Шерали Турдиев. Маърифат ва истиқлол фидойиси

Ашурали Зоҳирий ХХ асрнинг бошлари ва 20-йилларда Туркистондаги маданий ва маърифий ҳаётнинг таниқли намояндаларидан бири эди. Лекин у 30-йиллар охирида қатағонга учраб, ҳаёти ва фаолияти, мероси узоқ йиллар ўрганилмай келинди. 50-йиллар охирларида расман оқлангандан кейингина Ашурали Зоҳирий биографиясига доир маълумотлар кўрина бошлади.

Ашурали Зоҳирий 1885 йилда Муқимий, Фурқат, Ҳамза, Завқий каби машҳур шоирлар ватани – Қўқон шаҳри яқинидаги Ойим қишлоғида таваллуд топади. У дастлаб шу ердаги эски усулдаги мактабда, сўнг Мадалихон мадрасасида ўқийди. Бу ерда у араб, форс тили, шарқ классик ва айниқса ўзбек классик адабиётининг буюк намояндалари асарларини муҳаббат билан ўргана бошлайди. 1908-1913 йилларда ўзи дарс берган “Янги усул” мактабида уларнинг асарларидан маънавий-маърифий тарбия қуроли сифатида фойдаланади.

Мазкур даврда Алишер Навоийнинг машҳур “Муҳокамат-ул луғатайн” ва “Вақфия” асарларини, шунингдек, Бобурнинг “Бобурнома”сини нашр эттиради. 1914 йилда “Она тили” деган махсус мақола ёзиб, унда Алишер Навоийнинг “Муҳокамат-ул луғатайн” асарини ўзбек тили тарихидаги муҳим ўрни ва аҳамиятини алоҳида таъкидлаб кўрсатади. “Садойи Фарғона” газетасининг 1914 йил 1-сонида ( 3 апрель) ёзган “Сўзбоши”сида миллий ҳаёт ва миллатнинг тараққийсида миллий матбуот ва адабиётнинг роли ҳақида қизғин фикр юритади, янги адабиёт ва матбуотнинг миллий онг ва ҳисларни уйғотишда маънавий-руҳий тарбия соҳасида муҳим қудратли қурол эканлигини кўрсатиб ўтади. Жумладан, у бу ҳақда алоҳида тўхтаб шундай деб ёзади: “Газета ҳар бир миллатнинг таржимонидирки, билмаган нарсаларини билдирар ва ҳам миллатнинг муддаосини бошқаларга билдирар. Яна бошқа бир сўз билан айтилса, газета ҳар бир миллатнинг тилидир. Газетасиз миллат тилсиздир. Зеро, тили ва адабиёти йўқ миллат миллат эмасдир. Ҳар кимнинг дунёда тирик турмоғи учун ҳаво билан сув қандай лозим бўлса, ҳар қавмнинг ҳаёти саодати учун ул миллатнинг адабиёти ва матбуоти бўлмоғи лозим” (“Садойи Фарғона” газетаси, 1914 йил, № 1).

Бундан ташқари у мазкур йилда буюк қрим-татар маърифатчиси ва ислоҳотчиси бўлган Исмоилбек Гаспиралининг бевақт вафоти билан “Марҳум Исмоилбек қандай ишлар қилган?” деган яна бир муҳим мақола эълон қилади. Мақолада Исмоил Гаспиралининг Боқчасаройдаги ёшлик ва ўқиш йиллари, иш фаолияти ва кейинчалик Москва, Париждаги ўқишлари, аскарий хизматлари, Қримга қайтиб, янги усул мактаб очиши ва “Таржумон” (1883) номли газета чиқариб, дарсликлар ёзиши, буларни кейинчалик бутун Россия мусулмон матбуоти ва мактабларининг ривожига кўрсатган ҳаётбахш таъсири ҳақида фикр юритади. Айниқса, “Русия мусулмонлари” китобига катта баҳо бериб, бу ҳақда шундай деб ёзади: “Исмоилбек жанобларининг “Русия мусулмонлари” асари 30-40 саҳифадан иборат бўлса ҳам “Исмоилбек” деганда ҳамма турк, татар бирдан Боқчасаройға қараб таъзим қилмоққа лойиқ ва сазовор этган хизматларининг бундан неча йил муқаддам (бутун турк-татар оламини қоронғулик ўраб олғон вақтда) тузган программани истиқболда тасаввур этган ишларининг лойиҳасидир. “Русия мусулмонлари” асаридан турк ва татар миллати илм ва ҳунардан маҳрумдирлар, агар шул кетишда давом этсалар, охири ютулиб, мунқаруз бўлурлар. Энди аларнинг бу заиф, бундай кейинда қолмоқлариға сабаб нима? Турк-татар миллатини маҳв ва инқироздан қутқармоқ учун нима қилмоқ лозим? деган саволлар бериб, бунга жавобан қайд этади: бизнинг бу заифлигимизга сабаб жаҳлимиз, Оврўпа илм ва маорифидан баҳрасизлигимиздир. Бундан қутулмоқ учун ўқимоғимиз лозим, Оврўпа илм афкорини орамизға суқмақлиғимиз лозимдир. Лекин, Оврўпа илм ва маорифини турк-татарлар орасиға фақат ўз мактаб ва мадрасаларида ўз тиллари билан идҳол этмоқ мумкиндир. Бу жиҳатлар бирла Русияда яшағувчи туркийларнинг ўз адабиётлари бўлур, – деган фикрини, аввал турк-татар мутафаккирларининг юқори табақалариға русча асари билан билдирди. Умумийроқ суратда билдирмоқ қасди бирла 1883 йилда “Таржумон” газетасини чиқармоққа рухсат олди ҳам шу йил 10 апрелдан нашрға бошлаб, ўйлағон фикрини ёзмоқға бошлади.

“Таржумон” чиқмоғи билан болаларға қирқ кун ичида туркча ўқиб, ёзмоқ мумкин эканлигини кўрсатмоқ учун Боқчасаройнинг “Қайтмаз оға” маҳалласининг бир-икки мактабини тузатиб, мадраса шогирдидан Бакир афанди талабага усули савтия таълимларини ўргатиб, бўладурғон биринчи муаллимнинг ҳам тадоркини этди” (Қаранг: “Садойи Фарғона” газетаси, 1914 йил, 17 сентябрь, № 60, 1-2 бетлар).

Ашурали Зоҳирийнинг мазкур мақоласи ушбу йилда Исмоилбек вафоти муносабати билан ёзилган Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Исмоилбек ила мусоҳаба”, Ҳамзанинг “Явмул вафот” (1914) каби мақолалари ва С.Айний, Таваллоларнинг марсияларига ғоявий жиҳатдан ҳамоҳанг эди.

Ашурали Зоҳирий бу билан чекланиб қолмади. Замондошларининг хотираларига қараганда у 1912-1913 йилларда ички Россиядаги татар мусулмонларининг янги мактаб ва маориф соҳасидаги тажрибаларини ўрганиш мақсадида Қозонга ҳам боради, у ердаги муаллимлар ва уларнинг ўқитиш методлари билан танишади. Қосимия мадрасасида турк-татар тарихидан дарс берувчи Аҳмад Закий Валидий Тўғон билан учрашади, унинг 1912 йилда босилган “Турк-татар тарихи” китоби билан қизиқади. Китоб муаллифига кўпдан Фарғона хонлари тарихини ўрганиб юрганлиги, лекин уларнинг Туркистон умумий тарихи жараёнидаги ўрнини белгилашда қийналиб турганини айтади. Қўқонга қайтгач, мазкур саёҳат таассуротлари остида бу ердаги тараққийпарвар дўстлари билан бирга “Ғайрат” номли кутубхона очади.

Қўқондаги рус-тузем мактаби ўқитувчиси Серкибой Оқаев билан ҳамкорликда “Туркий хрестоматия ёхуд терма китоб” (1912)ини ёзиб, унга янги усул мактабларида ўқийдиган талабаларни маънавий-аҳлоқий ва руҳий жиҳатдан тарбиялаш учун осон бўлган турли бадиий, дидактик намуналарни беради, уларни имло, хат-савод жиҳатдан тўғри тарбиялаш учун 1916 йилда кўргазмали “Имло” рисоласини нашр эттиради. Аста-секин у, маърифатчилик, матбуотчилик ишлари билан бирга, ўлкадаги миллий истиқлолчилик ишларига ҳам аралашиб, “Эль байроғи” (1917) газетаси ва “Юрт” журналида фаол иштирок этади. Жумладан, 1917 йил рус февраль инқилобидан кейин мазкур йилнинг 1 июнидан Қўқонда ўзи чиқара бошлаган “Юрт” журналида Чўлпон, Шокир Мухторий ва бошқаларнинг Туркистон мухторияти ғояси учун кураш руҳидаги шеър ва мақолаларини эълон қилади. “Эль байроғи” газетасида Чўлпоннинг мухторият ғалабасидан чексиз қувониб ёзган “Озод турк байрами” шеърини босади.

Кўз очинг, боқинг ҳар ён,
Қардошлар қандай замон,
Шодликлар бўлди жаҳон,
Фидо бу кунларга
Ҳуррият байроғимиз,
Адолат ўртоғимиз,
Хурсанд бўлган чоғимиз,
Меваласин боғимиз.

1913-1914 йилларда илмий изланишлар олиб бориш мақсадида Фарғонада бўлиб, кейин (1917 йил рус февраль инқилобидан сўнг) Туркистондаги миллий истиқлолчилик курашида фаол қатнашган машҳур туркийшунос олим Аҳмад Заки Валидий Тўғон ҳам 1969 йилда Истанбулда босилган туркча “Хотиралар” китобида 1913-1914 йилларда Қозон университети профессори Катонов йўлланмаси билан Фарғонада бўлганлиги, бу ерда Чўлпон, Н.Тўрақулов ва А.Зоҳирий бошқалар билан танишганлиги, Ашурали Зоҳирий уйида яшаб, у билан ҳамкорликда бирмунча маданий-маърифий ишларни амалга оширганлигини эслайди. 1917 йилда иккинчи бор Туркистонга келиб, бу ерда мухторият ғояси ғалабаси учун курашда рус унитарист миллатчиларининг қаршилигини енгишда, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Убайдулла Хўжаев билан бирга, Ашурали Зоҳирий ҳам ёрдам берганини ёзади.

Шу билан бирга Ашурали Зоҳирий бу йилларда ҳам педогогик фаолиятини тўхтатмайди. 1917 йил сентябридан эътиборан Фарғона вилояти маърифатпарварлари ва маориф жамияти аъзолари ёрдамида ташкил бўлган мактаблар учун муаллимлар тайёрловчи дорилмуаллиминда Булат Солиев, Ҳоди Файзи, Қори Ниёзий каби педагоглар билан бирга ишлайди, у ерда ўзбек тили ва адабиётидан дарс беради. Дорилмуаллимин кейинчалик Фарғона вилоят таълим-тарбия техникумдан машҳур ўн уч қалдирғоч – Раҳим Отажонов, Фахриддин Шамсуддинов, Теша Зоҳидов, Фаттоҳ Раҳмонов, Улуғ Турсунов каби машҳур олим, муҳандис ва муҳаррирлар етишиб чиқади ва улар ўлкамизнинг турли олий, ўрта махсус ўқув юртлари, илмий муассаса ва нашриётларида ишлаб, фан ва маданиятимизни юксалтиришга муносиб ҳисса қўшадилар.

Ашурали Зоҳирий бу даврда фақат билим юртида адабиётдан дарс берибгина қолмай, ўлка билим юртлари учун Чўлпон билан ҳамкорликда “Адабиёт парчалари” (1925) номли махсус хрестоматия ҳам тузди. Китобда муаллиф ўзбек классик адабиётининг улуғ намояндалари Алишер Навоий, Бобур, Муқимийлардан тортиб, ХХ аср бошлари ва 20-йиллардаги янги ўзбек адабиётининг Абдулла Қодирий, Чўлпон, Элбек, Боту, Рафиқ Мўмин каби вакилларигача бўлган ижодкорларнинг турли жанрлардаги асарларидан намуналар берди.

Ашурали Зоҳирий 1921-1930 йилларда Қўқонда “Янги Фарғона” (1921-1926 йилларда “Фарғона” номи билан чиққан) газетасида Чўлпон, Ҳамза, Назир Тўрақулов, Лутфулла Олимий, Боту, Абдулла Қаҳҳор ва бошқалар билан бирга ишлаб, янги ўзбек адабиёти ва матбуоти, маорифи ва маданияти, унинг ютуқ ва камчиликлари ҳақида илмий публицистик мақолалари билан фаол қатнаша бошлайди. 20-йилларда Туркистонда кучая бошлаган тил ва имло масалалари, адабий меросга муносабат баҳсларига фаол аралашиб, бу борада миллий адабий тилимизнинг қонун ва қоидалари, классик адабиёт ва фольклор меросимиз ҳақида қимматли фикр ва мулоҳаза билдирди.

Ашурали Зоҳирий бу даврларда, ўзбек классик адабиёти ва унинг машҳур намояндалари Алишер Навоий, Бобур, Муқимий билан бирга, бой ўтмиш маданий ва маънавий меросимиз бўлган фольклор асарларига ҳам шундай катта эҳтиром ва ҳурмат билан қаради, уларда халқимизнинг ўтмиш тарихи, урф-одатлари, маиший ҳаёти, орзу-умидлари ва армонлари, кечинмалари ёрқин акс этганлигини чуқур ҳис қилди, бу борада кўплаб манба ва материаллар (эртак, мақол, қўшиқ, ёр-ёр ва бошқалар) тўплади, махсус мақолалар ёзди. Айниқса, халқ орасида кенг тарқалиб, асрлар давомида келин-куёв тўйларимизда айтилиб келинган ёр-ёр қўшиқлари (ўланлари)ни тўплаб, сўзбоши билан эълон қилди. Кириш мақоласида ёр-ёр қўшиқларининг ҳақиқий моҳияти, дардли оҳангларини чуқур таҳлил қилиб беради: “Ўзбек хотин-қизларининг ёр-ёр куйларининг ўйноқ оҳанглари ичида қанчалик мунг, қанчалик ҳузн борлигини ким билмайди? Қиз ҳаётининг энг саодатли ва умрда туғилиш ва ўлиш каби бир марта бўладиган кун, тўй куни, ўзбек қизи учун қандай фалокатли, қандай қаро бир кун бўлар эди.

Кўнгил истагидан маҳрум, севги лаззатидан бенасиб, умр савдоси юзасидан умрбод ғамгин, шикаста дил, шикаста хотир, ўзбек қизлари ўз уйини нақадар ғамчинлик билан тарк этади:

Оқ милтиққа қора қилиб отган отам,
Ўз қизини ёт қилиб сотган отам.
Ҳай-ҳай ўлан жон ўлан,
Мис панжара ёр-ёр.
Ҳар жафога кўнади, қиз бечора ёр-ёр.

Эски ҳаётнинг бузғун шароити, қадимги муҳитнинг чирик қонунлари, ҳаммадан кўра кўпроқ хотин-қизлар бошига кулфат бўлиб тушган эди. Инсонлик ҳуқуқидан маҳрум этилган ўзбек хотини учун бутун дунё қоронғи эди. Бечора дунёда бахт деган нарса борлигига ишонмайдиган бўлиб қолган эди:

Андижонда ўт ёқсам, Ўшда тутун,
Бу дунёда бормикан бағри бутун.

Ашурали Зоҳирий эълон қилган ушбу лапарлар ва унга ёзилган сўзбоши шу даврларда босилган Элбекнинг “Лапарлар” (1992), “Ашулалар” (1935), Рафиқ Мўминнинг “Қўшиқларимиз”, Шокир Сулаймоннинг “Халқ адабиёти” (1923), Ғози Олим Юнусовнинг “Алла тўғрисида бир неча сўз” (1926) каби мақолалари қатори муҳим ғоявий-тарбиявий аҳамиятга эга бўлди.

Лекин, афсуски, шунга қарамай, 20-йилларнинг охирларида Ашурали Зоҳирий, Қўқондаги бир гуруҳ таниқли зиёлилар қатори, “Ботир гапчилар” номли махфий миллатчилик ташкилотининг аъзоси бўлган деган сиёсий туҳмат билан бегуноҳ қамалади.

Шундан сўнг қамоқда бирор йил қийноқда ётгач, охири 1931 йил 25 апрелда ОГПУнинг суд комиссияси мажлиси уни миллатчилик ташкилоти “Ботир гапчилар”нинг фаол аъзоси деган айбнома билан Лутфилла Олимий, Ёқуб Омон, Абдулла Раҳматзода, Носир Эркин, Нуриддин Эрматов, Абдулла Қаҳҳорлар билан турли муддатга қамоқ ва сургун жазосига ҳукм қилади. (Булар ичида фақат Абдулла Қаҳҳор гуноҳсиз топилиб, тезда ҳибсдан озод этилади). Ашурали Зоҳирий ғоявий раҳбар бўлган деган айбда ўн йилга сургун бўлади. Оила аъзолари (33 ёшли рафиқаси Маликахон, 15 ёшли ўқувчи қизи Моҳира, 4 ёшли ўғли Марат, 2 ёшли Нажиб ва бошқалар) кўнгиллари вайрон бўлган ҳолда оғир аҳволда қоладилар. У бошқа ўзига ўхшаган бахтсиз, эрксиз маҳбуслар қатори узоқ сургунда оғир жисмоний меҳнат азобларини бошдан кечиради. Охири 1936 йилда меҳнат лагеридан қайтади, лекин у сиёсий таъқиб ва кузатувлардан қутила олмайди. 1937 йил 5 сентябрда уйи тинтув қилиниб, ўзи яна қамоққа олиб кетилади. 1937 йил 4 сентябрда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги қарори билан унга “Миллий иттиҳод” ташкилотининг асоси бўлган ва сўнгги вақтгача унинг топшириғи билан совет ҳокимияти ва коммунистик партияга қарши кураш олиб борган, 1936 йил сургундан қайтгач ҳам бу фаолиятини тўхтатмаган ва аксилинқилобий миллатчилардан Сулаймонов (Чўлпон – Ш.Т), Ғози Юнусовлар билан алоқа боғлаб, иғвогарона миллатчилик фикрларини тарқатиб юрган” – деган катта сиёсий айб қўйилади. Шу айбнома асосида Ўзбекистон Ички ишлар халқ комиссарлари қошидаги учлик комиссиясининг 1937 йил 4 декабрдаги мажлиси қарори билан олий жазо – отувга ҳукм қилинади. Ҳукм мазкур йилнинг 28 декабрида ижро этилади.

Ашурали Зоҳирий 1937 йилги бошқа сиёсий қатағон қурбонлари каби фақат Сталин вафотидан кейин бир неча йил ўтгач, 1958 йил 15 сентябрдагина оқланди. Лекин ҳақиқий маънода фақат Мустақилликдан кейингина қадрини топди. Умр бўйи Ватан ҳурлигини орзу қилган ва бу йўлда фидокорона курашган маърифат ва истиқлол фидойиси номи дилларда мангу яшайди.

«Шарқ юлдузи» журналининг 2010 йил 10-сонидан олинди.