Жаҳон харитасини ўзгартирган олмос қироли

У Кап колониясининг бош вазири, қироллик махфий иттифоқининг аъзоси эди. Унинг исми билан миқёси бешта Англия ёки иккита Франциянинг ҳудудига тенг келувчи ўлка номланарди. У дунёдаги энг бой одамлардан бири эди. Аммо ўлим —ҳақ, боқий дунё элчиси қаршисида шоҳу гадо ҳам ожиз. Жон Сесил Родс замон ва маконни, одамлар ҳамда шароитни бўйсундиришни ўрганди. Жаҳон харитасини ўзгартиришга эришди. Энди эса унинг каравоти атрофида ҳаловатсиз муҳит ҳукмрон: бетартиб кўрпа-тўшак, одамлар — руҳоний, нотариус, уй хизматкорларининг қути ўчган юзларида қандайдир тушкунлик, ҳорғинлик ва хўрлик яширин. Сесил Родс эса маъноли нимадир дейишни ўйларди, бироқ ўлим тўшаги атрофига йиғилганлар нимжон ва титроқ овозда айтилган чала сўзларни эшитишди, холос: “Мени ҳаётга қайтаринглар…”

Шу билан “Де Бирс Консолидейтед” ва “Жанубий Африка олтин ерлари” корпорацияларининг хўжайини, Киплинг ва Конан-Дойл асарлари прототипи, моҳир бизнесмен ва бошқарувчи, Родезия мамлакатига асос солган миллионер ҳақидаги эпопея ўз ниҳоясига етди.
Ҳикояни 1870 йилдан бошлашга тўғри келади.

Атлантика уммони. Мовий тўлқинлар ичра бесўнақай, тўмтоқ тумшуқли эски бир кема қувурларидан қалин қора тутун чиқариб, аста ўрмалайди. Байроқ буралиб ҳилпирайди. Кеманинг орқа тарафида турган озғин юз, тор елкалари ўрта бўйига мос тушган 17 ёшли оддий йигитча ҳар йили Англияни тарк этувчи минглаб ўсмирлардан унчалик фарқ қилмайди. У йўғон арқонлардан бирини ушлаган кўйи ортида қолаётган Ватанига қарайди. Узоққа тикилган кўзлар тубида аслида нималар бор, топиш қийин.

Сесил Англияда Гертфордиш викарийси — отаси, онаси ва ўн нафар ака-опаларини қолдирди. Руҳоний ота ўзига яраша обрў ва бойликка эга бўлса-да, бутун бошли оилавий “армия” “аскар”ларининг орзуларини бирма-бир рўёбга чиқаришга қодир эмасди. Болакайни қиммат хусусий мактабга ҳам беришмади. Оксфорд университетига киришни истаган қалб саробга тўлди. Унга қавм ўқитувчиси таълим берди. Ёш Жон ўша пайтдаёқ жаннатдан жой кафолатланмаганини англаб етганди.

***

Родс оилада кенжа фарзанд эди. Маёратдаги ҳаёт қонунлари кичикларни кўчага улоқтириб ташлашга қаршилик қилмасди. Бахти чопганлари армияга бориб келишар, қолганларига агар ота-оналари зобитлик патентини сотиб олиб беришолмаса, қийин эди. Баъзилар денгизни танлаб, тижоратчилик, олтин излаш ва кофе айирбошлаш билан шуғулланишар ёки саргузашт қидиришга тушишарди.

Унга ўхшаб кетганларнинг кўпчилиги Кейптаун ва Калкуттадаги бузуқхоналарда ўлиб кетишди. Камчилиги ўз аҳволини ўнглаб, уйларига ўзларини қирол санаб қайтишди. Колонияларда ўтроқлашиб қолиб, фермерликни касб қилиб, Жанубий африкалик ва австралияликка айланганлар ҳам бўлди. Барини ишбилармонлик ва тақдир, қатъийлик ҳал қилар, улар ўз ютуқларига сиғинишарди.

Янги очилган ерлар томон йўл олган эски кемалар қаланғи-қасанғилар — очликдан қутулиш учун нажот истаб, денгизга қочган камбағал ирландлар, моҳир қиморбозлар ва фоҳишалар билан лиқ тўларди. Каюталарда кружкалар бир-бирига урилар, тишлар ғижирлар, жулдур кийимдаги аёллар чийиллар, хуллас, Ливерпул бандаргоҳидан серқуёш қитъа сари йўл олган алмисоқдан қолган кемада инсон зотига тегишли бўлган жамики бузуқликни учратиш мумкин эди. Яхши оиладан чиққан ўсмирлар ўзлари билан Татситнинг асарлари ва «Галл урушлари ҳақида эсдаликлар» китобини мактабда ҳар тун бир саҳифа лотинча ўқишга ўргатишгани учун олиб юришар ва шу орқали ўсмирликнинг тотли шарбати томчилаб тугаб бораётганини ҳис этишарди. Уларнинг бирортаси уни азобламас, ўзини нима қийнаётгани ҳақида гапирмасди. Сесил Родс каби тенгдошлари ҳам худди шундай паллада, кўпчилик охирги марта, йиғлаб юборган бўлишарди.

Болалик поёнига етди. Олдинда етукликка етишиш даври кутиб турибди — келажакнинг номаълум ҳақиқати уни ўзига тортарди. Худди шу истак кўзларида ёш бўлиб ҳалқаланганини сезди у.

Жонни кемадагилардан фарқловчи бир жиҳат — аччиқ ҳақиқатнинг унга аёнлиги эди. Бир неча йил олдин шифокорлар Родснинг юраги бедаво дардга йўлиққани ва қолган умри, ошиб борса, ўн йилгача чўзилиши ёки ҳаёти ҳар қандай дақиқада тўхташи мумкинлигини айтишганди. Бунинг устига ўша пайтда тузатиб бўлмас касалликлар сирасига кирган сил ҳам унинг «ҳамроҳ»и эди. Сил одамларни ўлимга ракка қараганда тезроқ ва «ишончлироқ» етаклаб борар, кимга у билан оғриганлик тўғрисида ташхис қўйилган бўлса, бемор ўзини тириклар орасидаман деб ҳисобламасди. «Қора материк»нинг иссиқ иқлими ўша беморлар учун оз бўлса-да, яшашга имконият яратиб берди. Родс бундай қулай вазиятдан фойдаланиб қолди. Фақатгина келажакнинг унга тегишли бўлган қисми жуда оз эди.

Сесил умри мобайнида олти бор васият қилди. Биринчиси 24 ёшига тўғри келади. Бу воқеадан кейин ўтган йилларда дунёни ўзгартириш режаси — «Ҳақиқат тимсоли» асари яратилди. Унга кўра, тузилажак ташкилот ўз олдига бутун дунёни эгаллаш, Англиянинг глобал ҳукмронлигини таъминлаш, умумжаҳоний тинчлик ва роҳат-фароғатга етишишни ўз олдига мақсад қилиб олди. Жон Родснинг асосий қуроли ҳам теша тегмаган, лекин пухта ғоялар эди. Натижада у харитага ўзгартириш киритди. Бу ҳақда ҳалигача гапиришади.
Ёш Родс океан олдига боришидан анча олдин Жанубий Африкада олмос топилди. Тошлар аъло сифатда эди. Улар Европани ҳам «забт этди». Қидирувчилар эса Яхши Умид бурни орқали ўтиб бориладиган тамал тоши қўйилган жойни афсонавий Офир мамлакатига олиб борувчи йўл деб қўя қолишди. Олмослар бозорда истаганча борлиги учун нархи тушиб кетди. Шунга қарамасдан минглаб таваккалчилар Африкага интилишди. Ниятига етганлар бегона жойга кўникиб кетишди. Улар камзулининг ён чўнтагида тоғ ишлари ҳақидаги қўлланма ва саквояжидаги бешинчи калибрдаги револвер ҳамроҳлигида кон қидиришарди.

Сесил эса ёмон мўлжалга олар, тепаликка чиқишга ҳуши йўқ, бировнинг жағига мушт туширишни ҳам уддалай олмасди. Аммо холаси унга минг фунт совға қилди. Боланинг катта акаси — ғайратли ва омадли Герберт уни Африкада кутарди.

У пароходда йўлга тушди. Шиори ҳам аниқ эди. Жоннинг ёнидаги Марк Аврелийнинг китобида эр кишига қийинчилик олдида бўйин эгиш хос эмас, деб ёзилганди.

У узун кўчаларда, пастак оқ уйлар билан тўлган, жазирамадан ҳаммаёқни чанг босган ва қиммат меҳмонхоналар жойлашган Дурбан шаҳри портида тушиб қолди ва бақувват пони билан арава қидиришга киришиб кетди.

Топган улови билан Родс қимматбаҳо тошлар шаҳри — Кимберлига етиб бориш учун тоғларни ошиб, қуриб қолган дарёдан ўтиб, йиртқич ҳайвонлар маконини четлаб, ниҳоят, зулуслардан жанг қилиб тортиб олинган олти юз чақиримлик масофани босиб ўтди.

Одамлар кун бўйи юқоридан пастга, пастдан юқорига елкаларидаги оғир юк билан чиқиб тушишар, кечалари ялангликда тунашар, бошларида ёстиқ ўрнига эгар, қўлларида револверни маҳкам қисиб, тин олишарди.

Ҳамма бой бўлишни истарди. Орзу йўлидаги шафқатсиз кураш касаллар ва кучсизларни четга суриб ташлар, фақатгина энг кучлиларгина мақсад чўққиси сари ўрмалашда давом этишарди.

Айтишларича, негрларни бир фалаж киши манзилга элтиб қўйиш учун ёллабди. Йўлда ногирон билан ёлланганлар жанжаллашиб қолишибди. Жаҳли чиққан занжилар уни ногиронлик араваси билан энг яқин бўлган қишлоқдан уч юз чақирим узоқликка ташлаб келишибди. Бу Африкадаги одатий воқеалардан бирига айланиб улгурган бир пайтда, Родс чуқур ўраларга тўлиб кетган гилли тепаликда тўхтади. Митти отнинг жони аллақачон узилганди. Унинг устига Плутархнинг «Таржимаи ҳоли» йўқолди. Лекин у манзилга етиб келганди. Кимберли ҳам ерни ковлаш, чарчаш, ухлаш, вақти-вақти билан сўкишиш билан овора бўлган, юзига совун ва устара тегмаган эркакларга тўлиб кетганди. Энг бойларининг кулбалари консерва банкаларининг текисланган бўлакларидан қурилганди. Озиқ-овқат ва виски олтинга тенг, уларни сотиш эса қадрли ва хавфли эди. Олмослар қартада ўртага — ганакка тикиларди.
Унинг акаси қувноқ ва шинаванда бўлиб, маҳаллий қабилаларга ром ва қурол-яроғ сотиш орқали бойлик, ер орттирарди. Укасининг ташрифидан Гербертнинг боши осмонга етди.

Бир куни Герберт Мозамбикдан келган португалияликнинг соддалигидан фойдаланиб, унинг қуролини зулусга пуллаб юборди. Кейинчалик буни сезиб қолган португаллар уни қамаб қўйишди. Қора танлилар эса товламачини бир неча бор ўлдиришга уриниб кўришди. Сесилнинг ташрифига кўп бўлмасдан Гербертни Няси кўлига юборишди. У ерда кутилмаганда бахтсиз ҳодиса рўй берди. Шам ёруғида китоб ўқиб ўтирган Герберт мудрай бошлади. Шу пайт шам ағдарилиб кетиб, ёнғин юз берди. Учқун тушган ром бочкаси портлаб кетди ва ака Родсни нариги дунёга равона қилди. У ана шу тарзда ўлим топди. Унинг катта миқдордаги бойлиги Жонга мерос бўлиб қолди. Энди Сесил бой эди.

Буни қарангки, мерос олган ер ҳудудидан олмос қаламчалари (трубкалари) топилди. Тошларнинг кўпи яхши сифатли бўлиб, ҳафтасига 200 фунт фойда келтира бошлади. Аммо Родсларнинг ери яқинида асосий рақобатчилар — учта бур фермаси жойлашганди. «Де Бирс», «Дютойтспайн», «Булфонтейн»ни ХВИИ асрда Африкага келиб қолган голланд-калвинчилари бошқаришарди. Сесил эса нидерланд ҳудудининг ёнгинасида энг бой олмос конларини назорат қила бошлади.

Тош қидириш қизғин ўйинга ўхшар, Родс эса марказий ўйинчи эди. У аниқликни ёқтирар, қазиш ишлари ташкилотчилиги билан биргаликда раҳбарликни ҳам қойилмақом олиб бора оларди: фойдали иш коеффитсиентини оширишга хизмат қилувчи ва янада чуқурроқда ишлаш имкониятини берувчи буғ машиналари сотиб олинди. Руҳонийнинг ўғли бир нечта фермага эгалик қила бошлади. Шу орада бутунжаҳон иқтисодий инқирози рўй берди. Мустақил кон изловчилар бирин-кетин касодга учрашди. Жон эса ишбилармонлиги, фавқулодда аниқлик билан олдинни режалаштириши ва эркин пул айланмаси ёрдамида қийин вазиятдан чиқиб кетди. 1880 йилдан бошлаб Жанубий Африка олмос конларининг катта қисмини ўз қўл остига олди ва «Де Бирс Даймонд майнинг компани»га котиб этиб тайинланиб, кейин унинг президентига айланди. Йиллик даромад 50 минг фунтгача кўтарилди.

Ўрта бўй, камтарин, нимжон, рангпар, доим оддий кийиниб юрадиган Родсни биринчи кўришдаёқ у ҳақдаги гаплар ёлғонмикан, деб ўйлаб қоларди киши. Ҳатто у мултимиллионер бўлганида ҳам эгнидаги арзон ипакдан тикилган ғижим йўл-йўл костюмини ва пижамасини ташламади. Шунинг ўзиёқ у ҳақдаги дастлабки афсонавий таассуротларни йўққа чиқариши мумкин эди.

Шундай оддий кийиниб юрадиган камтар йигит аввалига олмос қиролига айланишини тасаввурига сиғдира олмаганди ҳам. Кимберлига келгач, Оксфорд университетида билим олиш учун пул йиғишга киришди. Ўқишни битириб, адвокат ёки руҳонийликни танламоқчи эди. Унинг темир интизоми хаёлот оламидан устун келди. Отасининг қурби етмаган ишни ўзи амалга ошириш, яъни талабалик ридосини сотиб олиш имкониятига эга бўлди.
1873 йили Кимберлида бошқарувчисини қолдириб, ўзи Англияга қайтиб келди. У ерда бакалаврлик даражасига эришиш учун саккиз йил вақт кетарди. Йигирма ёшлик талабанинг сабри бунга чидамади. Таҳсил учун юз минг фунтлаб пул сарфлаган Родс барибир кончиликни танлади.

Ўзини анча ўнглаб олган Жонга жавоҳир бозорида муносиб рақиб 1880 йилларнинг охирига келибгина топилди. Унинг ҳаётига қирқ ёшли атлет, лондонлик биржачиларнинг ёқимтойи Барни Барнато кириб келди. Барнато ёшлигида масхарабоз ва кўча акробати бўлгани учунми, уни кўпчилик танирди. У Уайт Чепл кўчаси аҳлини ўзининг катта ясама қизил бурни, унга беланган юзи билан қойил қолдирар, баҳайбат масхарабозлик бошмоқлари билан тош кўчаларни кезиб, ўз санъатини намойиш этгани, кичкина скрипкада моҳирлик билан ўйнагани, қўлида юрганини кўрган йўловчилар унинг эски шляпасига ўн пенсдан пул ташлаб кетишарди. Кейин тсиркчи Жанубий Африкага кўчиб кетди. Кимберлигача бориб етди. Ўша ерда бой бўлди. Бақувват, тадбиркор ва ўз фикрига эга бўлган, ҳаётнинг энг қуйи пиллапояларидан то шу ергача кўтарила олган Барнато совуққон ва нимжон Родсга бўй бергиси келмади. Бироқ Сесил Родснинг қиролликдаги мансабдорлар билан алоқаси кучли эди. Энг яхши конлар уники бўлгани учун Жон
Барнини келишувга чақирди. Шундай қилиб, «Де Бирс консолидейтед» вужудга келди. Ушбу компания ҳозир ҳам дунё олмос бозорини назорат қилади.

Кўп ўтмай Родс йиллик пул ҳажми тўрт миллион фунт стерлингга етганини аниқлади. Йилига тахминан тўрт миллион жуфтлик турмуш қуришга аҳд қилиши ва ўртаҳол эркак келинга нархи бир фунтга тенг бўлган бир каратлик тош совға қилишини у аллақачон статистика орқали билиб олганди. Тўрт миллион, албатта, катта миқдор: унчалик ҳам муваффақиятли кечмаган йилларда даромад тўрт миллион фунтдан пастга тушмас, самарадор йилларда эса кўрсаткич фантастик даражада ўсиб кетарди. Бу Кимберлидаги шахталарнинг ўзидан келиб тушарди. Кўп ўтмай молиявий бошқарув тўлиқ Барнатога топширилди. Сесил энди кўпроқ нарсага эҳтиёж сеза бошлади. «Ишончлар рамзи» асарини ёзиб тугатгач, у асарини бевосита ҳаётга татбиқ қилишга уринди. Режа тезда етилди: 1880 йиллар охирида Жанубий Африкада олтин топилди. Кон Кимберлидаги олмос ўчоқларидан 250 мил узоқликда жойлашганди. Минглаб «цинган» қазувчилар янги сароб учун бел боғлашди. Тарих такрорланди. Суронли йилларнинг даҳшатли воқеалари бўлиб ўтган
жой ўрнида кончиларнинг Ёханесбург шаҳри пайдо бўлди. Янги раёнда текисланган тунука идишлардан бунёд этилган каталакларнинг бир ойлик ижара ҳақи юз долларга етди. Йиртиқ-ямоқ кийган собиқ бойлар асл олтинни топиш учун тупроқни «чўқилаш»га тушиб кетишди; кечаги банк директори ўз бойлигидан фақат кўзойнагининг олтин ғилофини сақлаб қолди. Касод бўлган даллол виски тарқата бошлади. Олтин изловчиларнинг отлари очлик ва қумли бўронларга бардош бера олишмади. Кал жўрчилар уларнинг атрофида чўчқалардек изғирди. Талончилар казинога бостириб киришар, ўйинчиларни тунаб кетишар, маҳаллий тартибни сақловчилардан ҳеч ким қўрқмасди. Одамлар кўчада бир-бирини бемалол отиб кетарди. Уч йилдан кейин сариқ металнинг кучи билан Ёханесбургга ўша пайтда Европанинг кўплаб шаҳрида йўқ бўлган от тортадиган вагон(кўнка) ва электр токи етиб борди. Олтин тугай демасди. Ижодкорлик билан бироз банд бўлгани учун Родс кеч қолди. У пирогнинг энг тотли қисмига улгурмади. Рақобатчи
лар аллақачон жойларни банд этишганди, аммо пулларнинг ўзи унга йўл кўрсатди, ортиқча қаршиликка ўрин йўқ эди, тўсиқлар қисқа вақт ичида четга суриб ташланди.

Шундай бўлса ҳам унинг мутлақ ҳукмронлик қилиши амалга ошмади. Олмос қиролининг ёш котиби Невил Пикерингнинг ўлими хўжайинга қаттиқ зарба бўлди. Дафн маросимида унинг аҳволини кўрган дийдаси ёш кўрмаган Барнато ҳам йиғлади. Маросимдан сўнг Сесилнинг бу дунё ҳою ҳавасларига бўлган қизиқиши оз муддатга бўлса-да, сўнди.

Бир ёқда катта бойлик ва китобидаги ғояларни амалга ошириш ташвишлари, бир ёқда барига этак силташ. Родс биринчи ҳолатни танлади. У тезда ўзини қўлга олди. Ўзига келишига кўп вақт кетмади. «Энди ишга қайтишим керак. Нима рўй берган бўлса, ҳаммаси оддий ҳаётнинг одатий деталларидан бошқа нарса эмас», дея хулоса чиқарди у. 1889 йил Родс қиролликдан Буюк Британиянинг Жанубий Африкадаги ташкилотини тузиш тўғрисидаги буйруқни қабул қилиб олди.

Компания ўзининг бошқарув тизими ва ҳарбий қисмига эга бўлиши лозим эди. Асосий мақсад бинолар ва шаҳар барпо этиш, темир йўллар ётқизиш, қисқаси, ҳокимият ичра ҳокимият тузиш зарур эди. Унинг акциялари дастлабки нархидан ўн баравар қимматга сотила бошлади. Шунинг учун Родс узоқ йиллар давомида дивидендларни рад этиб келди. Бироқ унинг ташкилоти даъвогарлик қилаётган олтинга бой ерлар қора танлиларнинг бир қабиласига қарашли эди. Африка халқлари ичида фақат зулусларгина катта урушда инглизларни енгиши мумкин эди: бир неча йил олдин зулус жангчилари ўша пайтнинг энг замонавий қуроллари билан таъминланган 800 кишилик бутун бир полкни чўлда бирма-бир қиличдан ўтказишганди. Родс ўйин осон кечмаслигини билар, шунинг учун сараланаётган аскарлар тиббий кўрикдан пойгага ажратилаётган отлардек ўтишарди: уларнинг тишидан тортиб тирноғигача пухта текширилар, шундан сўнггина шартнома имзоланарди.

Танлаб олинганларга бахмалдан калта шим, заҳарли илонлардан ҳимоя қилиш учун қалин пайтава ва мустаҳкам пояфзаллар берилди. Уларнинг ҳар бирига кунига 7,5 шиллинг ва кейинчалик, эришилган муваффақиятга қараб, 1,5 минг акрдан ер ваъда қилинди. Йигитлар жуда жасур бўлишмаса ҳам, уларда энг янги кашфиёт, ХХ асрда кенг ёйилган дақиқасига 300 та ўқ отадиган «Максим» русумидаги пулемётлар бор эди. Аввалига Родс маҳаллий қиролни у тушунмайдиган шартномага имзо чекишга бир амаллаб кўндирди. Кейин қора танлилар армиясини қўрғошин «ёмғир»и билан «сийлади». Зулусларнинг ерлари, моллари тортиб олинди. Маҳаллий халқ солиққа тортилди, оқ танлиларнинг фермаларида ишлашга мажбур қилинди. Кўнмаганлар 25 даррадан урилди. Родс эса темир йўл ва шаҳар қурдирди. Янги буғдой навини олиб келди. Эгалланган ерларда олтин топилгани учун Жон қайта асос солган мамлакат яшнай бошлади.

Ўзининг Кейптаундаги голландларнинг эски қўрғони ўрнида тикланган саройида Родс Африканинг қадимий моддий дурдоналаридан бутун бошли коллекцияни йиққанди. Унинг паркларига дам олиш учун келганлар унга таъзим қилмасдан кета олишмасди. Бу ерда у ўзига бек, ўзига хон эди.
Жанубий Африка компанияси бошлиғи қиролича Виктория билан бўлган суҳбатда мақтов ҳам эшитди.
Қиролича:
— Мен сизни олдин кўрмаганман, жаноб Родс. Шу вақтгача нима иш билан машғул бўлдингиз?
Родс:
— Сизнинг мулкингизга яна иккита провинция қўшдим.
Қиролича:
— Афсус, менинг вазирларим сизга ўхшамайди. Улар фақатгина зарар келтиришга қодирлар.

Барнатонинг ўлими ҳам кутилмаганда юз берди. У Англия қироличаси юбилейига бир сават жавоҳирни совға қилиб олиб кетаётганда, қазо қилди. Бир соат олдин йўлдоши билан чақчақлашиб, ҳажвия айтишиб борарди. Одамлар унинг бортдан ўзини сувга отганига ишонишмади. Уни қутқара олмадилар.

Барнато энг моҳир сузувчи, ҳатто сувнинг энг чуқур жойида ётган тошларни ҳам топиб чиқарди. Шифокорларнинг фикрича, асаблар шоҳона тўнга ўранган қашшоқ сийратли ҳаётга дош беролмаган. Масъулият ва жавобгарлик юки уни эзиб юборган. Асаблари ҳам ўргимчак тўридек нозик бўлиб қолган Родс масхарабознинг ўлимига бардош бериш учун ўзида куч топса-да, шифокорлар текширувдан кейин яна таниш ташхисни қўйишди: исталган (исталмаган) пайт ҳаёт билан видолашиш.Худди шундай оғир пайтда янги рақиблар майдонга чиқишди. Бундай тушкунликдан фойдаланган бурларнинг митти-митти республикалари олтин ёрдамида мустаҳкамланиб олишди. Келгинди нидерланд-калвинчиларининг оқими ташкил этган суверенитетларини олдин Жоннинг шарафига Родезия дея номлашганди. «Лолалар юрти»дан қочиб келган европаликлар яхши мерган ва чавандоз эдилар.

Бурларга тегишли бўлган Трансваал республикасида конларнинг асосий қисми жойлашгани учун олтинни қайта ишловчи компанияларнинг мутасаддилари катта бож тўлашди: бегона корчалонларни майда давлат раҳбарлари ўлимга ҳукм қилишди. Аввалига Сесилнинг пулига яроғ сотиб олган бурлар Буюк Британия тождорининг қўл остида ишлашга бажонидил рози бўлган Родс билан иттифоқ тузишни хоҳлашмади.

Дўстлик душманликка айланди. Калвинчилар туманли албионнинг манфаатини ҳимоя қилганларни ёмон кўришарди. У хоҳ дўст бўлсин, хоҳ душман. Родс собиқ иттифоқчиларга қарши уруш эълон қилди. Бироқ у тузган ташкилот қўшини бурлар пойтахтида қақшатқич зарбага учради. Родснинг чекингиси келмади. У ўзига ишонди. Олий ҳазратларига ғалабага эришаман, дея ваъда берди. Бироқ бу сафар у адашди. ХХ асрнинг энг катта урушларидан бирида Буюк Британиянинг халқаро обрўсига путур етди. Қиролликнинг қизил мундирини кийиб олган аскарлар Африкадаги соқолли собиқ қитъадошлари томонидан какликлардек қириб ташланди. Бурлар урушда бу борада ўша пайтда янгилик бўлган симли тўсиқлар(олдин яйловларда қўра сифатида ишлатишган) ва траншеялардан фойдаланишди. Бу уларни артиллерия ўтидан ҳимоя қилди. Инглизлар эса душманларнинг хотинлари ва фарзандларини кантслагерларда сақлашди. Уруш одатдагидек адолатли эмасди. Сесил кўпга тушди. Бурларнинг ҳужумидан яшириниш учун у Кимберли қалъасиг
а етиб борди. Қамал бошланди. Инглиз манфаатлари қаттиқ қаршиликка учраб, тўкилиб кетди. Ушбу маълумот Санкт-Петербургдан тортиб, Парижгача етиб борди. Родс қаҳрамон бўлишнинг уддасидан чиқа олмади. Улоқни бошқалар илиб кетишди.

Мағлубиятга учрагандан кейинги давр — умрининг охирги йилларини шифокор кўригида ўтказди. Бир пайтлари қаттиққўллиги билан обрў қозонган Сесилни охирги марта кўрганлар ичига ботиб кетган кўзларни, спирт ҳидидан бужмайиб кетган юзни эслаб қолишди. Кутилмаганда умрининг сўнгги кунларида унинг ҳаётига бир аёл кириб келди.

Балзакнинг турмуш ўртоғи графиния Ганскийнинг жияни — амалдор хотин, Радзивилл хоним ҳуснда тенгсиз эди. Ёзувчи, таваккални ёқтирувчи аёл аввалига Родснинг диққатини ўзига тортишга ҳаракат қилди. Унинг ишончига кирди. Пулларини ўзлаштирди. Кейин эса — қамоқ. Уни икки йилга озодликдан маҳрум қилишди. Родс судга келмади.

Шундай қилиб, 1902 йили бу дунё билан видолашаётган Жон Сесил Родс ҳатто сўнгги нафасида айтмоқчи бўлган сўзларини ҳам охиригача етказа олмади.

«Қанча кўп нарса яратилиши керак бўлса, шунча кам нарса амалга оширилди», деган эди у бир сафар.
Унинг Родезияси қирқ йил яшади. Бурлар бир амаллаб бўйсундирилди. Африкалик оқ танлилар биринчи ва иккинчи жаҳон урушларида Англия учун курашдилар.

Ҳаммаси ХХ аср ўрталарида ниҳоясига етди. Родезия Замбия ва Зимбабве республикаларига бўлиниб кетди. Қора танлилар ўзларини «Максим» пулемётлари билан «таништирган» «оқ»ларни фермаларидан ҳайдаб чиқаришди, ўлдиришди. Аммо бу фожеани кўриш Родсга насиб этмади.

Алекс МАКДЕРМОТТ

Саиджон МАХСУМОВ таржимаси