Санжар Турсунов. Сангардак қўшиғи

Улкан дарёлар ҳам кичкина ирмоқдан бошланиб, ирмоқлар эса қордан озиқ олади. Дарахт кўкка интилади. Бироқ, пишган мевасини ерга туп этиб тўкади. Арчалар минг йилдан буён шамол билан тиллашади. Ҳув, елкасини осмонга тираб турган тоғлар кундузи қуёшни, кечаси ой-у юлдузларни елкасига миндириб юради. Худди боласи ё набирасини елкалаб олган отахон сингари. Момоларнинг рўмоли янглиғ ёқимли ис таратувчи кенг ва адирликларда йилқилар, қўй-қўзилар, тоғнинг қатларида эса кийиклар ўтлайди.
Бир қарашда қалъа дарвозасини эслатгувчи мана бу тоғнинг тепасига қарайман десанг, дўппинг ерга тушади. Мен бу тоғларни ака-укагами, ота-болагами ёки меҳмонни кузатаётган мезбонгами ўхшатгим келади. Мана, бири қўлига сув қуйяпти, бири қўл ювишга чоғланяпти. Билмадим, негадир хаёлимга шу нарса ўрнашиб қолган: Булар эгизак. Бирининг этагидан сув оқиб ўтса, бирининг кўксидан сачраб чиқади. Бу мўъжиза эмасми?
Тилингиз чиққан кунни эслолмайсиз. Чунки у вақтлар эс бўлмайди-да.
Биринчи берган саволингиз ҳам эсингизда йўқ.
Осмонга боқиб, қуёш билан ойни ҳам тушунмагансиз. Бири чиқса ёруғлик, бири кетса қоронғулик.
Отангизни елкасига қачон миниб олгансиз? Буям эсингизда йўқ.
— Дада, мени тоққа олиб боринг.
— Осмон нима дегани?
— Нега қуёш дейдилар?
— Отга миндиринг…
— Катта бўлгим келаяпти…
Кўчани чангитиб юрган ҳар боланинг тилида, дилида шу савол бўлса не ажаб: нега осмон дейдилар?
Шунга ўхшаш савол бера бошлаганимизда, сал бўлса-да, эсимиз кириб, кўча чангитиб юришдан тийилган бўламиз. Зеро, ўйини ўйимизда, лекин саволлар ҳам худди бобомизнинг қалин соқоли янглиғ шунчалик кўп эди-да.
Мен денгизни яхши кўраман, аммо булоқни севаман. Денгизнинг тўлқинларига мафтунман, бироқ булоқнинг шилдириши юрагимда какликларни сайратади.
Бу таърифларнинг барчаси Сурхон воҳасининг тоғли ҳудудларидан бири бўлмиш Сангардак деган сўлимгина қишлоққа аталган. Тоғларида қишу ёз, баҳору куз какликлар сайрайди. Боғларида кузнинг кеч кунларигача дарахт шохида олмалар бўлади. Баҳорда дарёлар тошади, қорлар эрийди, селлар келади. Худди ўн саккиз ёшли йигитча каби дарёларнинг кучи билагига сиғмайди. Ёзида ҳам дарё катта бўлади, бироқ сал тиниқлашади. Ўттиз ёшли оғир-босиқ одам сингари. Кузида сувлар докадай майин тортиб қолади. Элликдан ўтиб, оқу қорани таниб олган одам янглиғ секин оқади. Ҳатто, биринчи синф ўқувчиси ҳам уни менсимай кесиб ўтади. Қишда эса… музлайди. Усти муз, пастида сув оқиб тураверади. Юзи кулиб турса-да, қариликка чора тополмай қалби азоб чекаётган отахон мисол.
Сангардакнинг шаршараси ниҳоятда машҳур. Баҳордан то кеч кузгача одам аримайди. Худди бозорга ўхшаб гавжум. Барчанинг қалбида ширин бир энтикиш, она табиатга тасанно. Яратганга шукроналик ва жаннатмакон юртимизнинг шундай гўшалари борлигидан қалбинг фахрга тўлади.
Сувнинг ўйнашини, рақсга тушишини кўрганмисиз? Сангардак шаршараси шундай рақсга тушади. Димоғингизда истаган куйингизни ҳиргойи қилиб шаршарага тикилсангиз, у сизни эшитган каби рақс туша бошлайди. Агар унга мафтунлигингизни ошкор этсангиз, у бошингиз узра камалак ясайди, томчиларини юзингизга сепиб шўхлик қилади. Бепарволик қилсангиз шамол билан юзингизга чанг солади.
Булар ривоят ёки афсона эмас. Кўрганим, билганим ва ҳис қилганларим. Бир неча марта қўшиқ айтиб шаршара рақсини кўрганман. Мафтунлигигимни билдириб, сочларимни силатганман. Ва яна бир марта юзимга чанг солдирганганман. Одамни тушунадиган шаршара бу.

* * *

Бу боланинг ўйиндан бошқа ўйи йўқ эди. Мактабдан кела солиб, овқат ҳам емасдан, онасининг кўзини пана қилиб, қўлбола ўқ-ёй олганча тутзорга ошиқарди. Бўлмаганда учта қушнинг ёстиғини қуритар, кейин танишларига қилган “қаҳрамон”лигини узоқ мақтанарди. Бир куни чиройли қушнинг кўзини нишонга олди. Хаёлида минг битта ўй. Шу чоғ, кутилмаганда қулоғига бир бало келиб тегди. Тамом. Чингиллаб кетди. Худди тоғнинг парчаси келиб теккандек оғриқ берди. Бола ўгирилиб қараганди, Олим синфдошининг отаси, кўзлари ғазабдан ёниб, шундай деди:
— Отангга айт, оталик қўлидан келмабди…
Бола қишлоқни бошига кўтариб, йиғлаганча уйи томон чопди. Бор гапни пиқиллаб айтаётганди, бир маҳал отаси ўрнидан ирғиб туриб, боғ томон ўтиб кетди. Бола: “Мени урганинг учун адабингни ейсан”, деб пичирлади. Аммо отаси бир хивчин кўтариб келиб, болани шир яланғоч қилиб савалади. Бола ўша воқеани тушуниб етгунча йигирма беш йил яшади. Англаганида ўша хивчинни қанчалар яхши кўриб қолганини ич-ичидан ҳис этди. Ўша хивчин сабаб қуш-ку қуш, чумолига ҳам озор бермайдиган бўлиб улғайди-да. Менинг Сангардагимда бу сени боланг, бу менинг болам деган тушунча йўқ. Яхши бўлса бошига кўтаради, шўх бўлса эркалаб, ҳаддидан ошса бир тарсаки билан тарбиялаб қўяди. Негаки, улар бир-бирига жондош, қариндошу қондош ва тупроқдошлигини, биринчи синф боласидан тортиб, тўқсон ёшли бобо ҳам яхши билади. Ош қилганда тўртта улфатини чақирмаса татимас, қўшнисига бир кун таом чиқариб қўшничилик удумини ўрнига қўймаса, юраги ғаш бўлади. Бир тандир нон ёпса, етти қўшнига илинади. Гоҳи ўйлаб қоламан: бу одамлар меҳрнинг фарзандларими ёки меҳр улардан андоза олганманмикан?
Сангардак одамларининг дилида ғайрат, қўлида қудрат бор. Улар кўз очгунча тошлоқ жойдан ҳам боғ барпо эта олади. Боғнинг ташвиши эса сочидан-да, юзидаги ажинидан-да кўп. Аммо қувончи барчасидан бисёр.
Одамларнинг бир-бирига қилган ҳазиллари… Дейдиларки, бир тўйда ошпазга гуруч ёқмабди.
— Бор менинг дўконимдан икки қоп гуруч олиб кел. Пулини топганда берасан, — дебди ошпаз.
Тўй эгаси кўринишидан соддагина бўлса-да, анча пишиқ экан. Укасини чақириб:
— Гуручни машинага ортгину кўчани бир айланиб кел. Кейин ошпазга уйингиздан опкелдим, дегин, — дебди. Ука ака айтганини қилади. Гуруч халтани очган ошпаз:
— Мана, бу энди гуручнинг зўри, — деб ишни бошлаб юборибди.
Ошпаз ҳаммасини билиб турган, лекин тўйдорнинг хурсандчилиги учун, қилган ҳазилидан изза бўлмасин деб, шундай деганини орадан анча вақт ўтиб айтганига нима дейсиз? Ҳа, улар ҳазилниям, хизматниям қотиради. Шундай бир-бирига қадрдон одамлар билан бир тупроқ устида, улар ўтган кўчаларда ялангоёқ чопиб юрган мендай бола қандай қилиб яхши кўриб қолмаслигим, ҳатто саратондаям бир кунда уч маҳал ёмғир ёғиб, қуёш чиқадиган қишлоқни қандай севмаслигим мумкин. Сангардакликларнинг орзую мақсадлари боғидаги олмаларидан-да кўп.
Ўрмонда адашиб қолган одам қандай қилиб бўлмасин уйига қайтишни орзу қилади. Эрталаб боғигами, даласигами кетаётган одам қуёш ботгач уйга қайтишга ҳозирланади.
Бу-ку, майли, бирор жойга меҳмондорликка борса, ярим тун бўлса ҳам уйига қайтган момомизга, “Ётсангиз бўлмайдими”, десак: “Уйимни соғиндим”, дейди.
Ўрмонда адашган одам нега уйига қайтишни истайди? Ахир ўрмон ҳам юртининг бир ҳудуди-ку. Деҳқон боғу даласидан даромад кўради, лекин у ҳам кеч бўлганда уйига қайтади. Ундан кўра осмонга термулиб, далада ётса бўлмайдими?
Чунки уй унинг Ватани. Ватан — сен таниган ва сени таниганларнинг гўшаси. Сени тушунган ва сен ҳам ҳис қилганларнинг макони. Ватаннинг миллионлаб одами бўлади, лекин миллионлаб одамнинг Ватани битта бўлади. Менинг тушунганим шу…
Биринчи муаллимимдан беш баҳо олганимда кўзимдан ёш чиқиб кетаёзган. Чунки, билардим уйга бориб барчадан мақтов эшитаман. Шундай ҳам бўлган. Роса қувонишган. Кейин маълум бўлишича, ўқитувчим отамнинг ошнаси бўлгани учун бешни менга “ҳадя” қилган экан. Ўшанда минг марта икки олганим аъло эди, деб ўкинганман. Аммо, энди ўша беш баҳода бир ҳикмат кўраман: одамлар сенга ишонч беради, токи сен оқламагунингча. Ўша баҳо сабаб доим беш оладиган бўлдим. Ҳа, биринчи муаллимим менга шундай сабоқ берди: “Бугун сенга мен қарзга баҳо қўйдим. Сен шундай бўлки, ҳеч қачон қарзга мақтов ҳам олма. Ҳаммаси ўз вақтида бўлсин…”
Мен яна нима дейин… Ҳар бир одамидан тортиб, тоғи-тошигача менга сабоқ берган қишлоғимни нима деб мадҳ этайин?
Гоҳи телефон қилган онамнинг ҳазин овозига бироз дағал, жиндек зарда билан жавоб бераман. Эртадан кечгача тиним билмаган онам, кечга бориб бетоблигини-да, билмай ухлаб қолади. Телевизорга тикилиб, икки ёстиқни қўлтиғи остига қўядиган отам, онамга бир-икки қараб қўяди. Дилида нималар бор: ўзи ва Худо билади. Нариги хонада компьютер чуқилаётган укам, олис Тошкентни хаёл қилади. Борсам, томоша қилсам дейди, бироқ қўйнингми, сигирнингми бемаҳалда маъраши хаёлини бўлиб, компьютерни ҳам унутиб оғилхонага югуради. Гоҳи сигир арқонидан бўшалган бўлса, гоҳ бирор қўйми болалаган бўлади. Қўзичоқни иссиқроқ жойга қўйган укам, энди Тошкентни хаёл қилмайди: бу қўзи қачон катта бўлади, сал гарангми дейман, чакки бўлди-да, деб хаёл суради, уйқудан тўяр-тўймас тонг отади. Яна ташвиш ва юмушлар бошланади.
У киндик қони тўкилган гўшасини яхши кўради. Унинг муҳаббатига таъриф йўқ. Лекин шу қишлоққа бўлган меҳри, бутун бир мамлакатни севишга қодирлигини, керак бўлса, севаётганини билмайди. Билиб нима ҳам қилди. Севиш ҳам яхшиликдек бир гап. Яхшилик эса элга ошкор қилинмайди-ку.
Мен ҳам қишлоғимни яхши кўраман. Негаки, мен кимни таниган, исмини билган бўлсам, албатта, шу қишлоқдан ўргандим. Шу қишлоқда бобомдан достонлар, момомдан эртаклар эшитдим. Отамнинг сочи қоп-қора эди, энди оппоқ. Иккисиниям шу қишлоқда кўрдим. Шу қишлоқда от минишни ўргандим. Йиқилишниям шунда билиб олдим. Серсавол эдим, аммо ҳар саволимга жавоб топардим. Онам айтмаса отам, отам айтмаса бобом, улар ҳам айтмаса шамолу тоғлар жавоб берарди.
— Она, нега сув ичамиз?
Сарғайган ўт-ўланлар “Бизларга боқ” дерди. Жавоб топардим.
— Энг зўр ким?
Дарё тошганда олиб кетолмаган қояни кўрсатиб: “Ўша” дерди.
— Нега сочингиз оқ, бобо?
Шамол, қуёшга эримай тоғ чўққисида қолган қорга қара, дерди. Кейин қулоғимга шивирларди: “Оқлик улуғларда бўлади”.
Булар менинг саволларим ва топган жавобларим эди.
Бугун тушуниб турибман: мен улкан дарёларга қўшилган бўлсам-да, ўша илк булоғимни унутганим йўқ. Унутмайман ҳам.
Қишлоғимни яхши кўраман. Чунки, у менга ошиқликни, шайдоликни ўргатди. Ошиқ бўлдим. Кичкина қишлоғим сиймосида буюк бир Ватанни севдим. Ўрмон қаер билмайман, билганим уйим — бу Ватаним. Тоғим, далам қаер, буниям билмайман, билганим — яшаётган замину бошимдаги осмоним. Сангардак ҳам юртимнинг бир бўлаги, жонимнинг бир парчаси. Булоқ бўлмаса, ирмоқ, ирмоқ бўлмаса дарё бўлмайди. Бизлар булоқлардан дарёга қўшилганлармиз. Юртимда булоғу ирмоқлар кўп. Аммо, мен билган уммон битта — унинг номи Ўзбекистон! Булоғимиз қанча тиниқ бўлса, дарё ҳам шунча тиниқ бўлади.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 38-сон