Дунё бўйлаб саёҳатга отланган китоблар

…Мен ўз китобимни савдо марказида қолдирдим. Ўн дақиқа ўтар-ўтмай мен қўйган китобга ўз ота-онаси билан пештахта ёнига яқинлашган болакайнинг кўзи тушди. Бола қизиқиш билан китобнинг ички муқовасидаги эълонни ўқиди ва уни ота-онасига кўрсатди. Дақиқалик муҳокамадан сўнг улар елка қисганча китобни олиб кетишди…

Шундай қилиб Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” асари яна бир ўзи, ёлғизгина ўриндиқда турибди…
Хўш, бу гаплар нимани англатади, бу билан нима демоқчисиз, деб ўйланаётган бўлишингиз табиий. Бугун сизга дунё бўйлаб саёҳат қилувчи китоблар ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз. Буккроссинг (инглизча «боок кроссинг» — «китоб саёҳати») деб аталувчи бу ғояга 2001 йили интернет-технологиялар мутахассиси Рон Хорнбекер асос солди. Бир куни у ўз хонасини тартибга келтираётиб, китоблари жуда ҳам кўпайиб кетганини сезади ва бирталай китобларнинг ички муқовасига ҳар хил тилаклар ёзиб уларни уйи яқинидаги қаҳвахоналарга олиб бориб ташлайди. Энг қизиғи, Рон китобни топган одамдан ўз сайтига уни олганлиги ҳақида маълумот юборишини сўрайди. Роппа-роса ярим йил ўтгач, Роннинг сайтига уч юздан зиёд одам унинг ғоясини қўллаб-қувватлаши ҳақида маълумот йўллади. Шу тариқа икки йил ўтиб, буккроссинг бутунбошли Америка ва Европага тарқалди (Лойиҳанинг оммавийлашуви сайт рекламасидан яхшигина даромад кўраётган буккроссинг асосчисига иш жойидан бўшаб, уйда фарзандлари тарбияси билан ш
уғулланиш имконини берди. Ўз омадидан қувонган Рон унда китобга нисбатан муҳаббат уйғотган ота-онаси ва ўқитувчиларидан миннатдор).

Айни дамда унинг сайти “Дунё кутубхонаси” деган ном билан машҳур бўлди. Бу ғоя ўқувчи рухсатномаси, аъзолик бадали ва жарима каби машмашалар йўқлиги билан ҳам кўпчиликка маъқул бўлди. Бугун дунё бўйича 400 минг атрофида буккроссерлар мавжуд бўлиб (130 мамлакатдан), улар томонидан саёҳатга чиқарилган китоблар сони бир миллионга яқинлашиб қолди.

Шундай қилиб, буккроссингчилик қоидалари жуда оддий, уни сиз ҳам амалда синаб кўришингиз мумкин. Сиз ўзингиз ва китобингиз ҳақидаги маълумотларни ввв.боокроссинг.ру сайти рўйхатига киритасиз. Сўнг китоб муқовасига ўз кўрсатмаларингизни ёзиб, уни бирор ерда қолдирасиз. Топган одам сиз кўрсатган йўл-йўриққа асосланиб, сайтга киради ва китобни олгани ҳақида маълумот беради. Агар ҳаммаси яхши бўлса, демоқчимизки, китобингиз ахлат қутисига итқитилмаса, у бутун дунёни кезиб чиқиши тайин. Буккроссингнинг бошқа томонлари ҳам бор, яъни китобни “ов” қилиш мумкин. Бунинг учун сайтда пайт пойлашингиз, китоб қўйиб юборилган заҳоти айтилган жойга бориб, уни қўлга киритишингиз мумкин. Асосийси, биринчи бўлиб кўрсатилган жойда ҳозир бўлсангиз бас. Шуниси борки, китоб қоровул ёки фаррошларнинг ахлат қутисига тушиб қолмасидан уни қўлга киритишингиз керак. Масалан, ўтган йили дунё бўйича саёҳатга чиқарилган 1000 та китобдан атиги 123 таси қўлма-қўл бўлган. Бу йил май ойида эса 11
1 та китобдан 9 тасигина ахлат қутисидан омон қолган. Шу боис ҳам бир қанча шаҳарларда махсус кроссерлик жойлари тайин этилган бўлиб,  китоб дўконлари, қаҳвахона, клубларда атайин китоб қолдириш учун жавонлар ясаб қўйилди.

Кроссерликнинг эндиликда янгича кўринишлари ҳам «амалиётга жорий» этилиш арафасида. Тиниб-тинчимаган одамлар энди китоблардан ташқари сурат, картиналар тўплами, филмлар ва ҳатто пардоз буюмларини ҳам “дунё кўриши”ни исташяпти.

Дунё — бу кутубхона

*Италияда буккроссингчилик ҳатто давлат раҳбарияти назарига тушган. Франция маҳаллий ҳокимият органлари эса шаҳар бозорлари ва туманларда саёҳат қилаётган 4000 та китобнинг эгаларидир.

*Францияда бу ҳаракатни нашриётлар ҳам қўллаб-қувватламоқда. Уларнинг ёрдами билан 2003 йил мартида Париж бўйлаб 2000 та китоб саёҳат қилди. 2005 йилда эса “11 центябр. Ўзингизнинг шоирона, яхши маънодаги терактингизни амалга оширинг” шиори остидаги тадбир уюштирилди.
Унга кўра уйдан китоб билан чиқиб (ўз дастхатингизни қўйган ҳолда, албатта) китобни бирор жойда (худди террористлар бомба қўйиб кетганидек) қолдириб кетиш керак эди.

*АҚШда буккроссерлар сони 100 мингдан ортиб кетди. Америкаликлар ҳатто кроссингнинг машҳур намоёндалари рамзи туширилган сувенирларни сотувга чиқариб, мўмай даромад ҳам қилишмоқда.

*Буюк Британияда “китоб ови” давлат ҳимоясида бўлиб, “буккроссинг” атамаси 2004 йилда Оксфорд луғатига ҳам киритилди.

*Европалик кроссерларга ёрдам тариқасида Би-би-сида радиодастур яратилди. Бир қанча супермаркет ва дўконларда эса саёҳатчи-китоблар учун махсус жавонлар ясалди.

*Москва, Ростов, Уфа ва Санкт­Петербургда китоблар учун хавфсиз жойлар дўкон ва қаҳвахоналарда ташкиллаштирилди.

Буккроссингчилик пайдо бўлгач, ўтган беш йил вақт мобайнида унинг янгича кўринишлари ҳам юзага келди:
*Букрей (боокрей) ­ почта орқали саёҳат. Китоб аниқ манзил ва муайян бир шахсга почта орқали юборилади. Шу тариқа у қўлма-қўл бўлади.

*Букринг (боокринг) ­ китоб почта орқали аниқ шахсга юборилади, ўқиб бўлингач эса у яна эгасига қайтарилади.

*Китоблар ҳеч ким билмайдиган жойга худди хазина кўмгандек беркитиб қўйилади.

Буккроссинг: қўллаш тартиби

Китобларингиз уйингизга сиғмай кетганида уларни шунчаки ташлаб юборишдан кўра, дунё бўйлаб саёҳатга чиқарганингиз, албатта, яхши, шундайми? Ахир сизга керак бўлмаган китоб айни дамда кимгадир жуда асқотиши мумкин-ку! Бундай савобли ишни амалга ошириш учун қуйидаги босқичлар муҳим ҳисобланади:

Танлаш босқичи

Ҳеч қачон ўзингиз учун зерикарли бўлган эртак ёки романни саёҳатга чиқарманг. Савоб қилсанг охиригача қилгин, деганларидек, энг севимли китобларингиздан бирини одамларга ҳадя қилинг, шундагина дунё бўйлаб сафарга отланган китобингизнинг одамларга нафи тегиши мумкин.

Тайёргарлик жараёни

Китобни сайтда рўйхатдан ўтказиш, уни қаерга қўйганингизни ёзиш ва китобнинг бўлажак ўқувчисига тилак битиш учун жами 10 дақиқа вақтингиз сарф бўлади. Қарабсизки, сиз савобталаб кроссерсиз!

Қаерда қолдириш мумкин?

Бизнинг шароитда китобни хиёбондаги ўриндиқ ёки умуман кўчада қолдириш нотўғри. Қор, ёмғир ва яна бошқа сабаблар дегандаридек… Албатта буккроссинг учун махсус жой бизда ҳали йўқ — бу ҳам муаммо. Лекин қаҳвахона, савдо марказлари, одамлар бир-бирини соатлаб кутиб ўтирадиган қабулхона ва вокзал аталмиш жойлар борки, бу ерларда қолдирилган китобнинг инсонларга етиб бориш эҳтимоли кўпроқ.

Қандай қилиб?

Чучварани хом санабмиз, ахир хавфсизлик нуқтаи назаридан вокзалда буюм қолдириш мумкин эмас-ку! Яна буккроссер бўламан деб, бошингиз балога қолиб ўтирмасин!

Энг оддий йўли ­ дугонангиз билан қаҳвахонадаги тушлик баҳона у ерда китобни қолдиринг. ё бўлмаса савдо марказидагилар ҳам “Ўтган кунлар”ни ташлаб кетсангиз, сизни қамоққа тиқиб қўйишмас…

Умуман олганда, буккроссингчилик ўзининг оддий ва камтароналиги, ёш ва даража танламаслиги билан ҳам қулай деган тўхтамга келдик. Бу соҳа (агар уни соҳа деб аташ мумкин бўлса)нинг тараққий этиши одамларда китобга нисбатан меҳр уйғотишнинг яхшигина усули, десак, адашмаган бўламиз. Фақат “китоб ўғирлаш савоб” деган нақлга амал қилиб, уни “саёҳат”дан тўхтатиб қолмасак бўлгани. Ахир китоб ўғирлашдан кўра уни виждонан одамларнинг билим олиши учун бирор ерда қолдирган маъқул-ку, шундай эмасми?

Муборак ОХУНОВА