Инсон фикр юритиш, ихтиро қилиш, ижодкорлик борасида мавжудотлар ичида энг сараси бўлмасин, она табиат нафосати, мўъжизаси олдида лолу ҳайрон қолаверади. Энг кичик заррадан тортиб, то улкан осмон жисмлари – метеоритларгача биз англашга уринган, бироқ тўлиқ ўрганишнинг иложи бўлмаган тилсимотлардир. Шунинг учун ҳам табиатни аллома боболаримиз буюк устоз дея эътироф этишади.
Шаршаралар… тасаввур кенгликларидан пастга дўниб, хаёлларингизни бир маромда аллаловчи куй янграйди, бу оҳанг таъсирида гоҳ сархуш бўлсангиз, гоҳ ўйга толасиз. Дарёларнинг қутуриб, селу тошқинлари билан кўрсатган бузғунчилигидан она табиат бир яхлит композиция яратади! Мўъжиза яратади.
Шаршараларда ажабтовур қудрат бор. Унинг оғушида бир дам турган киши ўзини енгил, тетик ва энг муҳими, тинч-хотиржам ҳис қила бошлайди. Кичик-кичик жилғалар қўшилувидан бунёд бўлган дарёлар ўз ўзанида бир маромда оқа туриб, ногаҳон заминдан узилади-ю, айюҳаннос солиб, пастликка ўрлайди. Ана шунда эътибор бериб, қулоқ билан эмас, юракдан тингласангиз, шалолаларнинг қўшиқ айтаётганига амин бўласиз. Бу ажиб симфониянинг қандай аталиши бизга қоронғу… Шуниси аниқки, уни ҳамма ўзича эшитади, ўзича қабул қилади.
Ўрта Осиёда эса азал-азалдан сув ва у билан боғлиқ унсурлар зиёратгоҳ ўрнида ниҳоятда қадрлаб келинади. Тирноққа зор оилалар фарзанд илинжида шалолаларга дардини тўкиб солиб, атрофида бўй чўзган вазмин садаларга, мажнунтолларга турли рангдаги мато қийқимларини боғлаб кетишади. Ҳатто чекка-чекка қишлоқ аҳолиси шаршаралар тагида ўчоқ тузаб, қозон қайнатади, турли тилаклар қилади, шу орқали Яратганга шукрона келтиришади. Шоирларимизнинг нафис шеърий санъатлар билан ёрнинг зулфини, товонини ўпган сочларини шаршарага қиёслашида ҳам ажиб ҳамоҳанглик бор.
Шовқин-сурони 20 чақирим наридан эшитилиб турадиган машҳур Анхел (Фаришта) шаршараси ҳақида эшитмаган киши бўлмаса керак. У заминдаги энг катта шаршара ҳисобланади. Жанубий Америка қитъасига қарашли Венесуела давлати ҳудудида жойлашган бу табиат асарининг баландлиги 1054 метрни ташкил этади. Қадим замонларда маҳаллий аҳоли Анхелнинг гўзаллиги ва улканлигини илоҳий деб тушунган. У ерда кўзга кўринмас, лекин ойдин оқшомлари шовқин кўтариб, базм қилувчи фаришталар яшайди, деган маънода афсоналар тарқалган.
Бразилия ва Аргентина мамлакатлари чегарасида вужудга келган Игуасу ҳамда Африка қитъасининг Замбези дарёси ўзанида 120 метр баландликдан шўнғиб тушувчи Виктория, АҚШдаги машҳур Ниагара (51 м.), Тугела, Ёсемит ёки Кхон шаршаралари, улар билан боғлиқ тарихий воқеликларни бугунги кунда ҳам табиатшунослар синчковлик билан ўрганишмоқда. Гарчи шаршараларнинг пайдо бўлиши тўғрисидаги дастлабки илмий қарашлар ортиқча исбот талаб қилмаса-да, айрим олимлар янги фикрларни, назарияларни ўртага ташламоқда.
Муз асридан буён яшаётган “отахон” шовваларнинг пайдо бўлиши учун 10 минг йил сарфланган бўлса, ҳозирда уларнинг ёши 25 мингдан ошгани ҳақида хориж матбуоти хабар тарқатди. Демак, неча асру замонлар, авлодлар алмашса-да, фусункорлигини йўқотмай келаётган шалолалар шунчаки вужудга келмаган…
Улкан шаршараларнинг доимий ҳамроҳи – етти рангда товланиб, кўзни қамаштиргувчи камалаклар сайёҳларни жалб этишда муҳим рол ўйнайди. Бу икки гўзалликнинг бир-бирини тўлдириб, кўркамлаштириб туришига бевосита шоҳид бўлган башарият буюк мусаввир табиатнинг меъморлик даҳосига ҳам таҳсин ўқийди. Эҳтимол камалаклар заррин нурларнинг ўзига хос “қуйилиш” қисмидир, уларнинг шалолалар билан уйғунлиги шундадир балки?!
Одам боласи бугун табиат асарларига жило бериш, уларни томошабоп қилиш мақсадида турли “қўшимча”ларга қўл ураётир. Масалан, Ниагара шаршараси пишқириб, қайнаб-тошиб, чор-атрофга сув заррачаларидан ҳосил бўлган туман либосини тўшаб оқади. У америкаликларнинг фахрланадиган осори-атиқаларидан бири. Шунинг учун ҳам уни яқиндан кўришга, юзма-юз келишга иштиёқманд бўлган саёҳатчилар кўпчиликни ташкил этади. Ниагаранинг биқин қисмидан ҳандақ ўйилган бўлиб, ундан бошланган йўл шаршаранинг нақ тагига олиб боради! Сиз шу тариқа шаршарани остки қисмидан томоша қилиш имкониятига эга бўласиз.
“Сув устунлари”нинг фавқулодда безакка эга бўлиши, бетакрорлиги башариятнинг буюк мусаввирларига илҳом бағишлаган, уларни ёрқин ранглардаги полотнолар яратишга ундаган. Бинобарин, оддий, бироқ ўлмас асарлар чизган Леонардо да Винчидан тортиб, синиқ чизиқлардан модерн рассомчилик мактабини ярата олган Пабло Пикассогача табиатнинг ушбу инъомидан баҳраманд бўлишган.
Шаршараларнинг жозибаси бўйида, баландлигидагина эмас, балки ён-верида ўсган гиёҳлар, гулу майсалар, харсанг тошларни қучоқлаб ўсган дарахтлар назокати билан ҳам янада чирой очади.
Қуйилишига қараб шалолаларни икки гуруҳга ажратиш мумкин: 1) поғонали, 2) кенг паст оқимли шаршаралар. Поғонали шалолалар зинапоя шаклини олган бир неча кичик “кув устунча”ларидан ташкил топади. Иккинчи гуруҳ шаршаралари эса фақат битта ва кенг қуйилиш қисмидан иборат мумтозлардир.
Ҳар йили эрта кўклам ва кеч кузакда ер релфида айрим ўзгаришлар содир бўлади. Шунинг натижасида поғонали шаршаралар вужудга келади. Уларнинг умри унчалик узоқ бўлмаслиги мумкин, чунки тупроқ қатлами сувнинг тинимсиз ҳаракати туфайли емирилиб, шаршаралик кўринишини йўқотиши ёки кейинги йил келган сел таъсирида дарё ўзани йўналиши қисман ўзгариб, шовва барбод бўлиши ҳам мумкин. Неча минг йиллардан буён салобатини йўқотмай оқиб турган Анхел каби асоси бақувват, қаттиқ тош жисмлардан тузилган шаршаралар кам эмас.
Кўплаб шаршаралар пурвиқор тоғлар бошидаги оппоқ қорларнинг эриб, майда жилғалар “кашф” этиши натижасида ҳосил бўлади, улар умрининг узоқлиги тоғларга қор қанчалик кўп ёхуд кам ёғиши билан боғлиқ бўлади. Ана шундай машҳур шаршаралар қаторига Утигорд, Малтномах ва Ёсемитни киритади мутахассислар.
Одамзот сирли манзилларни, янги қитъаю оролларни, ҳали инсон қадами етмаган номаълум маконларни забт этишга интилади. Ўзи билиб-билмаган ҳолда, деярли барча шу мақсадда умргузаронлик қилади. Кимдир Эверест чўққисига чиқишни орзу қилса, яна кимдир шаршаралардан сакрашга қизиқади. Масалан, АҚШнинг Мичиган штати фуқароси – 40 ёшли бекорчи Кирк Раймонд Жоунс дўстлари билан баҳс бойлаб, Ниагаранинг энг қуюқ қисмидан сакрашга қарор қилади. Режага кўра, Кирк сакраётган пайтда дўсти Боб Крюгер уни видео тасмага муҳрлаши, кейин тасвирни кўпайтириб, трюк ишқибозларига мўмай пулга сотишлари лозим эди. Бироқ Боб ҳаяжонланганидан видеони анча кеч ёқади ва унда Кирк аллақачон сув ичига кириб, ўлар ҳолга келган бўлади. Яхшиямки, қутқарувчилар гуруҳи уни зудлик билан шаршара “ҳужуми”дан олиб чиқиб, касалхонага элтади.
Шаршаралардан айни кунда фақат гўзаллик тимсоли сифатида эмас, балки гидроелектр станцияларини яратишда ҳам кенг фойдаланилмоқда. Бинобарин, юқоридан кучли тезланишда урилган оқим махсус динамик мосламани ҳаракатлантиради. Ниагара шаршарасида шундай станция қурилган ва у тарқатган электрдан асосан яқинидаги ҳудудлар баҳраманд бўлмоқда.
Донишманд аждодларимиз шиддати зўр шаршаралардан тегирмонни юритишда кенг фойдаланиб келишган. Буғдойни майдалаб унга айлантирувчи тошларни бир-бирига ишқалантирувчи “қўлбола механизм” шаршара оқими айлантирган чархпалак воситасида ишлаган.
Табиат фалсафасини ўрганиш жараёнида одамлар кўплаб оддий ҳақиқатларни англаб етади ва ҳаётнинг ҳар жабҳасида ижобий бурилишлар қилишга тиришади. Агар аҳамият берган бўлсангиз, деярли барча тириклик аҳли пастдан юқорига интилади. Юзга кириб, мункайиб қолган отахон яна юз йил яшашни орзу қилса, чақмоқ ёшдаги ўсмирлар Ойни остига тўшаб, юлдузлардан кўрпа ёпиниб ётишни истайди ва ҳоказо. Бироқ шаршаралар юқоридан пастга интилади: тоғлардан бошланиб, Ернинг энг пастки қисми – денгизу уммонларга қўшилиб кетади! Балки бу Яратганнинг одамларга кўрсатган камтарлик, хокисорликка доир ибратидир?!
Бу омонат дунёда мангу унсур бўлмагани, ҳар битта мавжудот ўткинчилиги каби шаршаралар ҳам абадий эмас. Инсоннинг нотўғри фаолияти сабабли уларнинг умри қисқариши ҳеч гапмас.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, шаршаралар табиат мулки, ижодий иши. Уни ўзгартиришга, йўқ қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Аксинча кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, аждодларимиз цингари келажак авлодларга бус-бутун ҳолда етказиш лозим. Шалолалар инсоннинг кўнгли таскин топадиган, руҳи дадиллашадиган, қадамлари тетиклашадиган гўшагина бўлиб қолмай, табиатнинг узвий қисми сифатида ҳайвоноту наботот оламига ҳам хизмат қилиши керак.
Зоҳиджон Холов