Хотирани мустаҳкамлайди. Британиялик олимларнинг сичқонлар устида ўтказган тажрибаларида олманинг хотирани мустаҳкамлаши аниқланди. Уларнинг фикрича, киши кунига уч дона олма истеъмол қилса, исталган ёшда хотираси мустаҳкам бўлиб, кексалик билан боғлиқ паришонхотирликнинг олди олинар экан.
Бундан ташқари, олма қон таркибидаги холестерин миқдорини ҳам камайтираркан. Олма таркибидаги пектин моддаси организмдан ортиқча холестерин чиқиб кетишига кўмаклашади. Кунига икки дона олма истеъмол қилиш қондаги зарарли холестерин миқдорини ўртача тўққиз фоизга камайтиради. Қолаверса, пектин моддаси қанд хасталиги пайдо бўлиши хавфини ҳам камайтиради.
Олма таркибидаги антиоксидантлар саратон хасталикларига қарши яхши ҳимоядир. Бироқ бунинг учун олмани фақат пўсти билан ейиш керак. Негаки, саратонга қаршилик кўрсата оладиган моддаларнинг аксарияти айнан олма пўстидадир.
Умрни узайтиради. Мунтазам равишда олма истеъмол қилувчилар олма емайдиганларга қараганда 17 йил узоқроқ яшайди. Бунинг боиси олма таркибидаги катехин полифенолида экан. Бу модда иммунитетни ошириб, қон айланишига самарали таъсир кўрсатади ва умуман юрак-қон томир тизимини яшартиради. Олимларнинг ҳисоб-китобига кўра, кунига бир донадан олма еб юрган кишиларнинг юрак-қон томир тизими олмани хушламайдиганларга қараганда 17 йилга ёш бўларкан. Олма тиш эмалини тозалаб, милкларни массаж ҳам қилади. Бироқ олмада органик кислоталар кўплиги боис улар тиш эмалини емириши мумкин. Шу сабабли олмани еб бўлгач, оғизни сувда чайган ёки сақич чайнаган маъқул.
Олма қанча нордон бўлса, демак, таркибида С дармондори шунча кўп бўлади. Агар олмаларни мум қоплаган бўлса, қўлингиз ёғланади, шу сабабли истеъмол қилишдан олдин уларни яхшилаб ювиш зарур. Агар олма ҳид таратмаса узоқ сақланган ва ширасини йўқотган бўлади.
Ивитилган олмада дармондори кўп сақланади. Бунинг учун текис олмаларни саралаб, яхшилаб ювиб, идишга қат-қат қилиб териб чиқиш керак. Бир литр сувга бир ярим қошиқ шакар, икки қошиқ асал, озгина туз солиб қайнатиб, сўнг совутилган сироп тайёрлаб олинади ва терилган олмалар устидан қуйилади. Олмалар устини оғир ёғоч кружка билан бостириб қўйинг. 3-4 кун ичида олма ўзига суюқликни сингдириб олгач, сироп сатҳи пасаяди. Яна сироп қуйиб олма устини суюқлик билан тўлдиринг. Суюқлик ёғоч кружка устидан 3-4 сантиметр кўтарилсин. 30-40 кундан сўнг олмалар тайёр бўлади.
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳафтасига икки-уч марта балиқ истеъмол қилишни тавсия этади. Чунки олимларнинг айтишича, балиқ саломатлик учун бетакрор неъмат. Тиббиёт фанлари номзоди Ч.Дербеневанинг таъкидлашича, ҳафтасига икки марта балиқ истеъмол қилувчиларда юрак хасталиклари пайдо бўлиш хавфи 30 фоизга камаяр экан.
Денгиз ва дарё балиқларининг асосий қиммати уларнинг гўшти таркибидаги ярим тўйинган омега-3 ёғ кислотаси. Бу модда қондаги липидлар ва холестерин миқдорини тартибга солиб, атеросклерознинг ривожланишига тўсқинлик қилади, бош мия, юрак ва қон томирлар ҳолатига самарали таъсир кўрсатади. Тўрт соат мобайнида ҳазм бўладиган ҳайвонот гўштларидан фарқли равишда балиқ таркибида 15 фоиз миқдорида организмга енгил сингадиган оқсиллар, шунингдек, йод, марганец, мис, рух, фтор каби моддалар алмашинуви учун бетакрор ноёб микроэлементлар мавжуд. Олимлар таъкидлашича, энг арзон балиқлар ҳам фойдали бўлиб, қатор хусусиятларига кўра қиммат навли балиқлардан қолишмас экан.
Ренат Акчурин, академик, юрак жарроҳи:
— Сўнгги пайтларда касал бўлмаслик ва узоқ яшаш имконини берадиган сирли неъматларни излаш урфга айланди. Ишонч билан айта оламанки, бундай неъмат амалда мавжуд эмас. Бироқ шунга қарамасдан фойдали маҳсулотлар, хусусан, юракка нафи бор таомлар, албатта, мавжуд. Юрак учун энг фойдали неъматлардан бири — балиқ. Ўтказилган клиник тадқиқотларда ҳафтасига икки марта балиқ истеъмол қилиш юрак хасталиклари ривожланишини 30 фоизга камайтириши исботланди. Балиқнинг яна бир ноёб хусусияти шундаки, унинг таркибидаги тўйинмаган ёғлар истеъмол қилинган маҳсулотлардаги зарарлар таъсирини йўққа чиқаради. Қуруқ мевалар, хусусан, ўрик ва майиз ҳам жуда фойдали. Улардаги юракка зарур микроэлементлар организмга енгил сингади.
40 ёшдан кейин гўшт маҳсулотларини умуман истеъмол қилмаслик, уларни аста-секин сабзавот, мева ҳамда бўтқалар билан алмаштириб бориш мақсадга мувофиқ.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 51-сонидан олинди.