Тарихда ўзидан ана шундай шарафли ном қолдирган бу заҳматкаш инсоннинг тўлиқ исм-шарифи Ганс Гуго Бруно Селье эди. У 1907 йил 29 январда Венада туғилганди. Онаси австриялик, отаси эса венгер миллатига мансуб бўлиб, ҳарбий шифокор сифатида хизмат қилар, шунингдек, Комарно шаҳридаги хусусий клиника соҳиби ҳисобланарди.
Ганс дастлаб Европадаги энг кўҳна – 1348 йили ташкил топган, ХХ аср арафасида иккига бўлинган Прага олий ўқув юртининг Немис университети тиббиёт факультетида таҳсил кўрди, сўнгра Рим ва Парижда ўқиди. 22 ёшидан эътиборан Немис университетининг патология – касаллик жараёнларини ва организм фаолиятининг бузилиши сабабларини ўрганувчи илмий тажриба кафедрасида ассистентлик қилди. Икки йил ўтар-ўтмас, Рокфеллер стипендиясига лойиқ кўрилгач, АҚШдаги Жон Хопкинс, Канададаги МакГилл университетларида ишлади.
Гансни талабалик чоғлариданоқ тирик мавжудотнинг ҳар қандай жиддий зўриқишга бир тахлитдаги жавоби билан боғлиқ муаммолар ўзига ром этганди. Аниқроғи, у турли дардлардан азоб чекаётганлар вужудида нима учун ўзаро муштарак бир қанча ботиний ва зоҳирий аломатлар пайдо бўлишига қизиқарди. Қизиқарди-ю, юқумли касалликларда ҳам, кўп қон йўқотиш-у саратон ўтказиб юборилганда ҳам сирқовланиш, лоҳаслик, иштаҳасизлик, ҳафсаласизлик, тажанглик, руҳий тушкунлик, мадорсизланиш, вазн йўқотиш каби нохушликлар кузатилишидан ҳайратланарди. Боз устига, ўша давр шифокорлари бундай эгизак белгиларнинг туб илдизига эътибор бермай, фақат айрим хасталикларга хос қусурларни аниқлашни ва дори-дармонлар воситасида даволашни афзал кўришларидан ажабланарди.
Шунга кўра, у Канадада ишлаётган кезлари одам ва ҳайвонлар организмида беҳад кучли ёки патологик таъсирлар натижасида рўй берадиган асабийлик омилларини, улар доялик қиладиган касалликларнинг урчиши, ривожланиши, кечиш босқичлари ва асоратларини жиддий ўрганишга киришди. Пировардида ўта ҳаяжонланишни стресс, унга туртки бўлувчи, кишини қаттиқ жунбишга келтириб, руҳий зарба берувчи омилларни стрессорлар деб атади. Стрессорлар шарофати ўлароқ келиб чиқадиган вужудий ўзгаришларни эса мослашиш (адаптация) синдроми – муайян дард билан биргаликда намоён бўлувчи аломатлар мажмуи деб номлади. 1936 йили стресснинг универсал концепциясини тузиб, ўз фикр-мулоҳазаларини илмий нуқтаи назардан асослаб берди. Ана шу зайл бизнинг тилимизда “босим”, “зўриқиш”, “танглик” маъноларини англатувчи инглизча стресс сўзини махсус атама сифатида биринчи бўлиб тиббиётга киритди.
Ёш олим стрессорларни иссиққа, совуққа, жароҳатланишга ва бошқа таъсирларга тааллуқли физик ҳамда қўрқув, қаттиқ товуш ва ўта хурсандчиликка алоқадор психик гуруҳларга ажратди. Зеро, организмда стрессорлар ҳамласини даф этишга хизмат қилувчи мослашувчан биокимёвий ва физиологик ўзгаришлар шаклланади. Бу жараён стрессорнинг кучи, таъсир этиш муддати, одам ёки ҳайвоннинг физиологик тизими ва руҳий ҳолатига уйғун равишда амалга ошади. Асаб тизими юқори даражада ривожланган одам ва махлуқотда стрессор вазифасини кўпинча ҳис-туйғу ўтайди ва физик стрессор хуружига замин ҳозирлайди.
Инсонда бир хил кучдаги стресс ҳам хавфли, ҳам фойдали бўлиши мумкин. Шу боис муайян даражадаги стрессларсиз фаол яшаш даргумон, Г.Сельенинг уқтиришича, уларнинг бўлмаслиги ўлим билан баробардир. Зеро, фойдали стресслар организм имкониятларини ишга солиб, унинг инфекцияларга, қон йўқотиш ва бошқа салбий таъсиротларга чидамлилигини оширади, аллергия, яра ва юрак касалликларини енгиллаштиради ёки беморнинг улардан фориғ бўлишига кўмаклашади. Зарарли стресс (дистресс)лар эса вужуднинг шикастловчи унсурларга барқарорлигини пасайтириб, талай дардларни оғирлаштиради.
Касалликларнинг стресс туфайли ниш уришида организмнинг дастлабки ҳолати катта аҳамиятга эга. Масалан, артериал қон босими кўтарилиши тарзида зуҳурланувчи юрак-томир хасталиги – гипертонияга чалинган кишида стресс оғирроқ ўтиши, беморнинг аҳволи қўққисдан оғирлашиб қолиши эҳтимолдан холи эмас.
Ганс Селье стресс сабабли ривожланадиган касалликлар ё стрессорнинг кучли ҳужумига, ёки гормонал тизимнинг “нотўғри” реакция беришига боғлиқ деб ҳисоблаган. Негаки, баъзан дистресс кучсизгина стрессор таъсирида чуқур илдиз отади. Стресснинг ижобий ёки салбий хусусиятга эгалиги организмнинг ўша стрессорга нисбатан жавоби билан баҳоланади.
Стрессни фаол ўзгартиришга йўналтирилган чоралар организмнинг турғунлигини мустаҳкамлайди. Инчунин, касаллик улғаймайди. Мабодо, стрессга қарши фурсат ғаниматида кескин кураш олиб борилмаса, мослашиш синдроми сусайиб, таҳликали дамларда тирик жон нобуд бўлиши ҳам мумкин. Тана аъзоларидаги жамики ўзгаришларни назорат қилишда миядаги катехоламинлар – икки атомли фенол пирокатехиннинг алкиламин маҳсулотлари миқдори муҳим ўрин тутади. Демак, асаб тизими вужуднинг стрессга реакция бериш салоҳиятини белгилайди.
Америкалик шифокорлар Т.Холмс ва Р.Рей юзлаб беморлар билан ўтказган сўровлар якунида улардаги хасталиклар ҳам ёқимли, ҳам ёқимсиз ҳиссиётлар маҳсули эканлиги яна бир карра исботланди. Энг ачинарлиси, одам баъзан шодликдан ўлиши ҳам мумкин. Бунга милоддан аввалги 496-406 йилларда яшаган, 123 та саҳна асари ёзган юнон драматурги, шоир, сиёсий ва ҳарбий арбоб Софокол ўз пьесалари томошабинларга ғоят манзур бўлганидан қувончини ичига сиғдиролмай вафот этгани, Бобилни вайронага айлантирган Форс подшоҳи Ксеркс жазавага тушиб, бетўхтов кулиш оқибати ўлароқ, тутқаноғи тутиб жон бергани яққол мисол бўла олади. Ёки бошқа бир воқеа: сувда ўйналадиган тўп ўйини бўйича Европа чемпионати кубогининг уч карра соҳиби – Германиянинг “Шпандау – 04” жамоаси 1986 йил ниҳоясида ўтказилган мусобақада яна ғолибликни қўлга киритади. Бундан боши кўкка етган жамоа мураббийи А.Бален шодон қийқиради-ю, лоақал кийимларини ечмай туриб, бассейнга сакрайди ва шу заҳотиёқ ҳушидан кетади. Уч соат давомида танасининг айрим қисмларига қон етарли бормаслиги ва бош миясига қон қуйилиши сабабли ўзига келмай, 56 ёшида ҳаёт билан видолашади. Шифокорлар у бирйўла инфаркт ва инсультга учраган деган тўхтамга келишади.
Ушбу далиллар Г.Селье яратган умумий мослашиш синдроми таълимотидаги ижобий ва салбий ҳис-туйғулар биологик жиҳатдан айнан бир хил стрессларни келтириб чиқаради деган бошланғич таъриф тўғрилигини тасдиқлайди. Лекин бундан чўчимаслик керак. Негаки, боя эслатганимиздек, стресс организмнинг бардошлилигини фақат сусайтирмайди, балки оширади ҳам. Инсонга завқ-шавқ бағишлаб, кайфиятини кўтарувчи турли йўналишдаги ижодкорлик ва севги-муҳаббат ҳам стрессга киради. Хурсандчилик фавқулодда вазиятлардагина фожиали хотима топади, аксарият ҳолларда эса, тананинг яшовчанлиги кучайишига далда бўлади.
Стресснинг моҳиятини ўрганиш асноси Г.Сельега гормонлар, яъни ички секреция безлари ишлаб чиқарадиган биологик фаол моддаларнинг организм стрессорлардан таъсирланишидаги аҳамияти ва бу безларга дахли йўқ ноэндокрин касалликлардаги иштироки аёнлашди. Шифокорнинг диққатга сазовор ютуқларидан бири “мослашиш гормонлари” – катехоламин, адренокортикотроп ва соматотроп (бош миянинг пастки ортиғи ва унинг олд бўлаги) гормонлари ҳамда яллиғлантирувчи ва яллиғланишга қарши гуруҳларга бўлинадиган кортикостероидлар (буйрак усти безининг пўст қаватида адренокортикотроп таъсирида синтезланадиган гормонларнинг муҳим бир туркуми) муаммони бартараф этишини аниқлагани бўлди. Унинг таъкидлашича, ҳар қайси организм мослашиш қувватининг қаршилик кўрсатиш сусайиши ва вужудни ҳалокатга гирифтор қилиши билан белгиланадиган ҳамда ирсий хусусиятларга монанд чекланган захирасига эга бўлади. Бу таълимот ноэндокрин касалликларда кортикостероид терапия самарадорлигини теранроқ англашда дастлабки назарий асослар вазифасини ўтай бошлади.
Асабийлик натижасида турли жисмоний хасталикларнинг пайдо бўлиши ёки зўрайишига алоқадор ҳолат ва аломатларни қамраб олувчи психосоматик йўналишдаги изланишлар, энг аввало, ўша иллат ёки оғриқларнинг келиб чиқиши ва ривожланишида руҳий омиллар муҳим аҳамият касб этишини аниқлаш имконини берди. Шу боис тадқиқотчилар асосий эътиборни яширин кечадиган руҳий тушкунлик, ўз қобилиятига ишонмаслик, ғамғинлик, умидсизлик, тасаввурларнинг қотиб қолиши, истакларнинг сўниши, ҳаракатларнинг чекланиши, иштаҳанинг йўқолиши, озиб кетиш, юрак фаолиятининг ўзгариши ва бошқа кўринишларда ифодаланадиган, шунингдек, ўзига хос психосоматик ва психоген шартлари ўзгарган касалликларга, асабий-руҳий дардлар тизимидаги вегетатив ўзгаришлар ва сурункали жисмоний азоб-уқубатга йўлиққан бемор танаси функцияларининг иккиламчи психоген бузилишларига қаратишди.
Психосоматик тиббиёт тараққиётига америкалик таниқли шифокор ва руҳшунос Франц Габриэль Александер ҳам беқиёс ҳисса қўшди. У инсоннинг руҳий ҳолати, чунончи, ҳиссий туйғулари ярали хасталиклар ҳамда гипертония авж олишида қандай ўрин тутишини ойдинлаштиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Изланишлари натижаларига таяниб, буларга ўхшаш бетобликлар замирида бемор ички дунёсидаги қуйидаги ихтилофлар ётади деган хулосага келди: биринчиси – бўйсуниш талаби ва орзу-умиднинг устунлиги ўртасидаги тўқнашув; иккинчиси – тобелик ва мустақил бўлиш истаги орасидаги низо; учинчиси – омадларга эҳтиёж ва муваффақиятсизликлардан ваҳимага тушиш ўртасидаги қарама-қаршилик; тўртинчиси – талаб-интилишлар билан эришилган ютуқлар-у кутилган натижалараро тафовут.
Бинобарин, психосоматик касалликлар жисмоний сустлик чоғида стресснинг ўта зўрайиши ва асаб тизимининг бузилиши оқибатларидир. Чунки руҳий танглик етарли даражада юмшатилмаган тақдирда узлуксиз равишда ақлан қаттиқ чарчаш рўй беради ва асаб тизимига путур етказиб, у орқали ички оғриқларни қўзғатади. Ҳиссий зўриқишнинг узоқ давом этиши ва яширин кечиши артериал босимнинг ошишига олиб келади.
Ганс Селье бошлаб берган иш нақадар долзарблигини яна шундан ҳам билиш мумкинки, Интернационал институт кутубхонасида ҳозирга қадар стрессга бағишланган 150 мингдан зиёд манба жамланган. Ҳамкасблари эса бу олимни буюк физик, нисбийлик назарияси кашфиётчиси Альберт Эйнштейнга менгзаб, “Тиббиёт Эйнштейни” дейишади. Албатта, бу бежиз эмас. Г.Селье стресс сир-асрорларини ўрганиш борасида кўплаб тадқиқотлар ўтказди. Соҳага оид 30 та монография ва ўқув қўлланмаси ёзди. Қолаверса, физиология, фалсафа, руҳиятшунослик, жамиятшунослик, илмий-ижодий тажриба, ҳаёт тарзи ва бошқа масалаларга бағишланган китоблар битиб, матбуотда 1500 дан зиёд чиқишлар қилди. 843 та мақола ва 14 та рисоладан иборат “Мослашиш (адаптация) синдроми ҳақида очерклар” номли илмий асарини чоп эттирди. Бундан ташқари, адаптация энергияси, яллиғлантирувчи ва яллиғланишга қарши гормонлар, электролитностероидли кардиопатия, кальцифилаксия, синтактик ва кататоник тузилишлар, адаптация ва гетеростаз сингари хасталиклар хусусида бетакрор таълимотлар яратиб, амалиётга татбиқ этди. Шунинг баробарида 1945-1976 йилларда Монреал университети қошидаги Халқаро илмий тиббиёт ва жарроҳлик институти профессори ҳамда директори вазифаларини бажарди. 1979 йили Алвин Тофлер билан ҳамкорликда Канададаги Халқаро стресс институтига асос солди. Алқисса, олам аҳлига стресс ва гипофизар-адренал тизим ҳақидаги ғоялар асосчиси, машҳур биолог, эндикринолог, патофизиолог сифатида танилди. Қатор университетларнинг фахрий доктори, халқаро ва миллий илмий тиббиёт жамиятлари аъзоси бўлди.
Фақат битта таажжубланарли жиҳати – салкам ярим аср мобайнида организмнинг кучли ҳаяжонлаш оқибатида содир бўладиган ўзгаришларга мослашиш синдроми ва стресс жумбоқларига ечим топиш устида узлуксиз изланиб, инсоният саломатлиги йўлида қайғурган Ганс Сельенинг ўзи ҳам 79 ёшида шу касаллик қурбонига айланди. У 1986 йилнинг авжи кузида Монреал шаҳрида дунёдан ўтди. Кейинчалик Чехиядаги Брно университети умумий патология равнақига муносиб улуш қўшганлар тақдирланадиган Селье номидаги медални таъсис этди.
“100 великих врачей” китоби ва бошқа манбалар асосида Абдунаби Ҳайдаров тайёрлади.