқиш зарур. Ўқиганда ҳам, ёзувчи нима демоқчи эканини ва ўз фикрини қандай йўл билан ўқувчига англата олганига диққат қилиб, суриштириб бориши керак. Шундагина ёзувчилардан ҳунар ўрганиш мумкин.
* * *
Фикрнинг ифодаси хизматига ярамаган сўз ва жумлаларга ёзувчи асло ўрин бермаслиги лозим. Шундагина иборани тузатиб босишга йўл қўймаган, мустақил услуб ва ифодага эга бўлиб, ўзингизнинг қаламдаги истиқболингизни таъмин қилган бўласиз. Кишига ишониш ва беҳуда кучаниш маъқул гап эмас. Бировга орқа қилиб, ўзингизга бўлган талантнинг руҳига фотиҳа ўқий кўрмангиз. Бир соатда эмас, ўн соатда ёзиш, бир қайта эмас ўн қайта тузатиш кишининг ёрдамига термулишга қараганда ҳам фойдали, ҳам умидлидир.
* * *
Ҳикояни “серсув” қиладиган нарсалардан бири кўрсатиш ўрнига сўзлаб беришдир. Агар Очумеловнинг буқаламун экани унинг сўзлари орқали кўрсатилмай, автор томонидан таърифланса, дунё-дунё сўз кетар эди. Чехов буни ўзи айтиб бермасдан, Очумеловнинг ўз сўзи билан қисқа сатрларда кўрсатади-қўяди.
* * *
Услуб деган нарса тил билишга боғлиқ бўлган ва ҳар бир ёзувчи тилининг характери каби бўлиб танилган бир хусусиятдир. Ёзишга малака ҳосил қилингач, услуб ҳам ўз-ўзидан туғилади.
* * *
Комедия деганда нима тўғри келса, шундан кулавермак эмас, балки ўзининг туб шартига мувофиқ этиб кулмак, уни ёзганда мавзуни турмушимизнинг нақ чирик бир жойидан олмоқ ва шу билан баробар, адабиёт тарозусига олиб ёзмоқ керакдир.
* * *
Кулгиликни ёзганда, уни сиз ясаган бўлиб кўринманг, балки ўзи ясаган бўлсин. Ўз ҳолини ўзи арз қилсин. Токи, ўқувчингизгина эмас, ҳатто кулгида қолган рақибингизнинг ўзи ҳам можаросиз сиз билан биргалашиб кулишмакка мажбур бўлсин.
Адабиётда бир неча хил кулги йўллари бўлса ҳам, (масалан, пичинг, кесатиш, киноя, тағофил ва бошқалар) лекин энг мўътабари характер кулгисидир.
* * *
Адабиёт дунёсида икки турли танқид бор: жиддий ва ҳажвий танқид. Жиддий танқид ўзининг кузатган нишонаси устида ўзгаришлар ясаса ҳам, аммо кўпинча авомга мажҳулроқ бўлиб ўтади. Айтиш мумкинки, жиддий танқид баҳс қилинган масаланинг ўз аҳлига, яъни юқори табақа зиёлиларга махсус кабидир. Ундан сўнг, жиддий танқид турмушнинг ҳар бир бурчагига кириб юриш учун ҳам таназзул этолмайди. Бу жиҳат билан қаралса-да, у оммавийлик хусусиятидан йироқдир.
Танқиднинг иккинчи хили бўлган ҳажвий танқид (сатира маъноси билан) оммавий дейилса бўлади. Чунки кулги танқид турмуш бўлиб учқувчи бургутдир. Ҳаёт шароитига ярамаган заиф, қизранч, манфур, музир, шунинг сингари унсурлар унга емдир.
Ҳажвий танқид авомнинг руҳига яқин ва унинг ҳис этган, аммо ифода қила олмаган масалаларига таржимондир. Хулоса: ҳажвий танқиднинг табиатидаги кулгулик унсури авомнинг маҳбуби, тағин тўғриси, унинг ўз ижодидир.
* * *
Тарихий романнинг бир яхши хусусияти шундаки, у бир жиҳатдан бадиий асар сифатида китобхонга мароқ беради, иккинчи жиҳатдан ўкувчини бир қадар тарих билан ошна қилади…
* * *
Ўзбек тили камбағал эмас, балки ўзбек тилининг камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар.
* * *
Ҳамма тил ҳам кўшни тиллардан “қарз” олади. Бусиз иложи йўқ. Асар фақат ўз тилидагина ёзилса ширасиз, қуруқ чиқади. Ёзувчи ўз халқининг тилини, фолклорини камол ўрганиши шарт ва бир неча тилларни, айниқса яқин қўшин тилларни билиши фазилат. Шундагина тили бойийди, асари жонланади.
* * *
Китобни тушуниб мутолаа қилиш керак. Баъзан тушуниб мутолаа қилишнинг ўзи кифоя қилмайди. Фикрлар тез унутилиши мумкин. Бундай ҳолларда айрим зарур фикрларни ёд олиш керак бўлади.
Ёзувчини, гарчи шахсан танилмаса ҳам, асарларини ўқиб, қандай табиатли киши эканини ғойибона билиш, тасаввур қилиш мумкин. Чунки у асарларда асосан ўз табиатини, руҳини тасвирлайди.