Устрицалар дурни қандай қилади?

Тахминан 4000 йил бурун хитойлик аллақандай балиқчи очлигини устрица еб қондирмоққа журъат этади. У бир нечта чиғаноқни очади, айни балиқчи қаҳрабони биринчи бўлиб топган одам бўлса ажаб эмас.

Дурлар ҳам устрица чиғаноғи ички томонини қоплаб турган садаф сингари бир хил моддалардан таркиб топган. Устрицаларнинг бадани жуда юмшоқ, уни ҳимоя қилиш ва бадани силлиқ жойда туриши учун садаф қоплама ажратиб чиқаради.

Чиғаноқ ичига бирор нарса, масалан, қум зарраси кириб қолса, устрица уни садаф билан қатма-қат ўрайди ва у дурга айланади.

Бу табиий ҳолда рўй берса, дур жуда мукаммал шаклга эга бўлади. Аммо инсон устрицаларни дур тайёрлашга ўргата олди. Устрицанинг ташқи қопламаси ва чиғаноқнинг ички қопламаси ўртасига қум зарраси ёки жимитдай садаф солиб қўйилади. Икки-уч йилдан сўнг бу чиғаноқлар сувдан олиб чиқилганда ва очилганда ичида дур турган бўлади. Бу сунъий дур дейилади ва унинг шакли кўпинча мукаммаллик касб этмайди.

Мукаммал дур тайёрлашни японлар ўрганиб олишган. Қўзғовчи нарса устрица баданига киритилади, бундай айтганда, устрица тирик қолиши учун жуда катта эҳтиёткорлик ва аниқлик талаб қиладиган росмана жарроҳлик операцияси ўтказилади.

Топилган дурлар орасида энг каттасининг узунлиги 5 сантиметр ва диаметри 10 сантиметр бўлган. Табиий дур анча қиммат, шу боис одамлар сунъий дурдан фойдаланишади. Французлар жуда чиройли сунъий дур тайёрлашади. Бунинг учун улар ичи бўш шиша мунчоқ олишади ва уни айрим тур балиқларнинг ялтироқ тангачаларидан олинадиган модда билан қоплаб, сўнг мунчоқни мум билан тўлдиришади.