Қадимги юнонлардан қолган бир нақл бор: “Қул эмас эркин, варвар эмас эллинлик, аёл эмас эркак бўлиб туғилганимга тақдирдан миннадорман”. Ҳозирги даврда бу муаммоларни муҳокама қилиш, қайсидир омилларни оқлаш ва қоралаш муҳим бўлмаслиги табиий, чунки дунёнинг кўплаб мамлакатларининг қонунчилиги, шу жумладан, Ўзбекистондаги қонунчилик ҳам аёлларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқлилигини таъминлайди. Бугунги кунда жамиятнинг деярли барча соҳасида аёлларнинг ўз имкониятларини амалга оширишларига етарли шароитлар яратилган, яратилиб берилмоқда. Кишиларнинг тафаккур тарзида ҳам ўзгаришлар сезилмоқда…
Аёллар муаммосини пуфлаб шишириш ҳозирги пайтда беҳуда вақт ўтказишдек бўлиб кўриниши мумкин. Аммо масаланинг бироз нозик томони ҳам йўқ эмас: жамиятда аёлларнинг муайян ижтимоий гуруҳ сифатида эркаклар билан тенг ҳуқуққа эга бўлганлигига нари борса юз йил бўлди, холос. Бугун аёллар эга бўлган мақом, шароит ўз-ўзидан пайдо бўлмади, албатта. Шу сабаб ҳам унга қандай қилиб, нималар эвазига эришилганини, қанчалик узоқ тарихий йўл босилганини билиш, ўрганиш ўз аҳамиятини йўқотмаган деб ўйлаймиз.
“Оламда тартиб, ёруғлик ва эркакни яратган эзгу ибтидо ҳамда зулмат, хаос ва аёлни яратган ёвуз ибтидо мавжуд”, дейди Пифагор. Яна бир файласуф Ксинафонт эса “Аёлга ишониш ўғрига ишонишдай гап”, дея таъкидлайди. Излаб топаман десангиз, тарихда бунга ўхшаш гаплар талайгина. Инсоният томонидан ўрнатилган таълимотлар, ахлоқий қоидалар ҳатто динлар ҳам аёл кишини ожиза, эркакнинг қарамоғига муҳтож мавжудот ёки “репродуктив машина” сифатида кўрсатади.
Тарихчилар бизга жамият ривожланишининг илк босқичида кишилик жамоаси матриархат, яъни она уруғи устун бўлган даврда яшаган, дея уқтиради. Аммо инсониятнинг бугунги кунгача етиб келган қадриятлари, меъёрлари, ахлоқий қоидалари кейинчалик эркаклар мутлақо устунликка эришган пайтларда ўрнатилгани боис, биз у даврдаги ҳаёт тарзи ҳақида қатъий бир хулоса чиқара олмаймиз.
Чиндан ҳам, инсониятнинг деярли барча мифлари, эртаклари, қонунлари, динлари, таълимотлари эркаклар ҳукмрон бўлган даврларда яратилди. Оқибатда аёлларнинг эркаклар ҳаётида тутган ўрни икки ёқлама маъно касб эта бошлади. У айни пайтда талон-тарож қилиш, сотиб олиш мумкин бўлган ўлжа, мол-мулк; айни пайтда эса наслни давом эттирувчи турмуш ўртоқ, она. Диний манбаларга кўра, Момо Ҳаво айни пайтда Одам Ато учун яратилган аёл, лекин айнан унинг айби билан одам болалари машаққатга маҳкум. Қадимги юнон мифларига кўра, маъбудлар одамлардан қасд олиш учун уларга айнан аёл қиёфасидаги офат – Пандорани юборадилар.
“Муқаддас Ману қонунлари” аёлларни чўриликда тутиш лозимлигини айтади, “Библия”, “Инжил” ва “Қуръон”да аёлларнинг эрларига мутлақо итоат этишлари уқтирилади. “Салон қонунларида” аёллар ҳуқуқига деярли ўрин йўқ, Рим кодекслари эса унинг ҳомийларга мутеълигини мустаҳкамларкан, илова сифатида аёлларнинг ақлий ва жисмоний ноқислигини рўкач қилиб кўрсатади.
Кундуз тунсиз, нур зулматсиз, эзгулик ёвузликсиз мавжуд бўла олмаганидек, эркакларнинг ҳам турли талаб-эҳтиёжлари, авлодлар давомийлиги аёлларсиз амалга ошмайди. Шу боис аёлларни ижтимоий ҳаётга жалб қилиш уларнинг хожалари, яъни эркаклар талабидан келиб чиққан ҳолда ўрнатилади. “Муқаддас Ману қонунлари”да аёлнинг мангу осойиш топиши, яъни жаннатга кириши фақатгина хожасининг розилиги билангина белгиланади. Ислом динида эса аёлларнинг мақталган сифатлари Худодан қўрқиш ва эрига итоат қилиш билан кўрсатилади. Христианлик жисмоний лаззатларга бўлган нафратига қарамай, аёллардаги бокиралик ва итоаткорлик каби фазилатларни улуғлайди.
Турган гапки, аёлларни қоралайдиган жамики сифатлар эркакларга бўйсунмаслик, итоатсизлик билан боғланади. Биргина Ксантиппа образининг бу қадар довруқ қозонганлиги ҳам ана шунда.
Агар бугунги кун нигоҳи билан қарасак, бироз ноқулай бўлса ҳам, савол туғилади: узоқ тарихдан то шу кунгача эркаклар аёллар ҳақида мулоҳазаю муҳокамалар қилишган, тоғ-тоғ китоблар ёзишган экан, хўш, аёллар-чи, улар эркаклар ҳакида нима дейди? Жилла қурса, ўзлари ҳақида бирор гап айтганми? Жавоб оддий: то XVIII–XX асргача арзигулик ҳеч гап йўқ. Зотан, машҳур ёзувчи, файласуф Симона де Бовуар хоним айтганидек, “Аёллар ҳақидаги ҳамма тарихни эркаклар яратган”.
Бу маънода Симона де Бовуарнинг “Иккинчи жинс” асари чинакам шуҳрат қозонди. Асар эссе шаклида бўлиб, унда аёллар ҳакидаги машҳур мулоҳазалар, қарашлар, таълимотлар таҳлил этилади. Инсоният тарихи гўё икки қутбнинг ўзаро кураши сифатида кўрсатилади. Муаллиф эркакларнинг узоқ тарих давомида мутлоқ ҳукмрон жинс бўлганлигини физиологик, психологик, ижтимоий далиллар билан асослайди.
“Тарихчилар қадимги маданиятларга оид маъбудаларнинг ҳайкаллари ҳамда Иштар, Исида, Гео ҳақидаги мифларга таяниб аёлларнинг мавқейи устун бўлган олтин давр тўғрисида ёзадилар. Аммо бу афсонадан бўлак нарса эмас, чунки ушбу маъбудаларнинг култлари фақат ҳосилдорлик билангина боғлиқ. Улар эркаклар ҳосил оладиган ер, “репродуктив она” ва аёл тимсоли бўлганлар, холос. Аёллар эркакларга тенг инсон сифатида баҳоланмаган”.
Де Бовуар муаммонинг сабабларини бундай изоҳлайди:
“Оналик мавқейи баланд бўлган илк деҳқончилик даврида ҳам аёллар етакчиликни қўлга ололмади, чунки фарзанд туғиш, уни тарбиялаш фаолият эмас, табиий жараён эди. Рўзғор ва оналик мажбурияти доимий бир хил ишни такрор бажаришга ихтисослаштирди. Бу иш асрлар ўтса ҳам, ўзгаришсиз такрорланаверди. Оқибатда эса аёллар арзигулик янгилик яратмади, ярата олмади. Эркакларнинг йўриғи бошқа эди: жамоани озиқ-овқат билан таъминлаш худди асалариларникидек шунчаки табиий жараён бўлмади, у айни пайтда транцендентликни, яъни ўз моҳиятини ифодалаш фаолияти ҳам эди. Homo faber асрлар ўтиб кашфиётчига айланди. У омоч ихтиро қилди, дарёларга тўғон қурди, курашди, жанг қилди, дунёга ҳукмрон бўлди. У ҳар қандай мақсадини том маънода эркин, мавжуд инсон бўлиб амалга оширди. У ҳаётни сақлаб қолишга интилиб, оқибатда яратувчига айланди, у бугунни эмас, келажакни бунёд қилди: овчилик, балиқчилик муқаддаслаштирилди, жангчи қаҳрамонлар шарафига шон-шуҳрат ёғилди. Сирасини айтганда, эркаклар асл инсонлик таъмини тотишди. Улар бугун ҳам осмонўпар бинолар қуриб, атом реакторларини кашф этаркан, ана шу ғурурни туядилар. Аёлларнинг улкан фожиаси шундаки, улар эркаклар билан бирга ёввойи ҳайвонлар билан курашмадилар, душман билан жанг қилмадилар, дунё яратмадилар. Аёлларнинг репродуктивлиги яратувчанлик эмас, шунчаки насл қолдириш бўлди. Агар инсон ҳайвонлар каби фақат жонини сақлаб қолишнигина истаганда эди, у ҳаётини хавфга қўювчиларни бу қадар улуғламаган бўларди”.
Бу нафақат Симона де Бовуарнинг аламли эътирофлари, балки классик феминизм вакилларининг ҳам сўзларидир. Сабаби “Иккинчи жинс” асарининг чоп этилиши ғарб оламидаги аёлларнинг дунёқарашини ўзгартириб юборди.
Дарҳақиқат, XX аср аёллар учун том маънода ҳодисалар асри бўлди. Турли қонли инқилоблар, жаҳон урушларига қарамай, улар ижтимоий-сиёсий ҳаётда эркаклар билан тенглик ҳуқуқига эга бўлдилар. Бу тенглик ҳар иккала жинс ҳаётида янгидан-янги муаммоларни келтириб чиқаргани чин, бироқ у янгидан-янги имкониятларни берганлиги ҳам ҳақиқатдир.
Минг йиллар давомида эркаклар белгилаб берган мақомга қарамай, бугун аёлларнинг ўз-ўзини англаши, том маънода ҳар қандай стреотип ва ёрлиқлардан мустақил ҳаётда ўз ўрнини ўзи белгилаш жараёни аста-секинлик билан ўзгармоқда. Бу жараён жамиятда устувор бўлган баъзи қадриятларнинг ўзгаришини, алмашинишини, ҳеч бўлмаганда уларнинг қайта баҳоланишини талаб қилади, албатта. Аммо масала шундаки, ушбу эврилишларни ахлоқий нормаларнинг инқирози сифатида эмас, балки ижтимоий зарурат ўрнида баҳолаш мақсадга мувофиқ. Мисол учун, бундан деярли юз йил олдин аёлларнинг ижтимоий ҳаётдаги ўрнини бугунги кун билан таққослаб бўлмайди. Яхшими, ёмонми бугун биз қабул қилаётган қадриятлар, ахлоқ стандартлари юқорида айтилган ўзгаришлар ва ижтимоий заруратлар сабаб юзага келди. Бас, шундай экан, Симона де Боуар таъбири билан айтганда, замонлар ўтгани сайин аёллар ҳақидаги тасаввурлар ўзгариб бораверади.
Табиийки, биз бугун узоқ келажакдаги XXII–XXIII асрлар ҳақида тасаввур қила олмаймиз, ким билсин, эҳтимол, у даврларга келиб нафақат аёлга, балки умуман инсон моҳиятига нисбатан қарашлар мазмун ва шакл жиҳатдан мутлоқ ўзгариб кетар. Бироқ, нима бўлганда ҳам, инсониятнинг тафаккур тараққиёти давомида аёллар ўз тарихларини ўзлари яратишларининг тарафдоримиз.
«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 5-сон