Буюк ҳаким Абу Али ибн Сино “Тиб қонунлари” асарида кўплаб хасталикларни даволашда қўлланадиган малҳамларни тайёрлашда улар таркибига занжабил қўшиш лозим, деб ёзган. Занжабилсимонлар оиласига мансуб бу кўп йиллик ўсимликнинг ватани Жанубий Осиё бўлиб, ҳозир Хитой ва Ҳиндистон, Индонезия ва Австралия, Ғарбий Африка, шунингдек, Ямайка ва Барбадос оролларидаги тропик ва субтропик ҳудудларда ўстирилади. Занжабил илмий тилда singabera деб аталиб, санскритчада “шохли илдиз” деган маънони англатади ва “универсал дори воситаси“ сифатида кенг қўлланади.
Занжабил Европага ўрта асрларда савдогарлар томонидан олиб келинган ҳамда ундан зиравор ва дори-дармон сифатида фойдаланилган. Хусусан, ўлатнинг олдини олишда асосий дори воситаси ҳисобланган. Занжабилнинг қуруқ илдизи доривор бўлиб, таркибида 1,5 дан 3 фоизгача эфир ёғлари, 70 фоизгача органик бирикмалар, шунингдек, камфен, цинеол, бисаболен, борнеол, цитраль, линалоол моддалари, С, В1, В2 дармондорилари, аминокислоталар мавжуд.
Кўпинча туйилган ҳолда ишлатиладиган занжабил илдизи қўнғирсимон-сариқ унга ўхшайди. У квас ва асалга қўшилади, кулчалар, қандолат маҳсулотлари тайёрлашда ҳам фойдаланилади. Осиё мамлакатларида зираворларга ва айрим чой навларига қўшилади, гўштни шамоллатишда сепилади.
Маринадланган занжабил илдизи таомлар таъмини яхшилайди. Шунингдек, алоҳида таом сифатида ҳам истеъмол қилинади. Жануби-шарқий Осиё мамлакатларида янги занжабилдан мураббо тайёрлашади. Хитой, Ҳиндихитой, Бирма ва Англияда занжабил мураббосига апелсин пўсти қўшилса, Ҳиндистонда турли ун навларига аралаштирилади. Англия, Австралия ва АҚШда ундан пиво, спиртсиз салқин ичимликлар тайёрланади. Европа ва Америкада занжабил гўштли таомларга қайла ўрнида ҳамда сабзавот ва меваларни маринадлашда ишлатилади. Гўшт димланганда гўшт хушбўй бўлади ва майинлигини сақлайди.
Занжабил офтобда қуритилади. Тозаланмаган қорамтир занжабилнинг ҳиди ва таъми ўткир бўлади. Кўпинча у қуритиб туйилган ҳолда таомларга қўшилади. Хамирга қорилганда ёки қориб бўлингач қўшилади. Гўштни димлаганда таом тайёр бўлишидан 20, шарбат, кисел, пудингларга 2-5 дақиқа аввал, соус-қайлаларга эса оловдан олингандан сўнг қўшилади. Бир килограмм хамир ёки бир килограмм гўштга бир грамм занжабил солиш кифоя.
Занжабил илдизи дорихоналарга тозаланган ва ярим тозаланган ҳолда чиқарилади. У оғиз бўшлиғи ва томоқ яллиғланганда яхши муолажа бўлади. Дамламаси ва кукуни денгиз касаллигига, ошқозон ярасига даводир. Иштаҳани очади, таомлар ҳазмини яхшилайди. Атеросклерозда, ёғлар ва холестерин алмашинуви бузилганда, қон томирлар ҳолатини меъёрга солади. Занжабил илдизи шарбати асосида тайёрланган мурабболар ҳам шу мақсадда қўл келади. “Занжабилли чой” асал ва лимон билан бирга шамоллаш хасталикларида тез-тез қўлланади. Бош оғриғида, елкада оғриқлар пайдо бўлганда, сурункали бод хасталигида ундан компресс қилинади.
Занжабил ва калган экстрактлари қўшилган “Зинаксин“ препарати турли артрит хасталикларига шифо бўлади. Занжабилдан олинадиган эфир мойлари эса хушбўй ҳидлар муолажаси (ароматерапия)да кенг қўлланади. У асаб ва руҳий зўриқишлар, таянч-ҳаракат аъзолари хасталиклари, шамоллаш ва вирусли касалликларни даволашда яхши муолажа ҳисобланади. Иссиқ ингаляциялар, ванналар, баданга суртиш, уқалаш ва истеъмол қилиш зарур бўлганда ҳам унинг эфир мойларидан фойдаланилади. Барча неъматлар каби занжабил ҳам меъёрдан ортиқ истеъмол қилинса, кўнгилни айнитиши, ични суриши, аллергик реакцияларга олиб келиши мумкин.
Хитой пазандалигида занжабил сиркаси ва шакарланган занжабил кўп қўлланилади. Хитойликлар шакарланган занжабилни тушки овқатдан сўнг уйқу босишнинг олдини олиш учун истеъмол қиладилар. Японлар эса дастурхонга маринадланган занжабилни гуруч ва балиқ билан бирга қўядилар. Бунинг боиси занжабил илдизи саримсоқ каби ўткир таъмли бўлса-да, у тозаловчи хушбўй ҳидга эга. Фойдали жиҳатлари, хусусан, иммунитетни ошириши, микробларга қирон келтириши билан ҳам саримсоққа ўхшаб кетади. Унинг таркибидаги аминокислоталар ва эфир мойлари ниҳоятда ноёбдир. У кўпгина парҳез таомларга ҳам ишлатилади: қора қорағатга қўшиб чой дамланади, баъзан сариёғда қовурилиб, таомларга зиравор сифатида ҳам қўшилади. Янги соғилган сутга қирғичдан ўтказилган занжабил қўшиб ичилса, йўталда яхши муолажа бўлади. Қоринда оғриқ турганда маржон ва занжабил димламаси ичилса наф беради, бир бўлак занжабил томоқдаги ангинага, тиш оғриғига ҳам шифо бўлади. У таомлар ҳазмини меъёрга солади, организмни заҳарли моддалардан тозалайди. Бунинг учун қирғичдан чиқарилган занжабилни лимон шарбати ва озгина туз қўшиб, эрталаб нонуштага қадар истеъмол қилиш керак. Занжабилнинг қўлланиш доираси шу қадар кенгки, шу боис уни ҳақиқий мўъжизавий дори, деб аташади. Машинада бош айланганда бир бўлак занжабил илдизини чайнаш кифоя. “Занжабилли чой”и эса кўпгина шамоллаш хасталикларидан халос этади. Бундай чойни тайёрлаш усули қуйидагича: қирғичдан янги чиқарилган уч чой қошиқ занжабил илдизи 100 мл. сув ёки сутга солиниб, қопқоғи зич ёпилган эмалли идишда паст оловда 10 дақиқа қайнатилади. Сўнг 5-10 дақиқа димлаб қўйилади ҳамда асал ва лимон қўшиб иссиғида ичилади. Майдалаб кесилган ёки нафис бўлакланган занжабил илдизини чойнакка солиб, устидан қайнаб турган сув қуйилади ва бир оз дамланади. Сўнгра лимон ва асал қўшиб ичилса, жуда хуштаъм бўлишдан ташқари, ниҳоятда фойдали ҳамдир. Хитойликлар эса, занжабилнинг фазилатларини бениҳоя қадрлашади ва ҳар куни уни қанд каби чойга қўшиб ичишади. Эҳтимол, шарқона донолик ва тибетча умрзоқликнинг омили шундадир.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 22-сонидан олинди.