Юрак-қон томир хасталиклари ҳар йили 17 миллиондан зиёд кишини ҳаётдан олиб кетади. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНЕСКО жаҳон аҳли эътиборини бугунга келиб юрак касалликлари ўзига хос эпидемияга айланганига қаратмоқда. Вақтида хасталикнинг олдини олиш, ўз соғлигига онгли муносабатда бўлиш бу эпидемиядан сақланиш имконини беради.
Юрак-қон томир касалликлари ва инсульт келиб чиқишига, асосан, юқори қон босими, қонда холестерин ва глюкоза миқдори ошиши, чекиш, сабзавот ва меваларни етарли даражада истеъмол қилмаслик, ортиқча вазн, семириб кетиш ва жисмоний фаолликнинг сустлиги сабаб бўлади.
Юрак хасталикларининг олдини олиш йўллари барча учун умумий. Юрак доим соғлом бўлсин, десангиз қуйидагиларга амал қилинг:
— жисмоний фаоллик; истаган спорт тури билан шуғулланиш; кексалар учун, агар илгари спорт билан фаол шуғулланмаган бўлса, кунига 30-40 дақиқа юриш кифоя;
— тўғри овқатланиш; қизил гўшт, гарнирларни ортиқча истеъмол қилманг, ширин, шўр ва хамирли таомлардан қанча тийилсангиз, шунча яхши;
— кун тартиби ва соғлом уйқуга риоя этиш; тўйиб, тиниқиб ухлаш; тўшак, ёстиқ ортопедик жиҳатдан қулай ва қаттиқ бўлсин;
— ҳиссиёт ва сезги, организмнинг нохуш белгиларига эътибор бериб, муаммони шифокор ёрдамида вақтида бартараф этиш;
— чекиш, ичкилик ичиш, асабийлашиш, ортиқча овқатланиш каби ножоиз одатлардан воз кечинг; улар юракни зўриқтиради;
— кайфият ҳамиша чоғ бўлсин; руҳий сиқилиш, асабийлашиш юрак фаолиятига таъсир қилади; ўзингизни улардан асранг;
— меъёрни унутмаслик; ҳаётда ҳамма нарсада — овқатланиш, спорт, иш, пиёда сайрда, энг муҳими, меъёрни сақланг.
Юрак хасталиклари секин ривожланади. Бош оғриғи, босим ошиб-тушиши, юрак атрофи симиллаб оғриши бу хасталикнинг илк белгилари бўлиши мумкин. Шу сабабли ҳар бир-бир ярим йилда кардиолог шифокорга мурожаат этиш лозим. Айниқса, 45-50 ёшдан сўнг организмнинг барча аъзоларини, хусусан, юракни алоҳида текширтиринг. Агар юрак билан боғлиқ ҳолда қуйидаги белгилар кузатилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг:
— кўкрак қафасидаги оғриқ;
— бош айланиш, терлаш ва дармонсизлик;
— сабабсиз ҳушдан кетиш;
— юрак уриши ўзгариши билан бирга лоҳаслик кузатилганда;
— терида рангсизлик; оёқларда тез-тез шиш пайдо бўлса;
— нафас сиқилса.
Юрак хасталикларини даволашдан кўра олдини олиш осон. Шу сабабли юқорида саналган белгиларни чарчоқ ёки оддий лоҳаслик, деб тушунмаслик керак.
Юракни соғлом ҳолда сақлаш учун, академик Лео Бокерия таъкидлаганидай, биринчи навбатда, тўғри овқатланишга эътибор беринг. Қизил гўштни кўп истеъмол қилманг. Америка астронавтлари амал қиладиган парҳез яхши самара беради. Улар истеъмол этадиган таомнинг асосини қайнатилган гўшт ва балиқ ташкил этади. Гўшт қайнаганда таркибидаги ёмон ёғлар кўпик билан чиқиб кетиб, енгил ҳазм бўлади. Қайнатилган сабзавотда клетчатка кўп тўпланади. Бу таомларга хамирли, ширин ва шўр гарнир тавсия этилмайди. Ҳаётингизни тўғри ташкил этинг. Ўзингизга ёқадиган жойда яшанг ва ишланг, ўзингизга ёқадиган одамлар билан муомалада бўлинг.
Кун тартибига амал қилинг ва, албатта, тўйиб ухланг. Жисмоний фаолликнинг ўзингиз учун қулай турини танланг. Юрак хасталикларининг олдини олишда табиий усул бу — пиёда юриш. Пиёда сайр қон босими ошишининг илк даврида яхши самара беради. Кунига 30 дақиқа пиёда юриш кифоя. Ҳаётга ҳамиша умид ва ишонч билан қаранг, ҳаётсеварликни канда қилманг.
Кайфият ёмонлиги руҳий ва кимёвий асосларга эга. Улар бир-бири билан боғлиқ. Айтайлик, кайфият ёмон, асабий ҳолатда бўлса, уйқу ритми ҳам бузилади. Уйқу узуқ-юлуқ бўлса тестостерон, соматостатин каби бир қатор гормонлар ишлаб чиқилиши тўхтайди. Бу гормонлар эса, ўз навбатида, асаб тизими, шу жумладан, иш ва юрак фаолиятига таъсир кўрсатади. Салбий ҳиссиётларни жиловлаш, ҳаётдан завқ олиш санъатини эгаллаш осон эмас, бироқ саломатликни сақлаш учун жуда зарур. Сержаҳл одамлар бошқаларнинг, айни чоғда, ўзларининг ҳаётини ҳам заҳарлайди. Шу сабабли асаб бузилган ҳолатларда аутотренинг ва йога машқлари билан шуғулланган афзал. Кўплар одатланиб қолганидек, диванда ётганча телевизор кўриш, бир шиша пиво ёки чипса, чекиш билан ҳордиқ чиқариш ярамайди. Бунинг ўрнига тўшакка бироз чўзилиб, кўзни юмган ҳолда озроқ дам олиш мақсадга мувофиқ.
Шуни ҳам айтиш зарурки, Ўрта ер денгизи аҳолиси махсус парҳезга амал қилгани боис, юрак-қон томир хасталикларига 10 йил кеч (59-63 ёшда) чалинаркан. Бироқ бошқа иқлимларда яшовчиларга тозаланмаган ёрмалар, қаттиқ навли буғдойдан тайёрланган макарон, зайтун ёғи, мева ва сабзавотдан иборат бу парҳез қандай наф бериши аён эмас. Қайнатилган гўшт, балиқ ва сабзавотлар асосидаги америка астронавтлари парҳези эса ҳаммабопдир.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 47-сонидан олинди.