“Ёшлик”чилар янги рукн ташкил этиб, аҳли адабиётнинг умри давомида суйиб мутолаа этган китобларидан тўққизтасини ажратиб, фикр айтиш ҳақидаги таклифлари менга маъқул келди. Зеро, ҳозирда китобхонлик билан боғлиқ жуда кўп фикрлар ўртага тушаётган бир замонда умумий гапларни қўйиб, шундай амалий иш қилиш – тўғри танланган йўл. Лекин камина бу амалиётни бироз таҳрирлаб, таҳририятга адабиётчиларимизнинг бори ҳаёти давомида эмас, балки сўнгги пайтларда ўқиган тўққизта китоби ҳақида фикр айтишни таклиф қилган бўлар эдим. Чунки адабиётни қисмат билган одамки бор, унинг умри китоб билан ўтади. Шунинг учун бор-йўғи тўққизта китоб билан чекланиш сира мумкин эмас. Албатта, завқу ҳайратингни чандон ошириб, туйғуларингни жумбишга келтирадиган, ўзингдан чиқар ҳолатга соладиган асарлар кўп бўлавермайди, лекин умумжаҳон миқёсида олиб қаралса, башариятнинг китоб ила ўтган умри бўйича кўрилса, инсонда ҳайратлар уйғотувчи, дақиқ китоблар ниҳоятда кўп. У ёғи Ғарб, бу ёғи Шарқ, қўйингки, бутун дунё кутубхонасининг саноғи миллиардларга етса, шундан бир неча минг ҳайрат боиси бўладиган асарлар чиқар. Демакки, сўнгги пайтларда ўқиганим тўққизта асар хусусида сўз кетар экан, мен кичик бир лирик чекиниш қилиб, ўзбекнинг катта шоири Зокиржон Фурқатнинг 1959 йили нашр этилган икки жилдлигининг иккинчи жилдидаги “Хўқандлик шоир Зокиржон Фурқатнинг аҳволоти, ўзи ёзгони” деб номланувчи бир битигига эътибор тортишни истардим.
Зокиржон етти ёшга етганида ота-онасининг “машварати ила” мактабга олиб борилади. Мактаб ҳаётига оид жуда кўп тафсилотлардан кейин муҳтарам шоиримиз у ерда дастлаб олган сабоқлари ва китоблари хусусида сўз юритади. Маълум бўлишича, Қуроъни Каримдан ўн беш-йигирма адад майда сурани ёд этиб ўрганади. Сўнг ҳафтиякка ўтиб, уни ҳам ўзлаштиргач, тўлиқ Қуръони шарифга берилади. Муқаддас китобни хатм қилгач, “Чор китоб” ибтидо қилдим, деб ёзади. Шулар билан бир йилни ўтказиб, саккиз ёшга етганида Фаридиддин Атторнинг “Мантиқут тайр” асарини олти ой давомида ўрганади. Ундан сўнг Ҳофиз девони ва беш ой давомли Мирзо Абдулқодир Бедил девонини қунт билан “дилига дилбанд” этади. Ёши тўққизга етганида эса Амир Алишер Навоийнинг туркий девонлари мутолаасига берилади. Шу тариқа ўн ёшида Фузулий ғазалиёти ва “Маслакул муттақин” маснавиётини ўқиб туширади. Ўн икки ёшга етганида Қўқонда Подшоҳ Хўжа Эшон номли бир машҳур мударрисга шогирд тушади. “Аввали ҳол”, “Аввали илм”, “Муъзи Вазанжоний” рисолаларини ўқиб тамом қилади ва ўн уч ёшга етганида “Авомил”, “Ҳаракот” рисолалари, “Кофия” китобини таҳсил қилади. Бўлғуси шоир ўн тўрт ёшга етганида “Шарҳи Муллои Жомий” ва “Рисолаи шамсия”ни уч йил давомида ўзлаштиради… Мана ўзбек мумтоз адабиётининг буюк намоёндасига айланган бир аждодимизнинг ўспиринлик ёшигача ўқиган, ўзлаштирган, ўрганган киоблари. Демак, на Ҳазрат Алишер Навоий ва на улардан кейинги қатор буюкларимиз ва на Фурқату Ҳазинийлар фақатгина илоҳий истеъдоднинг тажаллийлари эмас. Балки, мутолаа машаққатларининг ва саодатининг бори азобу завқини туйгач, истеъдодлари рўёбга чиққан зотлардир. Агар шундай мутолаа эски давр мактабу мадрасаларининг кўрсаткичи бўлса, демак, шоиру адиб, олиму уламо бўлмаган, лекин мактабу мадрасада таълим олган боболаримизнинг билими, дунёқараши қанчалар бўлганини тасаввур этиш қийин эмас. Биз-да аждодларга муносиб авлод бўлишимиз учун ўтмишдан керак хулоса чиқариб олишимиз зарур.
Энди бу чекинишлардан сўнг кейинги пайтларда мутолаа этилган тўққиз асар ҳақида тўхталаман.
Исай Калашников. “Қаттол аср”. Роман
Шу кунларда мутолаа этилган минг саҳифадан ортиқ – эпик кўламдаги роман машҳури жаҳон фотиҳ Чингизхон ҳақида ҳикоя қилади. Унинг ота-боболаридан тортиб, ўзининг дунёга келиши, болалик, ёшлик дамлари, чеккан азоблари, машаққатли қисмати, сўнгра қувватланиб қанча-қанча элу элат, қабила, кейинроқ эса қанча шаҳар-мамлакатларни забт этиши, тақдир тақозоси билан тарих майдонига чиққан ғурури баланд, ниятлари ёруғ йигитнинг қон кечиб, қирғинбаротлар қилиб, маънавий таназзулга юз тутиб бориши бағоят миқёсли, юксак бадиий тасвирлар, теран мушоҳада ва фалсафий ўйлар билан ифода этилади. Исай Калашников деган бурятиялик романнавис ва унинг ўтган аср етмишинчи йиллар адоғида ёзиб эълон қилинган асаридан энди хабар топиб, жуда кеч ўқиганим учун, очиғи, афсусландим. Бу фақатгина тарих эмас, ёвузлик, ёвуз даҳо шаклланишининг, маънавий емирилишнинг бори синоатини батафсил тасвир этган соф бадиий асар. Бу, шубҳасиз, жаҳон адабиётининг дурдоналаридан дейишга арзигулик роман.
Мо Янь. “Мусаллас мамлакати”. Роман
Мазкур асар учун муаллиф бундан тўрт йил аввал Нобель мукофоти билан тақдирлангани кўпчиликка яхши маълум. Ўтган аср ўрталари атрофларида воқе бўлган ҳодиса ҳақида ҳикоя қилинган романда ниҳоятда даҳшатли ҳолатлар қаламга олинади. Гўдак болаларни аввал бошданоқ махсус туғиб, боқиб, сотиб, сўнг таом сифатида тайёрлаб, тановвул қилиш, ақл бовар қилмайдиган даҳшатли ҳодиса. Бироқ, қарангки, ҳеч бир замонда бўлмаган бундай мудҳиш ҳолат инсоният маданий тамаддунининг юксак босқичлари бошланган паллаларда Хитойда содир бўлади. Гап, балки, ҳикоя қилинган даҳшатли воқеада ҳам эмасдир. Лекин инсон табиатининг бу қадар ваҳшийлашиши мумкинлиги ва у ўз моҳиятини маданият деган ниқоб остига яшириб, кўнгли тусаган номаъқулчиликларни қила билиши, ҳатто мутлоқ мумкин бўлмаган разилликка журъат этиши бу – нафақат бандасининг, аввало Яратганнинг олдидаги мудҳиш гуноҳ. Қиёмат ҳақида мислсиз азоблар ҳақида ўйлашга етаклайдиган жиноят. Даҳшатга тушиб фикр қиласан – инсон боласи маънавий такомил сари интилишдан кўра тубанлик чоҳига қулашни афзал биладиган замон бўлгандек гўё. Мо Яннинг мазкур асари унча-мунча мудроқ тафаккурларни уйғотиб юборса, ажаб эмас.
Лев Толстой. “Санъат нима?” (Что такое искусство?). Фалсафий публицистик трактат
Санъат ҳақида жуда кўп ёзилган. Унинг асл моҳияти, қандай эҳтиёж зарурати эканлиги, табиати, намояндалари борасида ниҳоятда кўп асарлар бор. Лекин Лев Николаевич Толстойнинг “Санъат нима?” номли қарийб икки юз саҳифали бадиҳа, рисола, илмий, фалсафий, ижтимоий трактат, бадиий публицистика каби назарий таърифлар билан жанр хусусиятини белгиласа мумкин бўлган асари мушоҳадаларнинг ниҳоятда теранлиги ва кенг қамровлилиги билан ҳайратларга солади. Мутафаккир зот санъат ҳодисалари минглаб одамларнинг йиллар давомида чекадиган азоблари, интилишлари ҳисобидан дунёга келишини мушоҳада объектига айлантиради. Санъатнинг турли табақа тоифаларида жараённинг қандай кечишини кузатади. Дирижёрнинг қўл остидаги мусиқачиларга зулм қилиши, ҳақоратлаши, гарчи жуда хунук кайфият пайдо қиладиган манзара бўлса ҳам, лекин пировардида инсонга бахтиёр дақиқалар улашиши билан аҳамиятлидир. Рисолани хулосалар экан, Толстой бобо “Санъат зўравонликка барҳам бериши керак. Ва фақат санъатгина бунга қодир” деган фикрни илгари суради ҳамда инсонларни санъатгина биродарга айлантириши, кимлиги, қандайлигидан қатъи назар, бир-бирига муҳаббат уйғота олиши мумкин бўлган, инсонларга илоҳий туйғулар улашиб, унинг ўзини-да илоҳий дунёларга етаклаб кетувчи мўъжизавий бир ҳодиса дея таърифлайди. Толстойнинг санъат хусусидаги ҳайратлари ва мушоҳадалари, назаримизда, ҳар бир санъаткор учун ибратлидир.
Рюноскэ Акутагава. “Дўзах азоблари”. Ҳикоя
Бу ҳам Толстойнинг санъат ҳақидаги қарашларига қай бир жиҳатдан ҳамоҳанг яратиқ. Лекин у фалсафий публицистик трактат бўлса, буниси соф бадиий психологик ҳикоя. Ўзи ҳис қилмаган, ўз кўзи билан кўрмаган, ўз сезгилари орқали онги, тафаккури ва юрагига сингимаган ҳодисалар ҳақида ҳеч қачон ҳақиқий санъат асари яратиб бўлмайди. Ҳикояда айнан шу тушунчадаги рассомнинг мислсиз инсоний фожеаси орқали мазкур ҳақиқатга келиши ва ҳайратомуз ҳаққоний тасвирий санъат асарининг яралиши кўрсатиб берилади. Акутагава ижоди замон ва макон чекловларидан ташқаридаги ноёб туйғулар, ҳолатлар ҳақида ҳикоя қиладики, унинг тафаккур ва ҳиссиёт олами шу қадар теранлигига тан бермасдан илож йўқ.
Марио Варгас Льоса. “Шумтакалар”. Қисса
Перулик Нобель мукофоти совриндори Марио Варгас Льоса “Шумтакалар” қиссасини ёзиб Лотин америкаси адабиётини яна бир дурдона асар билан бойитган. Бола пайтида кутилмаган бахтсиз ҳодиса туфайли фалокатга учраган Куэльяр ҳаёти, унинг янги мактабда орттирган тўрт дўсти билан кечмишлари орқали инсон туйғуларининг турфа оламига кириб борасиз. Одамни тушуниш нақадар мураккаб, нақадар қийин вазифа эканини бот-бот ҳис қиласиз. Ўзини инсоний амалга қодир тўлақонли шахс сифатида ҳис қила олмаган кишини тушуниб, унга ёрдам бера олмаганинг ҳолда, ҳеч бўлмаганда, ҳамиша хайрихоҳлик туйғуси билан яшаш, хотираларга садоқат кўрсата билиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келаверадиган иш эмас экан. Куэльяр, Лало, Каллахум, Чиллак, Манъуколарда бўлгани каби беғубор болалик даврининг энг яқин тенгдош жўраларинг билан кечган ширин хотираларини ёдга солувчи бу асар ҳам гарчи муайян макону замонда бўлса-да, таниш оҳангу табиати, ҳазин мазмуни – хулосалари билан ҳаммамизни қай бир маънода тафтиш этаётгандай туюлади.
Ян Парандовский. “Сўз кимёси”. Трактат
ХХ аср поляк адабиётининг атоқли адиби Ян Парандовскийнинг “Алхимия слова” – “Сўз кимёси” асари ёзувчи меҳнати, унинг ўзига хос ижодий ва маиший дунёси ҳақида ниҳоятда қизиқ маълумотларни ҳикоя қилади. Бу асарнинг жанр жиҳатидан аниқ таърифини бериш мушкул. Уни ёзувчилар ҳақидаги ҳаётий тафсилотлар ёки ёзувчилик санъати ҳақидаги трактат деб атаса ҳам бўлади. Китобда адиблик истеъдоди, маҳорати, ижод хусусиятлари, илҳом дамлари, илҳомланиш жараёнининг ғалат кўринишлари, қўйингчи, машҳур адибларнинг қандай ручка ва қоғоздан фойдаланишидан тортиб, нима еб ичганигача, муайян асарларга киришиш ва ёзиш палласидаги тўлғоқли ҳолатларгача, севгиси, кўнгилхушлари, қандай пайтда ижод қилишни маъқул кўриши, қандай столда ўтириб, не алпозда қалам тебратишигача – барчаси энг оддий, майда тафсилотларигача ифодасини топган. Ҳажман 700 саҳифага яқин бўлган мазкур китобни ўз вақтида устоз Озод Шарафиддинов таржима қилишга киришган эди. Афсуски, домла китобдан бир нечта бобнигина тилимизга ўгириб улгурди. Ҳозирда олмоншунос Мирзаали Акбаров китобнинг бошқа бир қатор бобларини таржима қилиб, “Жаҳон адабиёти” журналига тақдим этди. Назаримда, ёзувчилик ҳаваси билан ёнган ёшлар, албатта, бу китобни ўқиб чиқиши шарт.
Абдулҳамид Исмоил. “Жинлар базми ёхуд катта ўйин”. Роман
Каминани том маънода ҳаяжонга солган мазкур роман буюк аждодимиз ҳақидаги дастлабки ва ҳозирча ягона роман. Бу асарнинг воқеалари асосан ёзувчининг бадиий хаёлоти маҳсули, айни пайтда, тарихий ҳужжатлар билан мантиқан далилланган, айтиш мумкинки, тарих ва бадиий хаёлот ажабтовур муштараклик кашф этган бақувват роман. Абдулла Қодирий миллатимизнинг армони бўлгани ҳолда, адибнинг ўзи ҳам ёзиб улгурмаган асарлари учун буюк армон билан ўтган ижодкордир. Ёзувчининг ўзи эътироф этганидек, “Амир Умархоннинг канизаги” номли бир роман яратиш ниятида жуда кўп тарихий асарларни ўрганган, канизакнинг қисмати билан боғлиқ маълумотларни излаган. Машҳур шоҳ ва шоир Амир Умархоннинг канизи бўлган Ойхон ниҳоятда аччиқ қисмати билан ўқувчини ўзига боғлаб қўяди. Бениҳоя гўзал қизнинг тақдир тақозоси билан у қўлдан бу қўлга ўтиб, мислсиз азоблар чекиши Абдулла Қодирийни қанчалар ҳазин ҳолатга солса, ўқувчида ҳам юрак-юракдан ачиниш ҳиссини уйғотади. Бора-бора азоблари туфайли ўз қаҳрамонини севиб қолган Абдулла Қодирий каби “Жинлар базми ёхуд катта ўйин” асарини уқиб мутолаа қилган китобхон ҳам Ойхонни севиб қолиши мумкин. Дунёда муҳаббат қиссалари ниҳоятда кўп. Уларнинг ҳар бири ўзича бир дунё. Романдаги Абдулла Қодирийнинг кўнгил армонлари яна бир гўзал муҳаббат достони бўлиб китобхон қалбидан жой олиши аниқ.
Мақсуд Шайхзода. “Мирзо Улуғбек”. Тарихий трагедия
Темурхон наслидин султон Улуғбек,
Ки, олам кўрмади султон анингдек.
Ҳазрати Алишер Навоий шу қадар юксак таъриф берган буюк шоҳ ва мунажжим, аллома Мирзо Улуғбек ҳақида инжакўнгил шоиримиз Мақсуд Шайхзода 1959 йили катта драматик асар яратган эди. Асар ҳозирги Миллий театр саҳнасида эллик беш йил бурун саҳналаштирилиб, Шукур Бурхондай буюк санъаткорнинг ижроси билан ўзбек театр санъатининг олтин фондига кирган. Мазкур асарни бугунги кунда қайта ўқиб, Шайхзоданинг ҳеч муболағасиз, ҳақиқий мумтоз асар яратганини англаймиз. Уни сира иккиланмай Шекспир трагедиялари билан қиёсласак бўлади. Шоҳ ва аллома, ота ва ўғил, она ва ўғил, жамият ва адолат, инсон ва унинг ҳаётдаги вазифаси борасида теран мушоҳадаларга ундайдиган “Мирзо Улуғбек” пьесасини бугунги глобаллашган дунёнинг муаммоларига қарши ўзига хос бир бадиий қўлланма сифатида қабул қилиш мумкин. Мутаассиблик ва илму ирфон, жаҳолат ва маърифат, юксак инсоний туйғулар билан маънавий қашшоқлик ўртасидаги муросасиз кураш трагедиянинг марказий ғояси бўлгани билан бугунги кунларимизга ҳамоҳанглик касб этади. Шу боисдан ҳам асар жорий бир йил давомида ҳам Самарқанд театри, ҳам пойтахт Миллий театри саҳналарида қўйилди. Муҳими, Шайхзода илгари сурган ғоялар ва эҳтирослар қайта жонланиб, катта саҳналарда жаранглади ва Шайхзодани ҳам замондошимизга айлантирди. Ҳар қандай ижодкор ўз асари билан шундай тақдирга муносиб топилса, у барҳаёт бахтли ижодкордир.
Ҳалима Аҳмедова шеърлари
Мен кунларни алдаяпман, ёмон кунларни,
Гоҳ кар бўлиб, гоҳ ўзимни солиб мастликка.
Аммо ўздин қайга қочай, қаёққа қочай,
Хаққим борми юрагимни танимасликка.
Бу сатрлар замонамизнинг гўзал шоири Ҳалима Аҳмад қаламига мансуб. У, ҳеч шубҳасиз, ўзбекнинг Анна Ахматоваси, балки ундан-да миқёслироқ ва теранроқ ҳодисадир. Ҳалиманинг мени лол қолдирадиган бетакрор хислати унинг фавқулодда ҳаяжонга соладиган метафоралар дунёси. Шоирнинг хаёлот дунёсида табиатан мутлақо чоғишмайдиган ҳодисалар чоғишади, аксинча, бир-бирига ниҳоятда яқин нарсалар тамоман бошқа-бошқа қутбларда пайдо бўлади. Ҳалиманинг тахайюлини одатий тафаккурга ўрганган инсон мутлақо тушунмаслиги мумкин, лекин уни ўқиб тушунгувчи, идрок этувчи одамлар эса хушбахтлик туйиши аниқ. Нафақат хушбахтлик, балки тўлиб-тўлиб йиғлашга мойил ҳолда, тозариш – поэтик катарсис ҳолатини бошдан кечиришга муваффақ бўлади. Бундай ҳодисани фақатгина оламни ғалат муштаракликда кўрадиган, илоҳий басират кўзларига эга, катта шоирлар пайдо қила билади. Ҳалиманинг шеърларини ҳеч қачон шунчаки ўқиб бўлмайди. Фақат ва фақат соме кайфиятдагина бу шеърият сенга ўша катарсис – тозариш неъматини бахшида этади.
“Ёшлик” журнали, 2016 йил, 9-сон