Ўсимликлар қайси асосий жиҳати билан ҳайвонлардан ажралиб туради? Улар, аввало, яшил тусда бўлади. Уларга қўйиладиган асосий талаб, айрим истисноларни ҳисобга олмаганда, яшил тусда бўлиши лозимлигидир.
Ўсимликларнинг яшил моддаси — хлорофилл тупроқ ва ҳаводан зарур моддаларни ютиб олади ва улардан яшаш учун керакли бўлган маҳсулот ишлаб чиқаради. Агар ўсимликларнинг бундай хоссаси бўлмаганида, одам ва жониворлар озиқ-овқат йўқлиги сабабли яшай олмаган бўлар эди. Ҳатто жониворлар эти билан озиқланадиган ҳайвонлар ҳаёти ҳам ўсимликлар ҳосил қиладиган моддаларга боғлиқдир. Дарҳақиқат, ўсимлик озуқаси Ердаги ҳаётнинг бошидир, асосидир.
Маълум бўлдики, бу ажойиб яшил модда — хлорофилл одамлар ва ҳайвонларни ҳаёт учун зарур бўлган ўсимлик озуқаси билан таъминлайди. Хлорофилл япроқлар ҳужайрасида, шунингдек, пояси ва гулларида бўлади.
Ўсимлик хлорофилл ёрдамида Қуёш энергиясини ютади ва ундан ноорганик элементларни органик элементларга ёки «ҳаётбахш» кимёвий элементларга айлантиришда фойдаланади. Бу жараён фотосинтез деб аталади. Бу сўз юнон тилидан таржима қилинганда, «ёруғлик» ва «бирикув» маъноларини англатади.
Айрим яшил тусдаги, яъни хлорофиллга эга бўлмаган ўсимликлар ҳам бор. Улар қандай ҳаёт кечиради? Хлорофиллга эга бўлмаган замбуруғлар ва ўсимликлар оиласи ўзига озуқа ишлаб чиқармайди. Шунинг учун ҳам улар озуқани қаердандир олиши керак бўлади.
Бошқа ўсимликлар ёки жониворлар ҳисобига озиқланадиган ўсимликлар паразитлар деб аталади. Агар улар бузилган ўсимлик ва жониворлар қолдиқлари билан озиқланадиган бўлса, бундай ўсимликларни сапрофитлар деб атаймиз.
Инсон хлорофиллни ўсимликлардан ажратиб олиб, ўз мақсадлари йўлида фойдаланиши мумкин. Айрим ҳолларда улар маълум бир турдаги бактерияларни қиради.