ХХI асрнинг катта муаммолардан бири бу – атроф-муҳитнинг ифлосланиши ҳамда иқлим исиши билан боғлиқ ҳолда экологиянинг глобал тарзда бузилишидир. Экологик инқироз давомийлиги ва талофат кўламига кўра турли хил кўринишда юз беради. Айримлари бир неча кун ичидаёқ содир бўлиб, тезкор талофатларни келтириб чиқарса, баъзиларининг юзага чиқиши учун миллионлаб йил керак бўлади. Шунингдек, экологик инқироз бирор ҳудуд доирасида ёхуд глобал миқёсда бўлиши мумкин.
Ўтмишдаги музликлар, сувликлар даври ва улар ўрнини эгаллаган янги иқлим шароитлари ҳамда улар олиб келган ўзгаришларни таҳлил қиладиган бўлсак, мазкур даврларда флора ва фауна оламининг айрим турлари қирилиб, ўрнини янги навлар эгаллаганини кўришимиз мумкин. Ҳозирга қадар инсон зотининг Ер юзида яшаб қолишига жиддий таҳдид солувчи экологик инқироз юз бермаган бўлса-да, лекин бугуннинг энг катта глобал муаммосига айланган иқлим исиши ҳамда у келтириб чиқарган ва чиқараётган асоратлар бу ҳолга жиддий қарашни тақазо этади.
Биз бугунги мақоламизда айни шу глобал муаммо атрофида фикр юритмоқчимиз.
Муаммонинг бош сабаби
Атроф-муҳит ифлосланиши, натижада иқлимнинг глобал тарзда исишига асосий сабаб табиий ёқилғи заҳираларининг катта ҳажмда истеъмол қилинишидир. Замонавий дунёда инсоният «иштаҳаси очилиб боргани» сари нефт, кўмир, газ каби ёқилғилар истеъмолига бўлган талаб ҳам ошиб бормоқда ҳамда улар кўр-кўрона ва тартибсиз равишда ўзлаштирилиб, атроф-муҳитга катта зиён етказилаяпти.
Аввало, мазкур ерости заҳираларидан бўшаб қолган конлар мутлақо яроқсиз ва соғлиқ учун зарарли чиқинди ерларга айланиб қолиши билан атроф-муҳит учун хавфлидир. Ёқилғилардан фойдаланиш оқибатида атмосферага чиқаётган иссиқхона газлари етказаётган зарар кўлами эса ундан ҳам катта. Заводлардан кўкка ўрлаётган заҳарли тутунларнинг аниқ ҳисобини билиш имконсиз. Кунига миллионлаб тонна чиқиндилар эса оқава сувларга қўшилиб, сув ҳавзаси ҳайвонот олами учун ҳам улкан офат манбаи бўлиб хизмат қилмоқда. Очиқ ҳудудларга ташланаётган чиқиндилар эса катта-катта ерларда ахлат уюмларини ҳосил қилаяпти. Буларнинг барчаси дунё об-ҳавосининг меъёрдаги даражадан кўтарилишига сабаб бўлмоқда.
Асоратлар бўй кўрсата бошлади
Глобал иқлим исиши асоратлари аллақачон ўзини намоён қилишга улгурди. Тўфонлар, бўронлар ҳамда қурғоқчилик офатларининг тез-тез учраётгани айни иқлим исиши оқибатида юзага келаётир. Ўтган асрнинг иккинчи ярмида саноати ривожланган мамлакатларда иссиқхона газларининг катта миқдорда ва бетартиб тарзда атмосферага чиқарилиши озон қаватининг тешилишига олиб келди. Натижада Қуёшнинг инсон учун зарарли бўлган нурлари мазкур тешикдан ўтиб, инсоният учун хавфни юзага келтирди. Жаҳон ҳамжамияти бундан жиддий ташвишга тушиб, иссиқхона газлари миқдорини камайтириш учун лозим бўлган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарурлигини англаб етди ҳамда бу борада қилинган амалий ишлар натижасида мавжуд хавфни маълум даражада жиловлашга муваффақ бўлинди.
Иқлим исиши абадий музликлар диёри бўлган Арктикага ҳам етиб борди. Бу ердаги улкан музликларнинг эриши уммонлардаги сув сатҳининг кўтарилишига сабаб бўляпти. Айни ҳолат океан қирғоқларида қад ростлаган шаҳарлар учун хавф туғдирмоқда.
Атроф-муҳит ифлосланиши билан боғлиқ яна бир муаммо бу тоза ичимлик сувининг танқислигидир.
Статистик маълумотларга кўра, айни пайтда дунёнинг камида 1 млрд. аҳолиси тоза ичимлик суви ичиш имкониятига эга эмас. 1990 йилдан бери тоза ичимлик сувини истеъмол қилувчилар сони 1,6 млрд. кишига ошган бўлса-да, лекин бу неъматга ташналар сони ҳануз юқорилигича қолмоқда.
Ўтган асрда сувга нисбатан бўлган талабнинг ошиши аҳоли ўсишига нисбатан икки баробар юқори бўлди. Ҳали дунёда сувсизлик муаммоси очиқ кўзга ташланмаган бўлса-да, лекин Ер юзи аҳолисининг 2,8 миллиарди ёки бошқача қилиб айтганда, жами ер юзи аҳолисининг 40 фоизи сув танқис бўлган ҳудудларда яшайди. Айни ҳолат эса мавжуд сув ресурсларидан тежаб-тергаб фойдаланишни тақозо этади.
Тоза ичимлик суви борасидаги муаммоларга, асосан, Африка қитъасида яшовчи инсонлар кўпроқ дуч келмоқда. Бу минтақа сув ресурсларининг ҳудудлар ўртасидаги тақсимотида жиддий номутаносиблик бор. Масалан, Шимолий Африкада аҳолининг 92 фоизи тоза ичимлик суви истеъмол қилиш имкониятига эга бўлса, саҳро минтақасидаги Африка давлатларида бу кўрсаткич 60 фоизга ҳам етмайди.
Чоралар кўрилмоқда, бироқ…
1987 йили қабул қилинган Монтреал Протоколи асосида ниҳоят озон қаватининг тешилишига катта ҳисса қўшаётган айрим кимёвий моддаларнинг атмосферага чиқарилиши тақиқланди. Натижада бундай газларнинг миқдори 96 фоизга камайди. Бундан ташқари, ҳозирда иқлим исиши ва озон қавати тешилишида муҳим рол ўйновчи яна бир модда – карбон диоксиди газини тақиқлаш борасида ҳам амалий музокаралар олиб борилмоқда. 2007 йили дунё мамлакатлари ҳукуматлари йиғинида 10 йил ичида карбон диоксиди газларининг чиқарилишини бутунлай тўхтатиш борасида келишув имзоланди.
Чўллашиш хавфи юқори бўлган ҳудудларда дарахтлар экиш ва ўрмонлаштириш ишлари ҳам ижобий натижалар бермоқда. Масалан, Покистоннинг Тал чўл ҳудудида бир неча ўн йил олдин дарахт экиш ишлари бошланган эди. Ҳозир мазкур ҳудуд умумий майдонининг 30 фоизи кўкаламзор масканга айланди. Бу 2,5 млн. гектар ерни чўлланишдан асраб қолиш демакдир. Нигерияда ҳам кенг кўламдаги ўрмонлаштириш мамлакатда қурғоқчиликнинг камайишига сабаб бўлмоқда.
Атроф-муҳит экологиясини асраб-авайлашда 2000 йили қабул қилинган БМТ Мингйиллик Ривожланиш Мақсадлари (МРМ) катта ўрин тутади. Атроф-муҳитни асраш ҳамда тоза ичимлик суви етказиб бериш мазкур резолюцияда 7-мақсад сифатида рўйхатга олинган. Бу муҳим масала ижроси юзасидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш учун глобал миқёсда ҳар йили камида 10 млрд. доллар маблағ сарфланиши режалаштирилган. Айни мақсад доирасида чўллашишнинг олдини олиш ҳамда чўллашиш хавфи юқори бўлган ҳудудларни ўрмонлаштириш ҳам кенг доирада ижро этилмоқда. 2000 – 2005 йиллар орасида олиб борилган айни чора-тадбирлар доирасида чўллашишнинг глобал йиллик кўрсаткичи 8,9 млн. гектардан 7,3 млн. гектарга камайишига эришилди.
Ўзбекистонда экологик вазият
Юртимизда экологияни асраб-авайлаш, атроф-муҳит озодалигини асраш масалаларига катта эътибор бериб келинмоқда. Ўзбекистоннинг энг катта экологик муаммоси Орол денгизининг қуриб боришидир. Орол денгизининг экологик фалокат ҳудуди, шунингдек, Қозоғистон, Туркманистонни ҳам қамраб олади.
Айни вақтда Ўзбекистонда 301 ўсимлик ва 184 та ҳайвон тури “Ўзбекистон Қизил Китоби”га киритилган.
Экологик барқарорликни таъминлаш учун Ўзбекистон ҳукумати бир қатор стратегик дастурларни ишлаб чиққан. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси атроф-муҳит гигиенаси бўйича миллий ҳаракат дастури, биологик ранг-барангликни сақлаш бўйича Миллий стратегия ва Ҳаракат режаси, Қурғоқчилик ва чўлга айланишга қарши кураш бўйича Миллий ҳаракат дастури, Атроф-муҳит муҳофазаси бўйича Миллий ҳаракат дастури каби бир қатор режалар қабул қилинган бўлиб, улар асосида юртимиз экологиясини асраб-авайлаш борасида қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
БМТ агентликлари тизими ҳам Ўзбекистоннинг табиий заҳираларини барқарор ривожлантириш мақсадида атроф-муҳитдан фойдаланишни самарали бошқаришга ва уни муҳофаза қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларни бир қатор лойиҳалар орқали қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Хусусан, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати экологик муаммоларни ҳал этишга йўналтирилган қатор стратегик ҳужжатларни ишлаб чиққан. 2000 – 2010 йилларга мўлжалланган даврда қишлоқ аҳолисини ичимлик суви ва табиий газ билан таъминлаш давлат дастури бу борада муҳим амалий аҳамиятга эга. Айни мақсад йўлида ҳам БМТ тизими агентликлари ва бошқа халқаро ташкилотлар сув заҳираларидан унумли фойдаланишда Ўзбекистон билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Юртимизда барқарор ривожланиш кўрсаткичига эга бўлиш бош мақсад сифатида белгиланган. Барқарор ривожланиш шундай тараққиёт йўлики, унда бугуннинг манфаатлари йўлида келажак авлод эҳтиёжларининг қондирилиши хавф остига қўйилмайди.
Ким айбдор?
Аччиқ ҳақиқат шундаки, глобал исишга энг катта ҳисса қўшаётган давлатлар бу ривожланган саноат мамлакатларидир. Ер, сув ва ҳаво ифлосланишида энг катта улушга эга бўлган ўлкалар ҳам айни шу мамлакатлардир. Лекин улар яратаётган муаммо учун иссиқхона газларини деярли чиқармайдиган Африка каби қашшоқ ҳудуд мамлакатлари жабр кўришига тўғри келяпти.
Африка қитъасининг глобал исишдан энг кўп зарар кўраётган ҳудуд экани бугун ҳеч ким учун янгилик эмас. Иқлим ўзгариши бу ердаги шундоқ ҳам жазирама бўлган ҳавони янада иситиб, озиқ-овқат манбалари бўлган экин майдонларини нобуд қилмоқда.
Мутахассислар фикрига кўра, Африка бугунги аҳволидан қутилиши учун иқлим ўзгаришининг қанчалар жиддий муаммо эканини, аввало, ўз халқига тушунтириши керак. Бундан ташқари, муаммо келтириб чиқараётган жиддий асоратларнинг олдини олиш учун катта маблағ керак бўлади. Шу боис уларни инқироздан олиб чиқиш учун бой мамлакатлар ёрдам қўлини чўзиши керак. Бу борада ривожланган давлатларнинг аксарияти сусткашликка йўл қўяётган бўлса-да, лекин улар орасида ёрдам қўлини чўзаётганлар ҳам йўқ эмас. Масалан, Норвегия Танзанияга сўнгги беш йилда иқлим ўзгариши ва ўрмонларнинг йўқолиб бориши муаммоларининг олдини олиш учун 100 миллион доллар тақдим этди. Негаки, Танзания ўрмонлари йўқолиб, чўллашиш даражасининг юқорилиги бўйича Африкада биринчи ўринда туради. Иқлим ўзгариши ва глобал исишга қарши курашда чўллашишнинг олдини олиш эса жуда муҳим. Норвегия Бош вазири Женс Столтенберг айтганидек, “Чўллашиш глобал миқдорда иссиқхона газлари чиқишининг
20 фоизини ташкил қилади” ва бу миқдор шак-шубҳасиз даҳшатли оқибатларни келтириб чиқаради.
Норвегия иқлим ўзгаришининг жиддий муаммо эканини ўз вақтида англаб етган кўринади. У ўз ҳудудини 2030 йилгача карбон газларидан мутлақо холи ҳудудга айлантиришни режалаштирмоқда. Агар барча мамлакатлар (ҳеч бўлмаганда, АҚШ, Хитой, Ҳиндистон каби йирик саноат давлатлари) бу борада шу каби амалий ишларга киришса, иқлим ўзгариши олиб келиши кутилаётган салбий оқибатларнинг олди олинган бўларди. Хулоса қилиб айтганда, глобал исишнинг янада жиддийроқ зарарларини бутун дунё ҳудуди бирдай татиб кўрмасдан олдин ҳозирдан глобал ҳамкорлик чора-тадбирларини амалга оширмоқ лозим.
Беҳзод Мамадиев